Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:00

Гулнора Каримованинг адвокати яна Тошкентда. У мижози иши бўйича Тошкент билан “муроса”га эришмоқчи


Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Grégoire Mangeat чоршанба¸ 20 июнь куни яна Тошкентга келди. Швейцариядаги асосан молиявий жиноятларга оид иш бўйича ихтисослашган Mangeat Attorneys at Law адвокатлик ширкати асосчиси ва раҳбари бўлган Grégoire Mangeatнинг бу галги Тошкент сафарида унга ҳамкасблари Fanny Margairaz ва Alice Parmentier ҳамроҳлик қилмоқда.

Швейцариялик учала адвокат 21-22 июнь кунлари 2015 йил августида 5 йилга "озодлиги чекланган"¸айни пайтда қўшимча айблар бўйича тергов амалиëтлари давом этаëтган Гулнора Каримова билан бевосита учрашмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ швейцариялик адвокатларнинг ўз мижози билан учрашишига тўсқинлик йўқлигини билдирди.

Жорий йилнинг 25-26 апрель кунлари ўз мижози билан Тошкентда¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси биносида яккама-якка учрашган Grégoire Mangeatнинг Озодликка айтишича¸ ўзбек расмийлари ўзи ва ҳамкасбларининг 21-22 июнь кунлари Каримова билан учрашиб¸ ўз ишини давом эттиришига рухсат берган.

Бундан аввал Grégoire Mangeat Каримова билан 2016 йил декабрида биринчи марта учрашган ва кейинги бир ярим йил давомида ўз мижозини бевосита кўришга муваффақ бўла олмай келаëтган эди.

20 июнь куни - Тошкентга учиб кетиши арафасида Озодлик билан суҳбатлашган швейцариялик адвокат Ўзбекистон ҳукумати¸ хусусан мамлакат Бош прокуратурасининг кейинги ойларда Каримова ишига нисбатан позицияси ўзгараëтганини олқишлади ва бундай ўзгариш сабабини изоҳлашга уринди.

- Ўзбекистон ҳукумати кейинги ойлар давомида Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган пулларининг бир қисми ëки ҳаммасини олиш учун биз билан ҳамкорлик қилиш лозимлигини тушуниб етди. Улар менга ўз ишимни қилишга имкон бериш ўзларига нисбатан эътирозларни камайтириши ва уларнинг пулни олиш шансини оширишини англаб етдилар. Айни шунинг оқибатида менинг апрель ойида Гулнора Каримова билан учрашишимга рухсат этилди ва бу жараëн жорий ҳафта яна давом этмоқда¸ деди 20 июнь куни Тошкентга учиб кетиши олдидан Озодлик суҳбатлашган швейцариялик адвокат.

Гулноранинг тутқунликда ҳаëти

Grégoire Mangeat Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ тўрт йилча аввал қамоққа олинган Гулнора Каримованинг биринчи икки ярим йил мобайнидаги (отаси – президент Ислом Каримов тириклигида – таҳр.) тутқунликдаги ҳаëти ниҳоятда оғир бўлган.

Адвокатга кўра¸ Гулнора Каримова “Тошкентдан тахминан уч соатлик масофада бўлган қамоқхонада” сақланмоқда.

Гулнора Каримованинг қамоқхонадаги вазияти ва умуман унинг ишига муносабат Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг¸ айниқса¸ МХХнинг ҳуқуқ тизимлари фаолиятидаги ролини кескин камайтирганидан сўнг бироз яхшиланганини эътироф қилган Grégoire Mangeat¸ айни пайтда мижозининг ҳозирги аҳволини ҳам “жуда ëмон” деб баҳолади.

Каримова билан 25-26 апрель кунлари бир неча соат давомида яккама-якка суҳбатлашган Grégoire Mangeat¸ унинг ўз ишидаги мавҳумликдан қаттиқ изтиробда экани¸ ўзгарувчан кайфият¸ чарқоқ ва дори таъсирида бўлгани боис¸ суҳбат давомида диққатини йиғишга қийналганини айтади.

