Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:29

"Сўх воқеалари"да айбланганлар бошига "қора қоп" кийдириб олиб кетилгани ҳақида кўрсатма берди


Сўх тумани (Фарғона вилояти ҳокимлиги сайтидан олинган сурат)
Сўх тумани (Фарғона вилояти ҳокимлиги сайтидан олинган сурат)

Фарғона вилоят судида шу йилнинг май ойида Сўх туманида юз берган оммавий тартибсизликларда айбланган 22 киши устидан суд жараёни ўтмоқда.

31 май куни Қирғизистон ҳудудидаги ўзбек анклавидаги «Чашма» булоғи устидан қўшни давлат фуқаролари билан юз берган тўқнашувларда ҳар икки томондан ўнлаб одам яраланган.

Маҳкамада иштирок этган сўхликлар ва ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоевга кўра, судга олиб келинган 9 айбланувчи шу кунга қадар ҳибсда, қолган 13 нафари эса, уй қамоғида сақланган.

Бундан ташқари, суд жараёнида қатнашганлар айбланувчилар ҳибсга олиш чоғида бошига "қора қоп" кийдирилгани, номаълум шахслар томонидан қўлга олингани ва «Тез ёрдам» машинасида Фарғона шаҳрига олиб келингани ҳақида кўрсатма берганини айтмоқда.

Жорий йилнинг 31 май куни чегаранинг баҳсли қисмидаги булоқ суви устида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг тортишуви оммавий тартибсизликларга айланиб кетганди. Воқеалардан 3 ой ўтиб, унга алоқадорликда айбланган ўнлаб сўхлик қўлга олинган, 6 нафарига айблов эълон қилинган эди.


Шу йилнинг 22 августида қўлга олинган 19 яшар сўхлик Фирдавс Аҳроров оиласидан олинган маълумотга кўра, маҳкумнинг отаси ва онаси 9 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди биносида ўтган илк мажлисга чақирилган.

Яқинлари қўлга олинганидан кейин Фирдавсни илк бор душанба кунги суд мажлисида кўришгани, унинг аҳволи яхши эканини айтмоқда.

«Судга қўлга олинганларнинг оиласидан фақат 2 киши кириши мумкин, дейишган экан. Фирдавснинг ота-онаси борди. Биринчи куни таништирув бўпти. Кейинги суд 16 ноябрь куни соат 10да бўлади, дейишибди. Фирдавс яхши экан, кўриниши ҳам яхши экан. Бунгача кўрсатишмаган эди. Адвокати кўраётганди, аҳволи яхши, деб чиқаётганди», - деди Аҳроровнинг яқинларидан бири.

Фирдавс Аҳроров шу йилнинг 20 августида «Сўх воқеалари»да айбланиб, қўлга олинган 6 сўхликнинг биридир.

Май ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг баҳсли қисмида жойлашган «Чашма» булоғи устида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Чегарада бошланган даҳанаки можаронинг кейинчалик тўқнашувга айланиб кетишида маҳаллий раҳбарлар, хусусан, Фарғона ҳокимини айблаган норозилар Шуҳрат Ғаниев ва Сўх тумани собиқ ҳокимини тошбўрон қилган эди.

Ана шу воқеалардан 3 ой ўтиб, 22 август кунидан чегарадаги ҳодисага алоқадорликда гумон қилинганларни ҳибсга олиш ҳаракатлари бошланди.

25 августда Бош прокуратура содир бўлган ҳодиса юзасидан, шу йилнинг 1 июнида (чегарада низо бўлган куннинг эртасига – таҳр.) Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Расмий баёнотга кўра, 3 ойлик терговдан сўнг 6 шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Хусусан, фуқаро Хайдаржон Бобохайдаров (блогер) жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 226-моддаси тартибида ушланган ва 2 сентябрь куни қўйиб юборилган.

Ўшанда сўхликлар ва бу тумандаги вазиятни кузатаётган ҳуқуқ фаоллари 6 киши ҳибсда қолаётгани, яна 2 киши 10 кунлик ҳибсдан сўнг озод қилингани, яна ўндан ортиқ одам туман ИИБ ёки Фарғона вилояти прокуратурасига сўроққа қатнаётганини билдирган эди.

9 ноябрь куни суд залига 22 айбланувчи келтирилди. Маълум бўлишича, 9 нафари Фарғона шаҳридаги ҳибсхонадан, қолган 13 нафари эса Сўх туманидан олиб борилган.

Сўхлик фаоллардан бирининг айтишича, маҳкамада 13 нафар сўхликлар сентябрь ойидан бери уй қамоғида сақланаётгани маълум бўлган:

«Бир неча киши уй қамоғига олинганини эшитган эдик. Суд куни 13 киши экани маълум бўлди-да. Уларни Сўх туманидан Фарғонага олиб боришган. Уй қамоғидаги болалардан бири айтдики, уларни кейинги душанбадан масофадан туриб суд қиламиз, дейишибди. Анави ҳибсдаги болалар суд залида бўлади, булар онлайн қатнашаркан”.

Ушбу маҳкамада кузатувчи сифатида қатнашишига рухсат берилган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Баҳодир Элибоевнинг айтишича, маҳкамада айбланувчилар ҳибсга олиш чоғида ўзларига нисбатан куч қўллангани ва бошларига "қора қоп" кийдириб, Сўх туманидан Фарғона вилояти марказига олиб кетилгани ҳақида кўрсатма беришган:

“Ҳаммалари бошига қора қоп кийдирилганини айтишди. Баъзиларини номаълум кишилар қўлга олган. Ҳибсга олинганларнинг баъзилари “Тез ёрдам” машинаси, баъзилар вертолётда Фарғонага олиб борилгани ҳақида кўрсатма беришди. Илк мажлис тайёрлов мажлиси бўлди. 16 ноябрдан эшитувлар бошланиши айтилди”.

Озодликка тақдим қилинган айблов хулосасида қайд этилишича, 22 нафар судланувчига Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) айби қўйилган.

Баҳодир Элибоевга кўра, айбланувчилар орасида 2 нафари вояга етмаган, яна бир нечаси ўзбек тилини билмагани учун таржимон сўраган, бироқ таржимонсиз тергов қилинган.

Фарғона вилоятининг қўшни Қирғизистон ҳудудида жойлашган Сўх тумани аҳолисининг асосий қисми тожик миллатига мансуб ва айрим сўхликлар Ўзбекистондан узилиб қолгани боис ўзбек тилини яхши билмаслиги айтилади.


Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилояти Сўх туманининг, Қирғизистон Боткен вилояти Қадамжой туманига туташ Чашма қишлоғида сув устида жанжал чиқди.

Бунинг ортидан юз берган оммавий тартибсизликлар чоғида, Ўзбекистон томонига кўра, Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Ўшанда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати раҳбарлари "Чашма" чегара пунктида учрашиб, зиддиятнинг эскалациясига йўл қўймаслик ва ўзаро тинч ҳал қилишга келишиб олганди.

Сўхда май ойида юз берган тўқнашувлар юзасидан биронта қирғиз фуқароси ҳибсга олингани ёки жиноят иши очилгани маълум эмас.

XS
SM
MD
LG