Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:30

Москва, Пекин ва Анқара орасида. Таҳлилчилар Мирзиёевнинг Туркияга сафари ҳақида


Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистон-Туркия муносабатлари илиқлашган.
Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан Ўзбекистон-Туркия муносабатлари илиқлашган.

Шавкат Мирзиёевнинг 12 ноябрь куни Истанбулда ўтган туркий давлатлар раҳбарлари саммитидаги иштироки унинг президент сайловидан кейинги илк хорижий сафари сифатида шарҳловчилар эътиборини тортди.

Мирзиёев иштирок этган Турк Кенгашининг саккизинчи саммитида ташкилот номи “Туркий давлатлар ташкилоти” деб ўзгартирилди. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 2019 йил сентябрида аъзо бўлиб кирган эди.

Истанбул яқинидаги "Демократия ва эркинлик ороли"да ўтган саммитда, одатда бетарафлик сиёсатини дастаклаб келадиган Туркманистонга кузатувчи давлат мақоми берилди.

Ўтмишда Ислом Каримов Туркия етакчилигидаги интеграция ташаббусларидан четда турган, расмий Анқарадан масофа сақлаб келган эди. Бунга кўп жиҳатдан Туркиянинг ўзбек мухолифати вакилларига бошпана бергани сабаб қилиб келтирилади.

Мирзиёев ҳокимиятга келгач, муносабатлар илиқлашди, дунёда Туркиядан кейинги туркий тилда сўзлашувчи иккинчи йирик давлат бўлган Ўзбекистон Турк Кенгашига аъзо бўлди.

Биринчи ташриф

Шу йил 24 октябрь куни иккинчи муддатга сайланган президент Шавкат Мирзиёев Кремль расмийларининг баёнотлари ва рус матбуотидаги хабарларнинг аксига, биринчи хорижий ташрифни Россияга эмас, балки Туркияга амалга оширди.

Ташриф расмий мақомга эга бўлмаса-да, президентларнинг илк хорижий сафари рамзий аҳамият касб этгани важидан айнан шу жиҳати билан таҳлилчилар эътиборини тортди.

"Ташрифнинг сабаби саммитда иштирок этиш эдими ёки Туркиянинг Ўзбекистон учун Россиядан ҳам муҳимроқ давлат эканлигини билдиришми?", дея савол қўйди мустақил сиёсатшунос Муҳаммад Матжон ўзининг Фейсбук саҳифасида.

Унинг фикрича, саммитга борган Мирзиёев ташқи сиёсатда Туркияни Россиядан устун қўйди деган таҳлил хато, чалғитувчи қараш" бўлиши мумкин.

"Негаки Шавкат Мирзиёевнинг ўтган кам эмас, беш йиллик бошқарувида Туркия билан эмас, Россия билан кўпроқ яқинлашганини, Туркиянинг эмас, Россиянинг Ўзбекистон ички сиёсатидаги таъсирини ошиб кетганининг гувоҳи бўлдик", деб ёзди у 12 ноябрь кунги постида.

Сиёсий таҳлилчи Анвар Назирнинг фикрича, Мирзиёев ташрифининг амалда Ўзбекистонга қанчалик фойдали бўлиши муҳим.

“Илгари Ўзбекистон бу ташкилотда умуман қатнашмасди. Ислом Каримов туркий давлатлар анжуманларидан масофаланиб келган. Энди амалда бунинг Ўзбекистонга фойдаси бўладими ёки МДҲ ёки ШХТ саммитларидаги каби фақат учрашувлар билан чекланиб қолинадими, бу бошқа масала”, - дейди Анвар Назир.

Ўзбекистон турк бизнеси ишончини қозона олмаяпти

Истанбулдаги саммитда аъзо мамлакатлар транспорт-логистика инфратузилмасини кенгайтириш ва модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳалар муҳокама қилингани, ўзаро божхона тартибини соддалаштиришга келишилгани маълум қилинди.

Анвар Назирга кўра, Мирзиёевнинг биринчи президентлик муддати давомида Туркия билан иқтисодий ва сиёсий борди-келдилар кўпайганига қарамасдан, Ўзбекистонда турк бизнеси иштирокининг салмоқли даражада ошгани кузатилмади.