- Аммо у жасоратга тўла ва ўзига қўйилаëтган айбларни инкор қилмоқда¸ дейди жумладан адвокат.

Гулнора Каримованинг қамоқхонадаги шароитини “жуда ëмон” деб таърифлаган адвокат¸ бу масалани Ўзбекистон Бош прокуратурасининг ўзи учрашган масъуллари билан муҳокама қилганини қўшимча қилди.

Каримова адвокати президент Шавкат Мирзиëев билан учрашиш истагида

Grégoire Mangeat Озодлик билан суҳбатда Гулнора Каримованинг қамоқдаги вазиятида жиддий ўзгариш қилиши мумкин бўлган шахс – Ўзбекистон президенти бўлгани боис¸ ҳозиргача икки марта Шавкат Мирзиëев билан учрашишга рухсат сўраганини билдирди.

- Бу¸ ҳимоячи адвокат сифатида¸ менинг шахсий ташаббусим¸ Гулнора мендан буни сўрагани йўқ. Мен унинг қамоқхонадаги шароитини президентга етказмоқчиман¸ унга нисбатан бўлаëтган зўравонлик¸ ишдаги мутлақ мавҳумликнинг қабул қилиб бўлмас ҳолат эканини тушунтирмоқчиман. Ҳимоячи адвокатларнинг иши¸ мижозга нисбатан Ўзбекистонда очилган жиноий иш ҳужжатлари билан танишишга рухсат йўқлигидан¸ ниҳоятда қийин¸ дейди Grégoire Mangeat.

Гулнора Каримова “муросага бориши мумкин”

Бу ишда ҳамма учун мақбул тўхтамга келиш мақсадида¸ ҳозирга қадар ўзига қўйилаëтган айбларни рад этиб келаëтган Гулнора Каримова ҳам “айрим муросага бориши мумкин”¸ дейди собиқ 1-қизни ҳимоя қилаëтган адвокатлар гуруҳи раҳбари.

- Мен ҳимоячи сифатида ўз ишимни бажаришим учун тутқунликдаги мижозимга халқаро стандартларга мос келадиган адолатли шароит яратиб берилиши учун курашаман. Агар Ўзбекистон ҳукуматининг нияти шунчаки Каримованинг бойликларини олиш бўлса¸ биз бунга қаршилик қиламиз ва керак бўлса¸ Страсбургдаги Европа инсон ҳақлари судигача борамиз¸ дейди Каримова адвокатлар гуруҳи раҳбари.

Унга кўра¸ ҳимоячилар гуруҳи халқаро майдонда катта шов-шувга сабаб бўлган Гулнора Каримова иши бўйича ҳам марҳум президентнинг қизи¸ ҳам Ўзбекистон Республикаси учун манфаатли ечим топиш устида ишламоқда ва бу жараëн ниҳоясида Каримованинг қамоқдан озод этилиб янги ҳаëт бошлаши¸ унинг шахсий бойликларининг қайтариб берилишига умид қилмоқда.

Озодлик Гулнора Каримова адвокати суҳбат давомида тилга олган эътирозларга муносабат билдиришни сўраб Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига мурожаат қилди. Матбуот хизмати Гулнора Каримова адвокатининг ўз мижози билан ишлашига тўсқинлик йўқлигини билдириш билан чекланди.

Марҳум президент қизига қўйилган ва қўйилаëтган айблар

2017 йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримова ишига оид тафсилотларни жамоатчиликка очиқлаган эди.

Унга кўра¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.​

Расмий баëнотда айтилишича¸ "Г.Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга қўйидаги жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда".

"Ушбу ҳолатлар бўйича Г.Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168, 178, 182, 189, 228 ва 243-моддалари билан айблов эълон қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган".

Алоқадор

XS
SM
MD
LG