Линклар

Шошилинч хабар
13 апрел 2025, Тошкент вақти: 04:12

Даромад солиғи ва амалдорларнинг тўйи. Ўзбек санъаткорлари учун ўйин қоидалари ўзгармоқдами?


Ўзбекистон халқ артисти ва Маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Ўзбекистон халқ артисти ва Маданият вазири Озодбек Назарбеков.

Ўзбекистонда санъаткорлар учун янги молиявий қоидалар жорий этилиши мумкин. Улар ўз даромадларини тўлиқ декларация қилиши ва расман солиқ тўлаши шарт бўлади.

Ҳукумат буни соядаги иқтисодиётга қарши кураш, дейди. Лекин таҳлилчилар коррупция урчиган, қонунга эмас, тушунчаларга кўпроқ амал қилинадиган жамиятда бу қоидани жорий қилиш осон кечмаслигини айтишади.

"Катта"лар ўзгарган, тизим ўша-ўша

Ўзбекистонда кўплаб хонандалар, актёр ва актрисалар "солиқ", "декларация" деган сўзлар ҳақида журналистлар билан суҳбатдан қочишади. Бу — бир томондан, тизимга ишончсизлик, иккинчи томондан, фаолиятнинг расмийлашмаган қисми ошкор бўлишидан чўчиш билан боғлиқ. Ижодкорларнинг даромад манбалари кўп ҳолларда шаффоф эмас. Ушбу мақолани тайёрлаш давомида биз мурожаат қилган санъаткорларнинг барчаси юқоридаги сабаблар билан ўз фикрини ошкор этишни хоҳламади.

Бир неча йиллардан бери соҳани ёритиб келаётган таниқли журналист, исми махфий қолиши шарти билан, шундай дейди:

“Катталар ўзгаргани билан, тизим ўша-ўша. Тез-тез шахсий байрамларни ташкил қилиб турадиган каттаконлар, эркатойлар бор. Уларнинг кимлигини тушунгандирсиз. Улар артистларга яхшигина тўлашади. Ана шу пуллар ҳақида декларацияда очиқ кўрсатилиб, тегишли солиқ тўланса, оддий одамлар ҳам кўп маълумотларни билиб олган бўларди”.

Аммо таҳлилчилар айнан ана шу — шахсий тўй ва тадбирлардан олинадиган даромадни расмийлаштириш — Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий муҳитда амалга ошиши қийинлигини таъкидлашади. Лекин ҳукумат 2027 йил 1 январдан санъаткорлар учун даромадларни декларация қилиш ва солиқ тўлаш тартибини кучайтирмоқчи. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев 1 апрелдаги матбуот анжуманида айтган:

“Тан олишимиз керак, кўпчилик санъаткорларимиз ўзларининг даромадларини тўлиқ декларация қилмаяпти, солиқ амалларига риоя қилмаяпти. Биз соядаги иқтисодиётга қарши кураш доирасида қарор лойиҳасини тайёрлаяпмиз. Жисмоний шахслар бўладими, юридик шахслар бўладими, ўз даромадларини тўлиқ декларация қилиб, уларни солиққа тортиш”.

Мирзаевга кўра, икки йил давомида санъаткорларга ўз солиқ ҳисоботларини тўғрилаш ва расмийлаштириш имконияти берилади. Кейин эса солиқ текширувлари ва мажбурий ундириш ишлари бошланади. Бу жараённи назорат қилиш учун махсус дастурий таъминот ишлаб чиқилмоқда.

Ислам Сатаров
Ислам Сатаров

Ҳалқаро тоифадаги мусиқий продюсер Ислом Сатаров бу борада Озодликка шундай фикр билдирди:

“Солиқ тўланиши керак. Нимага? Сабаби, бу мусиқий соҳа - кўзга кўринмаган мафия. Тошкентнинг ўзида битта хонанда бир кунда камида 1000 доллардан 4-5 та тўйга боради. Лекин бозорда сабзавот сотганлар шунча пулни бир ойда топмаслиги мумкин, лекин солиқ тўлаб ишлайди. Мен кўпроқ хорижлик санъаткорлар билан ишлайман. Санъаткорларнинг даромадидан ҳаттоки 70%гача солиқ оладиган давлатлар бор. Эсингизда бўлса, актер Жерар Депардье Франциядаги солиқдан қочиб, Россия фуқролигини олганди”.

Иқтисодчи Валижон Тўрақулов ҳам шундай фикрда:

“Ҳамма йил охирида йиллик даромадини декларация қилиши керак. Ривожланган давлатларда шундай. Ютуб’данми, ТикТок’данми, Спотифай’данми, умуман, барчасидан олган фойдасининг солиғини беради. Шундай бўлиши керак. Лекин Ўзбекистонда буни амалга ошириш осон эмас. Чунки, бизда артисларнинг ишлаш услуби қонунларга мос эмас. Шунчаки, админстратори бўлади, ўша админстратор билан алоқа қилинади, бўлди, шу билан хонанда тўйга ёки тадбирга бораверади”.

Мажбурият ва иддаолар

Бунга қадар Ўзбекистонда санъаткорлар икки хил солиқ тўлаш усулини танлашлари мумкин эди: якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш ёки даромадлар ҳақида декларация топшириш. Аммо давлат анчадан бери декларация тизимини йўлга қўя олмаётган бир пайтда буни санъаткорларга кўлланиш қанчалик ўзини оқлаши ҳам савол туғдиряпти.

