Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:44

Маҳалла раиси сайлови: "Ҳоким ўзига ёқмаган номзодларни ўчириб ташлаяпти”


Яккабоғ ҳокимининг қароридан норози сайловчилар туман ҳокимиятига борган. 16 май, 2022 йил.
Яккабоғ ҳокимининг қароридан норози сайловчилар туман ҳокимиятига борган. 16 май, 2022 йил.

Ўзбекистонда 16 май куни маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бошланди.

Маҳалла раислигига жойларда уч-тўрт, баъзан ундан кўп номзодлар илгари сурилмоқда.

Озодликка келаётган хабарларга кўра, жойларда маҳаллий ҳокимлар ўзлари истаган номзодларни қолдириб, ёқмаган номзодларни сайлов рўйхатидан ўчиртирмоқда.

Сайловлар бошланиши арафасида Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туманида ўнлаб одам сайлов адолатсиз ўтаётганидан туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаевга шикоят қилиб келишган.

Яккабоғ тумани ҳокимлиги олдидаги норозилик акцияси. 16 май, 2022 йил.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:48 0:00
Бевосита линк

Озодликка юборилган видеода гапирган одамларнинг эътирозларига кўра, Сероб (МФЙ), Маданият (МФЙ), Шодлик МФЙ раислигига ўтказиладиган сайловга халқ томонидан таклиф этилган номзодлар рўйхатдан ўчирилган:

“Биз Сероб маҳалласининг фуқароларимиз. Бизнинг сайловга қўйган номзодларимизни туман ҳокими олиб ташлаган. Биз ана шу номзодларимизнинг ўз жойига қайтаришларини талаб қилиб келдик. Шунинг учун йиғилиб ҳокимиятга келганмиз”.

Сероблик аёлнинг айтишича, улар сайламоқчи бўлган номзодлар туман ҳокимининг буйруғи билан рўйхатдан ўчириб ташланганидан халқ норози:

“Бизнинг Сероб қишлоғидан Тўхтаев Қувват ака, Ҳотамов Бекзод ака номзодлари қўйилган эди. Биз сайловни ктуиб турган эдик, лекин ҳоким ана шу номзодларни рўйхатдан олиб ташлабди. Номзодларимизни жойига қўйсин, халқ бундан норози”.

Ҳокимият биноси олдига норозилик билдириб, биргина Сероб маҳалласидан эмас, балки Шодлик, Маданият маҳалласидан ҳам ўнлаб фуқаро борган.

Яккабоғ тумани ҳокимлиги олдидаги норозилик акцияси. 16 май, 2022 йил.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:49 0:00
Бевосита линк

Шодлик маҳалласи аҳлининг сўзларига кўра, ҳокимлик фақат ўзига мос келадиган номзодларни рўйхатда қолдириб, халқ таклиф қилган номзодларни эса ўчириб ташлаяпти:

“Маҳалла раисини халқ сайлайди, деган қонун бор. Лекин номзодлар юқоридан қўйилаётганга ўхшаяпти. Номзодларни кўрсатсак қабул қилмаяпти, уч кишидан ортиқ мумкин эмас, деган гаплар бўляпти. Бундай бўлмаслиги керак, ўнта номзод бўлмайдими, демократия дегани шу эмасми?”

Сероблик Юсуф Очилов фикрича, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларига номзодларни халқ сайлаши ҳақидаги қонун қўпол равишда бузилмоқда:

“Биздан қўйилган номзодларни раисликка ўзимиз сайлаймизми ёки буни ҳокимият сайлайдими? Президентимиз ўзлари халқ ўзи сайлаб олсин деганку. Нега энди халқ танлаган номзодлар ўтмаслиги керак? Бизнинг талабимиз оддий, маҳалла раислигига номзодларнинг ҳаммасини ўз жойида қолдирсин, халқ ўзи кераклисини сайлаб олади. Қайсинисини омади келса, ўша ўтади”.

Норозилик акцияси иштирокчиларининг айтишларича, улар ҳокимият биноси олдида икки соат туришганидан сўнг, ҳоким 4 кишини қабул қилган:

“Анча турганимиздан сўнг ниҳоят, ҳокимнинг қабулига олиб киришди. Бизнинг бутун қишлоқ Ҳотамов Бекзод ва Тўхтаев Қувватали номзодларини рўйхатдан ўчириб ташлаганига норозилик билдираётганини ҳокимга айтдик. Ҳоким "энди бўлмайди, икки кун кеч қолдиларинг", деб рад жавобини берди. Ўнлаб маҳалла норозилик билдириб борган. Ҳоким ўзига ёқмаган номзодларни ўчириб ташлаяпти”.


