Ўзбекистонда энергияга тарифлар ошиши кутилаётган бир пайтда ҳукумат кам таъминланган оилаларга электр ва газ бўйича компенсация тўлаш режасини эълон қилди. Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик ёрдам бериш режаланмоқда.
1 апрелдан энергия тарифлари оширилиши эълон қилинганди, бироқ очиқланмаган сабабларга кўра, нархлар ошиши 1 майга кечиктирилди.
Айни пайтда тарифлар ошиши хабари фонида озиқ-овқатлар нархида ҳам кўтарилиш сезилмоқда. Жумладан, гўшт нархи 9,1%гача қимматлаган.
Эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўм миқдорида бир марталик ёрдам бериш ҳақидаги қарорни президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд саммити арафасида имзолади.
2 апрель кунги президент қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси
бир ҳафта ичида компенсация тўлови бўйича рўйхатни шакллантириши лозим.
Жорий йилнинг ноябрида тарқатилиши режаланган 1 миллион сўмлик ёрдам қанча оилага берилиши номаълум.
Президент қарорига кўра, бир марталик бу ёрдамдан қуйидаги шахслар умид қилиши мумкин:
- “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга;
- “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Реестрларга киритилмаган, бироқ ёрдамга муҳтож оилаларга. Бунда:
- “маҳалла еттилиги” томонидан қўшимча рўйхат шакллантирилишида биринчи навбатда, боқувчисини йўқотган оилалар, аъзолари I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслардан иборат оилалар, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилалар, узоқ муддатли даволанишни талаб этадиган касалликлар билан касалланган шахслар яшовчи оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахслар ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уч ва ундан ортиқ оила яшайдиган хонадонларда ҳамда газ таъминоти бўлмаган ва марказлаштирилган тартибда иситилмайдиган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар инобатга олинади;
Шунингдек, камбағал оилаларнинг энергетик харажатлари базавий меъёрдан ошган тақдирда ўртадаги фарқ ҳам компенсация тарзида тўлаб берилиши режаланмоқда.
Президент қарорида қуйидаги ҳолларда компенсация берилиши қайд қилинган:
- электр энергияси истеъмоли бўйича – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;
- табиий газ истеъмоли бўйича – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади.
Президентнинг ушбу қарори ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари шаклланишини босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказиш даврида аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсади билан изоҳланган.
Қарор ижроси Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилган. “Халқ банки” 2025 йил йил ноябрь ойида бир марталик моддий ёрдамни тўлаб бериши лозим.
Президент қарорида маҳалла раислари ёрдам олувчи оилалар рўйхатини шакллантириш пайти шаффофлик ва адолатлиликни таъминлаши лозимлиги таъкидланган. Бироқ айнан маҳалла оқсоқоллари ёрдам пуллари масаласида таниш-билишчилик ва коррупцияга йўл қўйиши танқид қилиб келинади.
Камбағалларга бир марталик ёрдам пули бериш қарори энергетик таърифлар оширилиши арафасида эълон қилинди.
Расмий маълумотга кўра, янги тарифлар қуйидагича: 200 кВт/соатгача – 600 сўм, 201–1000 кВт/соатгача – 1000 сўм бўлади. Бу тақрибан 11 фоизга ошиш дегани.
Дастлаб 1 апрелдан электр ва газ тарифлари оширилиши эълон қилинди. Кейинчалик бу 1 майга кечиктирилди.
Энергетик тарифлар оширилишининг 1 ойга кечиктирилиши сабаби расман эълон қилинмади. Кимдир буни ҳайитга боғлади, кимдир Самарқанд саммитини сабаб қилиб келтирди.
Мамлакатда энергетик бўҳрон давом этаркан, маҳаллий матбуот энергетикага оид расмий хабарлар билан чекланаётгани кузатилади. Блогер ва фаоллар ҳам бу мавзуни четлаб ўтмоқда.
Demokrat.uz нашри раҳбари Фазлиддин Меҳмонов буни энергетика
мавзусини ёритишда кучишлатар тизимлари томонидан ўрнатилган норасмий чеклов билан боғлади:
"Электр мавзусида гапириш чекланган. Маълумки, лимит жорий қилинган. Шу лимит ҳақидаги материалларни олиб чиқиш бўйича чекловлар бор. Бу чекловлар Ўзбекистон медиасида сезилди. Қайси мавзуларга чеклов борлигини кузатган одамга билинади. Баъзи мавзулар шунчаки йўқ бўлиб қолади".
