Россия президентининг Иван ва Владимир исмли икки ўғли бор. Уларнинг онаси собиқ гимнастикачи Алина Кабаева. "Досье" маркази суриштирувидан маълум бўлишича, Путиннинг биринчи ўғли Иван 2015 йилда, Владимир эса 2019 йилда туғилган. Уларнинг фотосуратлари оммага очиқ, аммо журналистлар уларни ахлоқий сабабларга кўра эълон қилишмаётир.
Суриштирув маълумотларига кўра, болалар махсус ҳужжатлар остида яшайдилар, Федерал қўриқлаш хизмати (ФҚХ) ҳимояси остида Путинга алоқадор шахсий самолётлар ва яхталарда саёҳат қилади, жамоат жойларида кўринмайди ва президент қароргоҳларида яшайди.
"Досье" манбаси Путиннинг қароргоҳида ишлаётган шахс бўлган. “У давлат раҳбарининг фарзандлари билан тез-тез учрашиб туради, гарчи улар билан ҳар куни мулоқот қилмаса ҳам, исмини ошкор қилмаслик шарти билан бу ҳақда гапиришга рози бўлган”, дейилади суриштирувда.
Журналистлар аввалроқ Путин ва Кабаеванинг фарзандлари борлиги ҳақида хабар беришган эди. Хусусан, Швейцариянинг Sonntags Zeitung газетаси Путиннинг 2015 ва 2019 йилларда туғилган икки ўғли борлиги, улардан бири Швейцарияда эканлиги ҳақида хабар берган. Шунингдек, Кабаева иккинчи фарзандини Москвада швейцариялик шифокор назорати остида дунёга келтиргани айтилган. Болаларнинг исмлари биринчи марта эълон қилинмоқда.
"Досье" суриштирувига кўра, Иван ва Владимир президент Путиннинг расмий қароргоҳларида яшайди: хусусан, Валдада улар учун махсус ўқув маркази очилган. Энагалар болалар билан ишлайди ва ўқитувчилар English Nanny агентлигининг веб-сайти орқали қидирилган. Украина босқинидан сўнг, улар Россия ҳукумати "дўст мамлакат" деб ҳисоблаган Жанубий Африкадан келган инглиз тили ўқитувчиларига устунлик беришни бошладилар. Иш берувчи шартларига кўра, ўқитувчилар яшаш жойини тарк этиши тақиқланади. Рекламада оила “изоляцияда яшаётгани” айтилган.
Ўқитувчилар болаларнинг ота-оналари билан бевосита алоқада бўлмайди, бошқа ёрдамчилар орқали ишлайди. Бундан ташқари, Алина Кабаеванинг амакиваччаси Оксана Федина болаларнинг онаси сифатида тарбиячилар ва энагалар билан мулоқот қилади. Катта ўғил махсус қурилган майдончада хоккей ўйнайди (баъзан отаси билан), лекин Алина Кабаева ўйинни якка тартибда – ойналар орқасида яширинган қутидан томоша қилади. Шу билан бирга, Иван гўё бадиий гимнастика мусобақаларида қатнашади, аммо бундай мусобақалар қаерда ўтказилиши кўрсатилмаган.
Путиннинг ўғиллари байрамларда тенгдошлари билан мулоқот қилади. Одатда улар Алина Кабаеванинг атрофидаги болалар.
Суриштирув шунингдек, Путин ўғилларининг ўқитувчилари иш ҳақини ММЦ тармоғи ("Мой медицинский центр", собиқ СОГАЗ) клиникалари орқали олишлари айтилади. «Озодлик» радиоси Санкт-Петербургдаги ушбу клиника ҳақида бир неча бор ёзган, хусусан, Сурия, Ливия ва Украинадаги урушда яраланган «Вагнер» аскарлари у ерда даволанган. «Вагнер» асосчиси Евгений Пригожин ҳам унга сохта ном билан келган. Путиннинг кўплаб дўстлари ва танишлари битта клиникада текширувдан ўтишади.
2020 йилдан бери камида 10 нафар хорижлик ўқитувчи ММЦ билан шартнома имзолагани айтилмоқда. Улар таржимон сифатида белгиланган, аммо "ҳар бири малакали тилшунос кутганидан ҳам кўпроқ нарсани олади". Таъкидланишича, Путин фарзандларининг ўқитувчилари деб ҳисобланганлар орасида Жанубий Африка фуқароларидан ташқари Британия ва Янги Зеландия фуқаролари ҳам бўлган.
Суриштирувда Кремлнинг расмий изоҳи йўқ. Путин ҳеч қачон ўғиллари борлигини ошкора тан олмаган. Шу билан бирга, у оиласида у мулоқот қиладиган болалар борлигини бир неча бор айтган. Яқинда у оиласининг кичик аъзолари хитойча ўрганишаётганини маълум қилди.
Форум