Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:57

Наврўздан сўнг COVID-19га қарши оммавий эмлаш бошланади. Эмлаш поликлиникалар зиммасига юклатилди


AstraZeneca вакцинаси
AstraZeneca вакцинаси

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭОЖСХ) аҳолини Astra Zeneca вакцинаси билан эмлаш Наврўз байрами - 21 мартдан сўнг бошланишини эълон қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига (ССВ) кўра, COVAX дастури орқали COVID-19 га қарши бепул 660 минг доза COVISHIELD вакцинаси 17 март куни Ҳиндистондан Тошкентга олиб келинган.

Бу вакцина Буюк Британияда чиқарилаётган Oxford-Astra Zeneca вакцинаси билан айни таркибда, аммо бошқа номда чиқаётган вакцинадир.

ССВ расмийлари, бу вакцина билан эмлаш қатор Ғарб давлатларида кутилмаган ён таъсир, асосан қонни қуюлтириб юбориши ҳақидаги хавотирлар билан вақтинча тўхтатиб қўйилгани Ўзбекистонда инобатга олинаётганини билдирди.

Бироқ эмлашга масъул қилинган қатор оилавий поликлиника (ОП) ва қишлоқ оилавий поликлиникалари (ҚОП) эмлаш ҳамширалари Astra Zeneca вакцинаси етказилиши билан эмлашни бошлаш ҳақида кўрсатма олганини билдирди.

СЭОЖСХнинг вакцина масалаларига масъул мулозими Дилором Турсунованинг Озодликка айтишича, 660 минг доза COVISHIELD вакцинаси Ҳиндистондан Ўзбекистонга бепул олиб келинган.

“Astra Zeneca вакцинаси билан таркиби бир хил, фақат бошқа номда Ҳиндистонда чиқарилаётган вакцина. Ҳозир энди уни бутун республика бўйлаб тарқатамиз. Ҳамма вилоятларда аҳолини эмлаш пунктлари, ҳамшираларимиз тайёр”, деди Турсунова.

Расмийга кўра, республика бўйлаб бу вакцинани ташиш ва аҳолини эмлаш учун инфратузилма - вакцина ташийдиган музлатгич машиналар, сақлайдиган музлатгичлар ва эмлаш пунктлари тайёрланган.

Озодлик ўтган ҳафта Дания, Ирландия, Норвегия, Исландия ва унинг ортидан Ҳолландия ва Болгария AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни тўхтатишга қарор қилгани ҳақида хабар қилганди.

Айни пайтда Ҳолландия Дори-дармон воситалари бошқармаси беморларда салбий ҳолатлар юзага чиқишига айнан шу вакцина билан эмлангани сабаб бўлганига оид далил йўқлигини билдирган.

Дилором Турсуновага кўра, Ўзбекистон ССВ тизими Astra Zeneca вакцинаси билан эмлаш қатор Ғарб давлатларида тўхтатиб қўйилганини кузатиб турибди:

“Кузатяпмиз. Лекин, бу вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия қилинган, бу жуда яхши вакцина. Салбий таъсири ҳақидаги маълумотлар ҳам тасдиқлангани йўқ ҳали. Бунинг устига, бизда эмлаш ихтиёрий, мажбурий эмас”.

Айни мазмундаги баёнот, "Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик" мавзуида Тошкентда ўтган матбуот анжуманида ҳам таъкидланди.

СЭОЖСХ раҳбари, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Баҳодир Юсупалиев айни вакцина билан аҳолини эмлаш Наврўз байрамидан сўнг бошланиши режаланганини маълум қилди:

“Astra Zeneca” (рекомбинант вакцина) билан Европа Иттифоқи ва Буюк Британияда аллақачон 17 миллион киши эмланган. Улар орасида зарарли таъсир қилган деб баҳоланган ҳолатлар миллиондан биттани ташкил қилади. Дунёда бирор вакцинанинг қўллашдан тўхтатиб турилгани у бутунлай зарарли деган хулосага олиб келмайди. Шунчаки ҳозирда унинг таъсирлари борасида чуқур ўрганишлар олиб борилмоқда”.

Юсупалиев билан айни тадбирда иштирок этган ЖССТнинг Тошкентдаги вакили доктор Лианн Куппенс 17 - 18 март кунлари ЖССТ ва Европа Иттифоқи шифокорлари ассоциацияси Astra Zeneca вакцинаси билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиши кутилаётганини эслатди.

Куппенс, Ўзбекистон ССВ тузилмаси раҳбарлари ва жамоатчиликка шу икки йиғилиш натижасини кутишни тавсия қилди, аммо бу натижа Astra Zeneca вакцинасидан фойдаланишни давом эттириш ҳақида бўлишига ишонч билдирди.

Европа Иттифоқининг дори‑дармонлар бўйича масъул идораси сешанба куни “AstraZeneca” вакцинасининг фойдаси эҳтимолий хавфини босиб кетишига “қатъий ишонишини” маълум қилар экан, унинг қон қуюлишига алоқаси борлигига далил йўқлигини таъкидлади.

Айни пайтда, Ўзбекистонда аҳолини COVID-19га қарши эмлаш вазифаси топиширилган оилавий поликлиника (ОП) ва қишлоқ оилавий поликлиникалари (ҚОП) эмлаш ҳамширалари 3 кунлик ўқув дастуридан ўтказилаётганини айтмоқда.

Жумладан, Наманган вилоятининг Чуст туманида ишлаётган икки ҳамшира бугун учинчи машғулотдан ўтганини айтишди.

