Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:24

Онаси фоҳишаликка қўшган 7-синф ўқувчисининг ҳомиласи¸ мулозимлар топшириғи билан уйида йўқ қилинди


Фарғона вилоят, Бешариқ туманидаги қишлоқлардан бири мактабининг 7-синф ўқувчисининг беш ойлик ҳомиласини акушер-доя маҳаллий мулозимлар буйруғи билан уйида аборт қилди.

(Озодликка қишлоқ ва мактаб манзили¸ бу жараëнга алоқадор шахсларнинг исми-шарифи маълум. Айбсизлик презумпцияси ва ахлоқ нормаларидан келиб чиқиб¸ улар эълон қилинмаëтир - таҳр.)

Фарғона вилояти ИИБ ходимининг Озодликка 15 август куни билдиришича¸ жорий йил май ойида ҳомиласи туширилган ўқувчи қизнинг 39 яшар онасига нисбатан "Ўзбекистон Жиноят кодексининг 28- 118- моддаси 4-қисми ва 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 4 -қисми “а” бандида кўзда тутилган жиноятни содир" қилганлик бўйича прокуратура айблов хулосаси тақдим қилинган.

Фарғона вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари имзолаган айблов хулосасининг Озодликка юборилган нусхасидан англанилишича¸ тўрт шахс "14 ëшга тўлмаган ожиз аҳволдаги шахсга нисбатан жинсий эҳтиëжини анъанавий ва ноанъанавий тарзда қўрқитиб қондиришда" айбланмоқда.

Ўсмир қиз уйда аборт қилинди

Бешариқдаги мактаблардан бири маъмурияти шу йил баҳорда 7-синф ўқувчисининг сурункали мактабга келмаганидан ташвишга тушиб¸ қизнинг уйига боради ва ўсмирнинг ҳомиладорлигидан хабар топади.

Айни мактаб ўқитувчиларидан бирининг исми сир қолиш шарти билан Озодликка айтишича¸ “бу пайтга келиб¸ 7-синф ўқувчисининг бузилиб кетгани” ҳақидаги хабар ҳамма ëқда тарқалиб улгурган:

- Маҳалла хотин-қизлари билан ишлаш бўйича маслаҳатчи синф раҳбари билан бирга қизнинг уйига бордик. Кейин қиз ва унинг онасини олиб Бешариқ туман ҳокимининг ўринбосари олдига бордик. У киши қизнинг онасини койиди¸ қизнинг ўзи билан суҳбатлашди.Туман ИИБ профилактика инспекторига хабар берди¸ деди шахси очиқланишини истамаган жараëнга алоқадор бешариқлик ўқитувчи.

Озодликка маълум бўлишича¸ бу суҳбатдан сўнг ИИБ профилактика инспектори¸ қиз ўқийдиган мактаб директори ва синф раҳбари қизнинг онаси билан ҳомилани тушириш масаласини муҳокама қилган.

Айблов хулосасида ëзилишича¸ қизнинг онаси "шармандаликдан қўрқиб¸ қизининг касалхонада аборт қилдирилишига қаршилик қилган".

Бешариқ туман марказий шифохонаси врачининг Озодликка айтишича¸ туман ҳокими ўринбосари топшириғига биноан ўқувчи қиз гинекологик текширувдан ўтказилган ва ҳомиланинг 18 ҳафталик экани аниқланган.

Озодлик тасарруфида мавжуд айблов хулосасига кўра¸ бу текширувдан сал ўтиб қизнинг уйига ҳоким ўринбосари ва мактаб директори топшириғи билан доя-акушер келиб¸ 4¸5 ойлик ҳомилани она қорнида ўлдириш учун унга тўрт дона таблетка берган. Айблов ҳужжатида ëзилишича¸ ўғил бола бўлган ҳомила туширилгандан кейин жасадни қизнинг отаси оқ матога ўраб маҳаллий қабристонга кўмиб келган.