Яккабоғ туман Маданият МФЙ раиси Мамлакат Тошқулованинг иддао қилишича, туман ҳокими унинг номзодини ўчиртириб, ўзининг бўласи, яъни холаваччасининг номзодини сайлов рўйхатига киргизган:

“Мен 2018 йилдан буён шу маҳалла раисиман. Қишлоқдошларим илтимос қилиб, яна номзодингизни қўйинг, дегани учун қўйгандим. Лекин туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаев ва сектор раҳбаримиз, подполковник Дилшод Умаров биргаликда маслаҳат қилиб, менинг номзодимни чиқариб ташлашибди.Менинг ўрнимга қўйилган номзоднинг эса ҳатто номзоди қўйилганидан хабари йўқ экан. Унинг ёнбошида эса ҳоким ўзининг бўласини номзодини қўяяпти. Мен ҳокимга ҳам, ИИБ бошлиғи олдига ҳам бордим, қани хулосаларингни беринглар, қани мен қайси талабга жавоб бермабман экан, десам, униси бунисига, буниси унисига кидала қиляпти”.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, блогер Одил Элмуроднинг айтишича, маҳаллий сайловларда аҳолининг ўз номзодларини қўллаб қувватлаши камдан кам кузатиладиган ҳолат:

“Ватандошларимизнинг ғафлат уйқусидан уйғониб, ўзлари ташаббус кўрсатаётгани, ўзларидан бир ҳаракат бўлаётгани одамни қувонтиради. Чунки олдинги сайловларда маҳалла расилари очиқчасига тайинланган эди. Сўнгги пайтлардаги жараёнлар, сал бўлса-да, адолат учқунлари чақнаётганидан далолат беради. Лекин маҳаллий ҳокимларнинг бунга қаршилик қилаётгани ачинарли ҳолат”.


Озодлик расмий муносабат олиш мақсадида 16 май куни туман ҳокими Лутфиддин Абдуллаев билан боғланди. Ҳоким алоқанинг ёмонлиги боис гаплаша олмаслигини айтди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳасанов 16 май куни бу воқеани ўрганиб, эртаси куни хабар беришини айтди. Аммо 17 майкуни у Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Ўзбекистонда 2018 йил 15 октябрда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди.

Қонунга кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир.

Фуқароларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга таъсир кўрсатишга, шунингдек уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришга таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Аммо, қонунга кўра, номзодлар рўйхати маҳаллий ҳокимларнинг назоратидан ўтганидан сўнг тасдиқланади.

Бир неча асрлик анъанавий қадриятларга асосланган ўзбек маҳаллалари бошқаруви илк бор совет даврида қонун йўли билан тартибга солинган.


Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ҳукумати маҳаллани ўзбекча демократия кўриниши сифатида фаол тарғиб қилди. Аммо Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилоти ўзбекистонда Маҳалла йили деб эълон қилинган 2003 йилда Президент Каримовнинг авторитар бошқаруви маҳаллани режимнинг ёрдамчиси ва хизматкорига айлантиргани, ўзбек махсус хизматлари маҳалладан ўзгача фикрловчиларга қарши репрессияларда фойдаланаётгани ҳақида ҳисобот эълон қилган эди.


Мирзиёев ҳокимиятга келгач, маҳаллага эътибор янада кучайди. Маҳалла вазирлиги ташкил қилинди ва Маҳаллабай тизим йўлга қўйилди.

Аммо бу янгиликлар маҳалла раислари сайловига ижобий таъсир кўрсатгани кузатилмайди. Каримов бошқарувининг биринчи ўн йиллигида нисбатан эркин бўлган маҳалла раислари сайлови, фаолларга кўра, ҳозирда ҳокимият томонидан тўлиқ назорат қилинади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи эса, ўзбеклар эркин ва одил сайловларда маҳалла раисларини сайлай олишига шубҳа қилишини айтган.

2021 йилнинг март ойида президент Мирзиёев Тошкент вилоятига қилган сафар чоғида ҳокимларни сайлаш тизими жорий этилишини ўзи хоҳласада, жамият тайёр бўлмаган шароитда сайловларни ўтказиш мақбул йўл бўлмаслиги, сайловлар таниш-билишчиликка айланиб кетиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди:

"Адолатли маҳалла раиси сайловини ўтказишга ҳаракат қилсак, тўда-тўда бўлиб келади, бизникини сайлаймиз дейдида, сайлаб юборади. Жамият тайёр бўлмаган муҳитга сайловларни қўйиш хиёнат эмасми? Бу ҳақиқий хиёнатнинг ўзи. Мен буни хоҳламайманми? Жуда ҳам хоҳлайман, мен ҳам буни яхши тушунаман. Лекин кимни сайлаймиз?", деган эди президент.

Газета.уз. хабарига кўра, мамлакатда 9349 та фуқаролар йиғинлари мавжуд. Номзодлар 26,9 минг кишини ташкил этади (ҳар бир ўринга деярли 3 номзод). Биринчи кунда 834 нафар раис сайланган бўлиб, уларнинг 52 фоизи ушбу лавозимга қайта сайланган.

Сайловлар июн ойигача давом этади.

XS
SM
MD
LG