Ҳамшираларга кўра, уларга ҳозирча тез орада аҳолини Astra Zeneca вакцинаси билан эмлаш бўйича кўрсатма берилган, эмланувчиларга 3 тадан кабина ҳозирланган:

- Ҳар бир кишини эмлашдан олдин врач кўради, битта кабинада. Кейин иккинчисида эмланади. Учинчисида камида ярим соат, имкони бўлса 1 соат врач назорати остида қолади. Уйига қайтганидан кейин ҳам 2 ҳафта патронаж ҳамшира назоратида туради. Ҳозирча энди, чап елкадан вакцина қиласизлар, 2 дозада деб тушунтиришди. Асосийси, эмлаш процедураси тартибига тўлиқ риоя қилиш керак,- деди исмини ошкор қилмаётганимиз ҳамшира.

Хоразм, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги бир неча ОП врачлари ҳам эмлаш жараёнини бошлашга тайёрлигини билдирди.

Аммо, тиббиёт ходимларига кўра, аҳолининг аксар қисми коронавирусга чалиниб бўлгани боис, вакцина олишга қизиқиш паст.

Жумладан, Чилонзор туманидаги ОПлардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз шифокорига кўра, 2020 йилнинг кузида у ишлаган поликлиникага қатнайдиган аҳолининг каттагини қисми грипп касаллигига қарши тақдим қилинган бепул вакцинани ҳам олишга истак билдирмаган:

“Унда коронавирус пандемияси пайтида грипп вирусига чалиниб қолманглар, иккиси бирлашса, оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, деб тушунтириш ишларини олиб борганмиз. Ҳозир энди, менинг чамамда бизни поликлиникага қарайдиган аҳолининг камида 70 фоизи коронавирусга чалиниб бўлди. Балки кўпроқдир. Шунинг учун кўпчилик бу вакцинага қизиқаётгани йўқ. Бунинг устига қонни қуюлтиради, деган хавотир тарқалиб бўлди Телеграм каналларда. Биласизку, ёши катталарнинг кўпчилигида қон қуюлиши бор. Лекин, аҳолига тушунтириш ишларини олиб боряпмиз, шу вакцинациядан ўтмасак, тўхтатиб бўлмайди бу вирусни, деб”.

Наманган вилоят, Чуст туманида 21 минг аҳолига хизмат қиладиган ҚВП бош шифокори ҳам аҳолида бу вакцинага қизиқиш озлигини таъкидлади:

“Кўпчилик врачлар грипп вакцинасини ҳам олмаган. 5 та грипп турига вакцина, деб тарқатилди, олишмади. Ҳозир энди коронавирусга қарши вакцинани олмаймиз, дейишяпти. Назаримда бизда 95 фоиз одам коронавирус билан касалланиб бўлган, энди уларга вакцина ҳам керакмас аслида, тавсия қилинмайди”.

Ўзбекистонда турли даражадаги расмийлар шу кунга қадар 3 вакцина - Хитойнинг ZF-UZ-VAC 2001, Россиянинг “Спутник V” ҳамда Буюк Британиянинг Astra Zeneca вакциналарини тилга олмоқда.

Хусусан, 17 март кунги тадбирда берилган расмий маълумотга кўра, “Спутник V” вакцинасидан 1 миллион доза олиб келиш тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Хитой ва Ўзбекистон ҳаммуаллифлигидаги ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси бўйича ҳам Хитой томони билан музокара давом этаётгани айтилди.

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев 22 февраль куни Олий Мажлисда 8 та хорижий ширкатга 3 миллион доза вакцина учун буюртма берилганини айтганди.

Ҳозирча, биринчи бўлиб, бепул эмланадиган жами 4 млн. 112 минг кишилик рўйхат тайёрланган. Булар асосан, касаллик хавфи юқиши юқори ва ўта юқори бўлган кексалар, хасталар ҳамда тиббиёт ходимлари ва куч ишлатар тузилмалари вакилларидир:

  • 65 ёш — ва ундан катта ёшдагилар 1 613 763 нафар
  • сурункали касалликлари борлар (18−65 ёш) 888 190 нафар
  • ўқитувчи ва мактабгача таълим ходимлари 912 809 нафар
  • тиббиёт ходимлари 447 976 нафар
  • қуролли кучлар ва куч ишлатар орган ходимлари 180 минг нафар

Буларнинг 2 млн. 600 минг нафари Ўзбекистонга халқаро келишув доирасида тез орада бепул бериладиган AstraZeneca вакцинаси билан эмлаш кўзланган.

Қолган аҳоли, мамлакатда катта тарғибот кампанияси остида синовдан ўтказилган Хитой ва Ўзбекистон ҳаммуаллифлигдаги ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси билан эмланадими ёки ҳозирча, фақат расмий баёнотларда тилга олинаётган Россиянинг “Спутник V” билан эмланадими - бу номаълум.

Зотан, Ўзбекистоннинг икки йирик иқтисодий ҳамкори бўлган Хитой ва Россия вакциналари борасида берилган расмий баёнотлар зиддиятли бўлиб қолмоқда.

Аввалига 2020 йил сентябрида Ўзбекистон, Россиянинг "Спутник V" вакцинасига 35 миллион доза учун буюртма берди ва бу расмий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Ҳатто, 2020 йил якунига қадар бу вакцинани Ўзбекистонда ишлаб чиқариш режалари тилга олинди.

Аммо, орадан бир ой ўтиб, расмий тарғибот Хитой вакцинасига кўчди ва Тошкентда бу вакцина 3-босқич клиник синовлари синовлари бошланиб кетди. Сўнгра, айни вакцина мамлакатда расман рўйхатга олинган илк вакцина бўлди.

Ўзбекистон Махсус комиссияси, 17 февраль куни биринчи бўлиб, Россиянинг “Спутник V” вакцинасини рўйхатга олишга рухсат берилганини билдирган эди. Бироқ бу вакцина рўйхатга олингани ҳақида ҳануз расмий баёнот йўқ.

XS
SM
MD
LG