Фарғона вилоят ИИБ тергов бошқармаси ходимининг исми айтилмаслик шарти билан Озодликка билдиришича¸ бу ҳолатда бирданига икки жиноят содир этилган:

- Биринчидан¸ 12 ҳафтадан ўтган ҳомилани тушириш мумкин эмас. Иккинчидан¸ бу ишни уйда ташкил қилиш жиноятдир¸ деди ҳуқуқ мулозими.

Воқеа тафсилотларидан яхши хабардор бешариқлик манбага кўра¸ бу иккала жиноят "7-синф ўқувчисининг фоҳишага айлантирилиб¸ ҳомиладор бўлгани овоза бўлишдан қўрққан" туман ҳокимлигининг айрим расмийлари назоратида амалга оширилган.

Анжир дарахти остидаги фоҳишахона

Ўсмир қизнинг уйда ноқонуний тарзда аборт қилингани ҳақида профилактика инспекторидан билдирги олган Фарғона вилоят ИИБ тергов бошқармаси ўтган ой бу воқеа юзасидан суриштирув бошлаган. Тергов давомида бешариқлик 22-36 ëш орқалигидаги тўрт нафар оилали ва болали эркакнинг 14 ëшга тўлмаган қиз билан жинсий алоқа қилгани аниқланган. Айблов хулосасига тикилган ўқувчи қиз кўрсатмасида бу эркакларнинг “анжир дарахти остида зўрлик ишлатиб¸ у билан жинсий алоқа қилгани” тафсилотлари келтирилади.

Айбланувчиларнинг учтаси қизнинг ўз ихтиëри ва онасига пул бериш эвазига розилик билан жинсий алоқа қилгани ҳақида кўрсатма берган. Тўртинчи айбланувчи - мактабнинг адабиëт ўқитувчиси эса умуман бу қиз билан жинсий алоқа қилмаганини ëзиб берган.

Воқеа содир бўлган маҳалла фаолининг Озодликка айтишича¸ ҳомиладор бўлган 14 яшар қизнинг отаси ишсиз¸ оила она ва қизларининг тўй ва маъракаларда идиш-товоқ ювиши ҳисобига топган пулига кун кўради. Бу маблағ тирикчилигига етмагани важидан қизнинг онаси ўз маҳалласида икки қизини пул эвазига эркакларга қўшиб бериш билан ҳам танилган.

Айблов хулосасасида онанинг маҳаллий фермер йигитлар ва мактаб ўқитувчисидан 30 минг сўмдан пул олиб¸ қизини уларга қўшиб қўйганига оид гувоҳлик ва иқрорлик кўрсатмалари бор.

Мулозимлар сукутда

Озодлик юз берган воқеа юзасидан Бешариқ тумани ҳокимлигидан изоҳ сўради. Ўзини ҳоким ўринбосарининг ëрдамчиси деб таништирган мулозим 14 яшар қизнинг уйида аборт қилингани фактини тасдиқлаб¸ кейинроқ қўнғироқ қилишни сўради. Кейинги телефон қўнғироғига жавоб бериб¸ ўзини Бешариқ туман ҳокими Расулжон Жўраевнинг ëрдамчиси деб таништирган мулозим “бу воқеадаги барча айбдорлар қонун олдида жавоб беради" деган изоҳ билан чекланди.

Озозликка билдирилган сўнгги маълумотларга кўра¸ қизнинг онаси судгача ҳибсда қолмоқда; қизни зўрлаганликда айбланаëтган уч нафар фермер йигит ҳам ҳибсга олинган. Ўз ўқувчисини пахта даласида зўрлаганликда гумонланаëтган адабиëт муаллими эса тилхат билан уйига қўйиб юборилган.

Фарғона вилояти ИИБ ходимининг Озодликка билдиришича¸ тергов жараëни якунига етган ва яқин кунларда иш судга оширилади.

XS
SM
MD
LG