Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:24

Президент танқидидан кейин Молия вазирлигида тозалаш бошланди


Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров 22 декабрь кунги парламент йиғинида президент танбеҳига қулоқ солмоқда.
Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров 22 декабрь кунги парламент йиғинида президент танбеҳига қулоқ солмоқда.

Ўзбекистон Молия вазирлиги кадрлар бўлими расмийси вазирликдаги учта бошқарма раҳбарининг ишдан кетганини Озодликка тасдиқлади. Айни пайтда¸ маҳаллий нашрнинг вазирликда бир кунда 50 одамнинг ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарни инкор қилди. Айни пайтда вазирлик ходимлари фаолияти ёппасига текширилаётгани маълум бўлди.

Мулозимнинг айтишича, “бир кунда 50 киши ишдан бўшатилгани йўқ", Голишева¸ Ҳайдаров ва Абдуллаевларнинг ишдан бўшатилгани тўғри. Бошқалар фаолияти ўрганилаяпти.

Ишдан бўшатилгани Озодликка расман тасдиқланганлар Солиқ ва божхона тариф-сиёсати бошқармаси¸ Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти бошқармаси ва Саноатнинг базавий тармоқлари, ёқилғи-энергетика мажмуи ва геологияни ривожлантириш молияси ва тарифни тартибга солиш бош бошқармаси раҳбарларидир.

Вазирлик ходимларининг иш фаолияти ўрганилмоқда

Молия вазирлигининг Озодлик боғланган яна бир расмийси¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг 22 декабрь куни парламентдаги мурожаатида Молия вазирлиги шаънига билдирган кескин танқидларидан сўнг ходимлар фаолиятини текшириш бошланганини билдирди.

“Лавозимидан¸ ишидан¸ миллатидан¸ вазирликда қанча ишлаганидан қатъий назар¸ ҳар бир ходим иш фаолиятини ўрганиб чиқиш бошланди. Биринчи бўлиб¸ иши оқсаб келаëтган бошқармалар ходимлари фаолияти текширилади. Кейин қолганлар¸ ҳамманинг иш фаолиятига баҳо берилади¸ деди мулозим.

Бу суҳбатдошга кўра¸ Молия вазирлиги Марказий аппарати ходимлари фаолиятини ялпи текшириш анъанавий аттестация доирасидан ташқаридаги махсус жараëнга кўра амалга оширилмоқда.

“Бунақаси олдин бўлган эмас. Бу Низомимизда кўзда тутилган аттестация эмас – унга кўра¸ ҳар 5 йилда¸ ҳар 3 йилда ходимлар фаолияти кўриб чиқилади. Ҳозир “иш фаолиятида камчиликларга йўл қўйилгани учун”¸ деган ибора билан марказий аппаратдаги анча одам делоси кўриб чиқилмоқда. Бунинг сонини сизга аниқ айтолмайман. Вакант жойга янги одам қандай ишга олинса¸ шунақа суҳбатлар қилинаяпти. Камчиликлари айтилиб¸ ишдан бўшатиладиганлар анча бўлиши мумкин. Юзтами¸ икки юзтами¸ буни ҳозирча биров билмайди¸” деди шахси ва лавозими очиқланмаслик шарти билан Озодликка гапирган Молия вазирлиги расмийси.

“Ҳаммасини ҳайдайсан!”

22 декабрь куни парламент иккала палатаси олдида қилган йиллик ҳисоботида президент Шавкат Мирзиëев Молия вазири Жамшид Қўчқоровни тик турғизиб¸ унга кескин оҳангда “молияда ўтирганларнинг ҳаммасини ҳайдаш топшириғини берган эди.

“Атрофингдагиларнинг ҳаммасини ҳайдавор¸ янги-янги одамларни ол. Қўчқоров агар ўзгариш қилмаса¸ сизларнинг олдиларингда айтаяпман – бир ойда буниям ишдан оламан. Манга бундақа молия керак эмас. Ҳаммасини ҳайдайди молияда ўтирганларни. Битта Острогорский деган ноинсофни ҳайдаган билан¸ унинг ҳиди кеп турипти манга. Ташқаридан туриб бир-иккиталар ишлаяпти. Манга бунақа молия керакмас. Ватанни севган¸ ўзбек миллатини¸ ўзбек давлатини севган¸ ҳар бир фуқаронинг эртанги кунига бефарқ бўлмаган молиянинг бошлиғи керак манга”¸ деди президент парламент аъзолари ва жамоатчилик вакиллари олдида қилган мурожаатида жумладан.

Бутун молия тизими текширилади

Озодлик билан 25 декабрь кунги суҳбатда Молия вазирлиги мулозими “иш фаолиятида йўл қўйган камчиликлар” юзасидан иши кўриб чиқилаëтган¸ махсус суҳбатдан ўтаëтганларнинг фақат Марказий аппарат ходимлари эмаслигини алоҳида таъкидлади.

“Марказий аппаратнинг ўзида 500 га яқин одам ишлайди. Умуман вазирлик тизимидагилар аниқ сонини ҳатто мен ҳам билмайман¸ чунки молия ниҳоятда катта тизим. Унга ғазна¸ КРУ¸ пенсия жамғармаси кабилар киради¸ ҳаммасида ишловчилар сони жуда катта. Президент гапидан кейин бутун Молия вазирлиги тизимида текшириш бошланди¸ десак тўғри бўлади¸” деди вазирликнинг масъул мулозими.

Ахмоқлар¸ каламушлар...

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери унинг кескин танқидига мунтазам нишон бўлиб қолаëтган тизимлардан бири Молия вазирлигидир.

Ўзбекистон молия-иқтисод тизими раҳбарлари, хусусан¸ Каримов даврининг Молия вазири¸ макроиқтисодиёт бўйича Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов номини тилга олмасдан бир неча бор кескин танқид қилган президент¸ “ноинсоф¸ ахмоқ¸ каламуш” деган сўзларни ишлатган.

Хусусан¸ Фарғона вилоятида июнь ойида ўтказган йиғилишида президент айни соҳага ўзи раҳбар этиб тайинлаган Жамшид Қўчқоровга қарата¸ “Жамшид Анварович¸ сизнинг жойингизда ўтирган ноинсоф¸ оëғи ердан узилган нарса¸ ҳеч балони тушунмай¸ фақат 8 фоиз¸ 95 фоиз деб ҳаммаëқни ўлдириб кетди. Мана бу ноинсофларни ишлатишингиз керак энди¸” деган эди умумиятла молия-иқтисод тизими ходимлари¸ хусусан эса¸ тилга олмай туриб Рустам Азимов ҳақида президент Мирзиëев.

XS
SM
MD
LG