Аҳоли энергия тарифлари ошишига ҳозирланаётган бир пайтда нарх-наво ошиши ҳам кузатилмоқда.
Статистик қўмита ҳисоботига кўра, март ойида озиқ-овқатлар 1,5%га, ноозиқ-овқатлар 0,2%га, хизматлар 0,7%га қимматлаган.
Жумладан,
- Сабзи 15,7%
- Қўй гўшти 9,1%
- Мол гўшти 8,8%
- Помидор 4,3%
- Пиёз 1,9%
- Сарёғ 1,1%
- Сут 0,9% (қимматлаган)
Одатда гўшт нархи ошиши ўзбек бозорларидаги бошқа озиқ-овқатлар нархига ҳам таъсир қилади.
Ҳозирда дунё бўйлаб бир кило мол гўштининг ўртача нархи қарйиб 6 долларни ташкил қилади.
Тошкент бозорларида эса лаҳм гўштнинг нархи 11 долларгача сотилмоқда.
Ўзбекистонликлар энергетик чекловлар мунтазам кузатилган қишдан бир амаллаб чиқиб олишди. Иситиш мавсуми 18 март куни якунига етди. Бироқ жорий йилда иссиқлик тарифлари 30 фоизга оширилиши эълон қилинди. Режага кўра, иссиқлик тарифларининг оширилиши 15 фоиздан икки марта амалга оширилади.
АҚШ Президенти Доналд Трампнинг бож сиёсати дунё бозорида нефть нархининг қулашига сабаб бўлди. Бироқ Ўзбекистонда бензин нархи ошишда давом этмоқда.
"Трамп тарифлари глобал талабни кескин қисқартириши эҳтимолларини яратади, бу нефть бозорига, тарифлар эълон қилиниши биланоқ зарба бера бошлади. Кеча кун давомида брент типидаги нефть 5 доллардан кўпга арзонлаган бўлса, бугун ҳам бу жараён давом этмоқда ва Хитойнинг жавоб тарифларидан кейин минимумларда нефть котировкалари яна 5 долларга, 64 долларгача арзонлаган…
Лекин бу хабарларнинг эркин энергетика бозори томон ҳаркатланмаётган, ёғли қўлда ва ёпиқ кабинетлардан туриб нархлар бошқариладиган Ўзбекистонга алоқаси йўқ.
Бензин нархи қишин-ёзин қандай ошган бўлса, шундай ошишда давом этмоқда.
Хусусан, апрелнинг дастлабки 3 кунида биржа савдоларида 80 шиптир 107 сўмга, 92 бензин эса бирданига 546 сўмга қимматлаган", дея ёзади иқтисодчи блогер Отабек Бакиров.
Ҳозирда метан газ нархи 4100 сўмгача ошгани айтилмоқда. Бироқ 1 майдан метан нархи яна оширилиши кутиляпти. Бу эса бензин нархи яна оширилишига олиб келиши мумкин.
Иқтисодчи Бакиров “тийиқсиз монополист ва олигархлар нархларни оширишда давом этишади”, дея ёзғиради.
Мамлакат энергетика тизимидаги инқироз давом этаркан, айни пайтда ҳукумат тизимда янги ва янги инспекцияларни ташкил этиш билан жавоб қайтармоқда. Шундай инспекциялардан сўнггиси Ўзэнергоинспекция бўлди.
Ўтган ой Президент Фармонига мувофиқ ташкил этилган инспекция Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилади. Ўзэнергоинспекция ходимларига сутканинг исталган вақтида истеъмолчиларнинг ёқилғи-энергия ресурсларини текшириш ваколати берилади.
Ўзэнергоинспекциянинг давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган жами бошқарув штат бирликлари сони 357 та, шу жумладан, Ўзэнергоинспекция бошлиғи ўринбосарларининг сони 2 нафар этиб белгиланган.
Хабарларга кўра, шу билан Энергетика вазирлиги тизимидаги инспекциялар сони 8 тага етган.
Форум