“Турк бизнеси Ўзбекистондаги ҳуқуқий-сиёсий муҳитга тўлиқ ишонч ҳосил қилганича йўқ. Чунки Каримов даврида турк сармоячиларига муносабат қандай бўлгани маълум. Демократиясиз, мустақил суд тизимисиз ҳеч қандай хусусий мулк кафолатланмайди. Ҳуқуқ давлати ҳамма нарсани белгилайди. Ҳукумат кафолати ишламайди. Бундай қонуний тизим ҳозирча Ўзбекистонда йўқ”, - дейди таҳлилчи.

2004-2011 йиллар давомида Тошкентда фаолият юритган Turkuaz савдо маркази эгаси, Туркия фуқароси Воҳид Гунеш иқтисодий ва сиёсий жиноятлар, жумладан солиқдан бўйин товлаш ва божхонага оид қонунчиликни бузганликда айбланиб, тўққиз ой қамоқда ўтирган.

49 яшар Гунеш Ўзбекистон ҳукумати турк иш одамлари ишончини ҳамон қозона олмаётганини айтади.

“Ўзбекистоннинг ташқи дунёга очилаётгани, президент Мирзиёевнинг сайловдан кейин тўғри Туркияга келиши яхши. Лекин мамлакатда муаммолар бор, хатолар кўп. Мирзиёев “турк иш одамига тегинган менга тегинган деб биламан”, деганди. Лекин эски президент одамлари ҳамон иқтидорда. Аслида, Туркия бизнеси Ўзбекистонда жуда салмоқли лойиҳаларни амалга оширишга қодир. Лекин Ўзбекистонга ишончсизлик сабаб бу ишламаяпти”, - дейди туркиялик тадбиркор.

Гунеш ва яна 7 нафар туркиялик тадбиркор 2011 йилда Ўзбекистонда солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ҳамда “яширин иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшганликда” айбдор, деб топилиб, қамоққа ташланган ва кейинроқ мамлакатдан чиқариб юборилганди.

2019 йил октябрида Сармоя ва бизнес билан боғлиқ низоларни кўриб чиқадиган АҚШдаги халқаро марказ (International Centre for Settlement.of Investment Disputes -​ ICSID) Ўзбекистон ҳукумати Gunes Tekstil Konfeksiyon Sanayi ve Ticaret Ltd ширкатига 40 миллион АҚШ долларилик товон тўлаши лозимлиги ҳақида ажрим чиқарган.

Москва, Пекин ва Анқара орасида

Сиёсий таҳлилчилар Марказий Осиё устидан геосиёсий рақобат кучайиб бораётгани, икки энг кўзга кўринган рақиблар - Россия ва Хитой ҳозирда минтақада иштирокини кучайтираётган Туркия билан рўбарў келаётганини айтишади.

Минтақадаги турк таъсири, айниқса Озарбайжоннинг Анқара кўмагида Қорабоғда эришган ғалабасидан сўнг кучайди.

Туркияда ишлаб чиқарилган учувчисиз учоқлар Озарбайжоннинг бир йил аввал Арманистон бўлгинчи кучларини Озарбайжондаги баҳсли Тоғли Қорабоғ анклавидаги жангда мағлуб этишида муҳим рол ўйнади.

Айрим таҳлилчилар Анқара ташқи сиёсатда Яқин Шарқдан Марказий Осиёга юз бураётганини айтишади.

Уларнинг фикрича, Москва ва Пекин денгизга чиқа олмайдиган минтақада Анқаранинг таъсирини чеклашга ҳаракат қилмоқда, айни пайтда Туркиядан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиш умидларини йўқотмаган ҳолда, Ғарбга қарши иттифоқ яратишга уринишлари ҳам кузатилади.

Марказий Осиё давлатлари ўтмишда қудратли давлатлар манфаатлари ўртасида мувозанат сақлаш орқали кўпроқ иқтисодий ва сиёсий дивидент олишга уриниб келганлар.

XS
SM
MD
LG