Озодлик билан суҳбатлашган журналист солиқ ундиришда ёшларга енгиллик бўлиши кераклигини айтмоқда:

“Солиқ масаласи энди танилиб келаётган ёш хонандалар учун “минус”. Чунки, уларнинг ижоддаги тушуми ҳали зўр эмас. Солиқ йиғиш қандай амалга ошишини билмайман, лекин лицензия тизими каби категорияларга бўлинса, унда мақсадга мувофиқ бўларди. Мен кимнингдир чўнтагидаги пулни санамоқчи эмасман, лекин ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолатни айтиб берай: яқинда Бухородаги оддий бир давлат тадбири учун Ғулом ака (Ўзбекистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов) 6 минг, Юлдуз Усмонова 15 минг АҚШ долларида гонорар сўради. Умуман олганда, санъаткорларнинг даромади ҳақида декларация топшириб, солиқ тўлатиш яхши қадам, асосий гап уни амалга оширишда”.

Лекин гап фақат қўшиқчиларнинг солиғида эмас. Санъаткор деганда актёр ва актрисалар, блогерлар ҳам назарда тутиляпти. Ўзбекистонда театрда ишлаганлар маоши кам бўлгани боис, қўшимча пул топиш учун тўйларда бошловчилик қилишларини, блогерлар билан ҳамкорлик қилиб, “вайн”ларда ўйнаб туришларини яширишмайди. Хонандалар эса концертларни кўп ҳолларда, пулли фойдадан кўра — имидж ва реклама воситаси сифатида ташкил қилишади. Асосий даромади эса тўйдан.

Хонандалар Лола ва Райхон дуэт куйламоқда. Лола (қизил кўйлакда) шу кийими учун фаолиятида айрим тақиқларга учраган.
Хонандалар Лола ва Райхон дуэт куйламоқда. Лола (қизил кўйлакда) шу кийими учун фаолиятида айрим тақиқларга учраган.

Ўзбекистонда санъаткорлар нафақат молиявий, балки ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан ҳам доимий назорат остида бўлиб келган. Улар саҳнадаги ижроси, кийиниши, гапириши ва ҳатто шахсий ҳаётидаги хатти-ҳаракатлари учун ҳам давлат органлари томонидан кузатиб борилади. Бир қатор хонандалар ва ижрочилар расмийлардан рухсатсиз концертлар бериш ёки интервьюларда баҳсли фикр билдириш сабабли лицензияларидан маҳрум бўлган ҳоллар ҳам мавжуд.

Валижон Тўрақулов
Валижон Тўрақулов

“Давлат солиққа тортиш билан қаторда уларнинг ҳуқуқларини ҳам ҳимоя қилишни инобатга олиши керак. Ҳозир шоирларнинг муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ҳолатларга гувоҳ бўла бошладик. Шу каби санъаткорларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишида давлат томонидан қўллов бўлса, яхши эди. Оддий мисол - Ютуб’да уларнинг ижодларини шунчаки кўчириб тарқатганларга чора кўришни кучайтирадиган қонунлар ишлаши лозим. Ривожланган давлатларда шуларга ҳам эътибор қаратилгани учун санъаткорларнинг пули банк ҳисобига тушиб туради. Бизда ундай эмас. Бу масалани йўлга қўйиш маданият вазири Озодбек Назарбековнинг мажбурияти бўлиши керак”, - дейди иқтисодчи Тўрақулов.

Ўзбекистонда шунингдек, санъаткорларнинг давлат байрамларида ва расмий тадбирларда қатнашиш мажбурияти ҳақида маълумотлар бор. Бундан ташқари, хонандаларга мустақил фаолият юритиш ёки концерт ташкил этиш учун ҳукумат органларига, хусусан, Маданият вазирлигига норасмий тўловлар қилиш талаб этилиши ҳақидаги иддаолар ҳам бот-бот тилга олинади. Бу ҳақда соҳани яхши билган журналистнинг фикри:

“Хонандалар тўйларни ҳисобга олмаганда ҳам, ҳар бир гастрол, давлат тадбири, мулозимлар тадбири бўладими, ҳаммасидан яхшигина пул олишади. Аввал давлат тадбирларида бепул куйлашарди, Мирзиёев даври бошлангандан бери пул тўланади. Аниқ бир суммани айта олмайман, лекин тўланади. Ҳар бир тадбирнинг сценарийини норасмий қабул қилиб ёки четга сурадиганлар бор. Тўғри, танилмаган ёки санъати унчалик яхши бўлмаган хонандалар ўзлари пул бериб давлат тадбирида иштирок этган ҳолатлар учраб туради”.

Хуллас, Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб кучга кирадиган янги солиқ тизими таҳлилчилар назарида, ижтимоий назоратдан ташқари, иқтисодий мажбуриятни кучайтириши мумкин. Бу ҳолат санъаткорларнинг эркин ижодига қанчалик таъсир кўрсатиши ҳозирча номаълум.

Айни пайтда артистлар “Ўзбекконцерт”дан лицензия олиб ишлашади. Унинг нархи — категорияга қараб 1 миллиондан 2,7 миллион сўмгача. Қозоғистонда 2015 йилдан буён санъаткорлар даромадидан 20% солиқ тўлайди. Қирғизистонда эса ойлик патент олинади ёки кварталлик солиқ тўланади. Бироқ, барча қўшниларда ҳам санъаткорнинг аниқ даромадини ўлчаш механизми ҳозирча йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG