Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:49

Диний идора ва масжидлардаги МХХ кураторлари иши вақтинча тўхтатилди


Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулепов 17 февраль куни ишдан олинди. Идорадан олинган маълумотга кўра, айнан Тулепов Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ) бу ташкилотдаги куратори вазифасини бажариб келган. Бундан ташқари, тошкентлик бир неча диний хизматчи МХХнинг масжидларга бириктирилган кураторлари ҳам чақириб олинганини айтмоқда.

Айдарбек Тулепов ишдан бўшади

20 февраль куни Озодликка юборилган ҳужжат нусхасида Диний идора раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш учун ариза ёзгани айтилган.

Тулепов 2006 йилнинг баҳоридан буён идора раисига ўринбосарлик қилиб келаётган эди.

Озодликка келиб тушган ҳужжат нусхаси, 20-февраль, 2018-йил
Озодликка келиб тушган ҳужжат нусхаси, 20-февраль, 2018-йил

Диний идора Тошкент шаҳар вакиллигида ишлайдиган мулозимнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Тулепов МХХнинг идорадаги вакили бўлган.

"Тулепов Миллий хавфсизлик хизматининг вакили сифатида идорада ишлар эди. Хавфсизлик идораси, биласиз, хавфсизликни сақлайди. У ҳам шу ишни қиларди. Ўз хоҳиши билан аризани ёзди, муфтий қўл қўйди, кетди-да", деди идоранинг Тошкент шаҳар вакиллигида ишлайдиган, исми очиқланишини истамаган мулозим.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ва Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитадан Тулеповнинг ишдан олиниши, унинг МХХ вакили бўлганига оид маълумотларга ҳозирча расман изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

МХХнинг масжидлардаги кураторлари ҳам ишини тўхтатди

Аммо, шахси очиқланмаслигини сўраган диний қўмита расмийларидан бирининг Озодликка айтишича, нафақат Тулепов, балки МХХнинг Диний идора қошидаги масжидларга бириктирилган вакиллари ҳам ишини вақтинча тўхтатган.

"Ҳозир МХХнинг ўзида реструктуризация кетаяпти, биласиз. Шунинг учун, МХХнинг турли ташкилотлардаги вакилларининг ҳаммаси ишини вақтинча тўхтатди. Тўғри, Тулепов соғлигим тўғри келмагани учун, деб ариза ёзди, бу энди алоҳида масала. Лекин, унинг ўрнига бошқа куратор келадими ёки умуман, бунақа кураторлар бекор бўладими - уни ҳозир ҳеч ким билмайди. Ҳаммаси кутилаётган қонунга боғлиқ", деди Диний қўмитанинг исмини очиқламасликни сўраган мулозими.

Ўзбекистон телевидениесида ишлайдиган журналистлардан бири ҳам Тошкентдаги масжидларга жойлаштирган МХХ кураторларининг ўтган ҳафтада чақириб олингани ҳақидаги маълумотдан хабари борлигини айтди.

"Айдарбек Тулепов ишдан кетишидан сал олдин МХХнинг кураторлари чақириб олинди, деб айтишди бизга. Жума намозига борсак, ҳақиқатда ҳам "қулоқлар" кўринмади. Улар жамоага танилиб қолган-ку энди", деди исмини ошкор этмасликни сўраган журналист.

Айни пайтда, Тошкентдаги масжидлардан бирида ишлайдиган имом-ноибларидан бирининг Озодликка айтишича, прокуратура ходимлари шу кунларда масжидлардаги "МХХ айғоқчилари"ни аниқлаш билан шуғулланмоқда.

"Прокуратуранинг одамлари масжидларда юрибди, МХХнинг айғоқчиларини аниқлаяпти", деди исмини ошкор этишни истамаган имом-ноиби.

МХХ ҳақидаги қонун лойиҳаси

Ўзбекистонда кутилаётган "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳаси шу йилнинг 10 октябргача ишлаб чиқилиши лозим. Бу ҳақида шу йилнинг январида эълон қилинган "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" давлат дастури лойиҳасида белгилаб қўйилган.

МХХ ҳақидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш учун масъул идоралар президент девони, МХХ, ИИВ, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлигидир.

Президент МХХни кескин танқид қилди

1991 йилнинг сентябрь ойида тузилган МХХ ўз фаолиятининг 27 йили давомида бирор марта ислоҳ қилинмаган, давлат раҳбарининг танқидига учрамаган ташкилот бўлиб қолаётган эди.

Шу йилнинг 19 январида Сурхондарё вилоятидаги Қизириқ тумани ҳокимлигида вилоят фаоллари билан учрашган президент Мирзиёев илк бор бу ташкилотни кескин танқид қилди.

- Булар ҳали халқнинг қадрига етмаган. Булар ойлик бериш, погон бериш (га лойиқ -таҳр.) бирорта иш қилгани йўқ булар... Нима эмиш, битта ноинсоф, битта районнинг СНБсини бошлиғининг машинасини обгон қипти ҳокимни машинаси, бориб уни қамаб қўйипти. Э, кимсан ўзи сан? Ким санга бу ваколатни берди? Сани погонингни олиб ташлайман керак бўлса! Бу замон ўтиб бўлди Сурхондарëда! - дейди Озодлик ихтиëрига юборилган аудиоëзувда президент жумладан.

Бу чиқишидан 11 кун ўтиб, Президент Мирзиёев 31 январь куни Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовни ишдан олди.

Ўша куни Миллий хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишини ўтказиб, идоранинг айрим бўлинмалари ва ҳудудий бошқармалари фаолиятини танқид қилган президент ташкилот таркибий тузилиши қайта кўриб чиқилишини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG