Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:14

Ҳоким фермерларга мажбурлаб соттирган кўчатлар қуриб қолди


Кўкармай қолган кўчатлар
Кўкармай қолган кўчатлар

Хоразм вилоят, Янгибозор туман ҳокими фермер хўжаликларига мажбурлаб соттирган, Туркиядан келтирилган беҳи ва шафтоли кўчатларининг аксарияти қуриб қолди.

Фермерларнинг айтишича, орадан қарийб бир ой ўтаётган бўлса ҳам кўчатларнинг 60-70 фоизи кўкармади.

Ҳар бир донаси 34 минг сўмдан фермерларга ўтказилган кўчатлар, жуда ҳам кеч тарқатилгани ва узоқ вақт музхонада туриб қолгани учун кўкармай қолгани айтилмоқда.

Кўчатларни тарқатган фирма раҳбари ва туман ҳокими Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Янгибозорлик фермерларнинг Озодликка айтишича, тумандаги 180 фермер хўжалигининг ҳар бири 50 донадан кўчат сотиб олишга мажбурланган.

Бу ҳақда Озодлик жорий йилнинг 24 апрель куни хабар берган эди.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, ўтқазилганига қарийб бир ой бўлаётган бўлса-да, кўчатларнинг асосий қисми кўкармади:

“Кўчатларни олиб келиб қатор қилиб эккан эдик, ҳар куни суғориб турдик. Кейин бир неча кун ёғингарчилик бўлди. Афсус, кўчатларнинг 70 фоизи қуриб олди, қолгани ҳам жонсиз, ҳозир зўрға битта-яримта япроқ чиқарди. Бу салқин кунларда шунча бўлган бўлса, эртага жазирамада олиб кетиши ҳам гумон энди. Жудаям кеч беришди-да, кўчатни одатда февраль, кечи билан март ойида ўтқазиш керак. Ундан кейингиси бўлмайди. Биз бўлмайди десак ҳам, ҳоким бўлмаса ерингни топшир деб мажбурлади”.

Кўкармай қолган кўчатлар
Кўкармай қолган кўчатлар

​Ҳокимнинг буйруғи билан 50 та кўчат олган бошқа фермернинг айтишича, ҳокимлик кўчатлар пулини қандай ундириб олиши, ҳозирча номаълум бўлиб турибди:

“Ҳар бир фермерга 1 миллион 700 минг сўмлик кўчат мажбурий ўтказилган. Ҳоким ўтган сафар Озодликка гапирганида интенсив боғ яратиш мақсадида кўчатларни фермерлар ихтиёрий олишяпти, деган экан. Агар ҳоким йилнинг бошида ҳар бир фермер беҳи ва шафтоли кўчатидан интенсив боғ қилсин деганида, биз водийга бориб зўр кўчатларни арзон нархда олиб келиб ўзимиз ўтқазган бўлардик. Ҳозир бизга ўтказилган турк кўчатининг пулига ўзимизнинг маҳаллий кўчатлардан бештасини берарди. Ҳам вақтдан ютардик, ҳам ишончли. Холодильникда музлаб ётган кўчатларни апрель ойида бизга тиқиштирди. Бу пайтда фақат аҳмоқ одам кўчат экади. Энди, бу кўчатлар пулини бизнинг ҳисобимиздан ечиб олишига қўрқиб турибмиз.”

Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Машарипов 24 апрель куни Озодлик билан суҳбатда, бу кўчатлар интенсив боғ яратиш мақсадида Туркиядан олиб келинганини айтар экан, фермерлар кўчат сотиб олишга мажбурланаётганини инкор қилган эди:

- Интенсив боғ қилиш ниятида Туркиядан олиб келинган кўчат. Ҳеч ким мажбур қилингани йўқ, шартнома асосида олиб экишяпти. Яна бир тарафи бор, агар, кўчатлардан бирортаси олмай қолса, кузда ўрнига ўрин яна кўчат берилади. Бу ерда ҳеч қандай мажбурлаш йўқ.

8 май куни Озодлик яна Ўктам Машарипов билан боғланганда, ҳоким саволларга жавоб беришдан бош тортди.

Кўчатларни Туркиядан олиб келган Янгибозор туманидаги ўзбек-турк қўшма корхонаси мулозими Бозорбой Нурметов Озодлик билан суҳбатда шахсини тасдиқлади, аммо Озодликнинг кўчатлар ҳақидаги саволидан кейин Бозорбой Нурметов эмаслигини айтиб, алоқани узди.

XS
SM
MD
LG