Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:14

Абдулазиз Мансур: Болалар масжиддан қайтарилишига идоранинг алоқаси йўқ


Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси Андижон вилоятидаги масжидлардан бирида "норасида болалар"ни масжиддан йироқ тутиш ҳақида осилган эълонни маҳаллий имомларнинг "ташаббуси", деб баҳолади. Идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур аслида мамлакатда болаларнинг масжидга киритилмаётганидан хабардорлиги ва бу динни давлатдан ажратган ҳукуматнинг қарори эканини таъкидлади.

Масжиддаги эълон

Озодликка Андижондаги масжидлардан бирининг дарвозасига осиб қўйилган эълон фотонусхаси йўлланди ва унда "норасида болалар"ни Ислом пайғамбаридан қолган ҳадис асосида "масжиддан йироқ қилинг" дейилган.

Озодликка фотонусхаси йўлланган эълон матнида шундай дейилади:

"Расулоллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: масжидларингиздан ёш болалар ва мажнунлар (ақли заиф кишилар)ни йироқ қилинглар!"

Исмини ошкор этмаётганимиз муштарийга кўра, бундай эълонлар шу кунларда аксар масжидлар дарвозларига илинган ва ана шу ҳадис асосида масжид ходимлари намозга келаётган болалар - кичик гўдаклардан тортиб 16, ҳатто, 18 ёшгача бўлган ўсмирни ортга қайтармоқда.​

Озодликка боғланаётган яна бир неча муштарий бундай эълон Андижон ва Фарғона вилоятидаги қатор масжидларда осиғлиқ турганига гувоҳ бўлганини ёзди.

Азиятдан қочиш

Ўзбекистонда масжидларга 17 ёшга тўлмаганларни киритмаслик ҳолатлари йиллардан буён кузатиб келинмоқда. Озодлик билан суҳбатлашган оддий аҳоли вакиллари бу кампанияга масжид ва таълим муассасалари ҳамда ИИВ ходимлари жалб қилинганини айтиб келадилар.

Таълим масканлари ходимлари эса болаларнинг дарсдан қолиши олдини олиш важи билан уларни жума намозига юбормаслик талаб қилинаётганини айтишган. Аммо, шу пайтгача болаларни масжидга киритмасликка диний асос кўрсатилмаган эди.

Тошкентлик аҳли-илмлардан бири масжид деворига илинган ҳадис ва унинг айнан болаларга нисбатан қўлланишига муносабатини билдираркан: "Масжиддагилар динни суистеъмол қилмоқда", деди.

Сўнгги йиллар давомида айнан ҳадислар матни устида тадқиқотлар олиб бораётган аҳли-илм исми ошкор этилиши ва овози ёзиб олинишини истамади:

- Бу аслида масжидлардан азиятни кетказиш учун қилинган иш. Бу давлатнинг сиёсати, деб қўйишса бўлаверарди. Бунга диний важ келтириш шарт эмас эди. Аслида, тўғри, бу заиф ҳадис ва бу масалада ихтилоф йўқ. Ибн Можада ривоят қилинган. Бу ривоятни Ибн Жавзий: "Саҳиҳ ҳолда ривоят қилинмаган ҳадис", деган. Яна Ҳофиз ибн Ҳажар, Ажлуний, деган машҳур муҳаддислар бор, ҳадиснинг санадини заиф, дейишган, - дейди исмини ошкор қилмаётган ўзбекистонлик аҳли-илм.

У Ўзбекистонда бундай ҳадислар асосида 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ва болаларнинг масжидга қўйилмаслигини "шаръий жиҳатдан оқлаб бўлмайди" деб баҳолади:

- Бунақа нарса шариатда йўқ. Буни ёзаётган одамлар эртага қандай жавоб берадилар - мен буни билмайман. Аммо, ҳадисни заиф, деб ташлаб юбориш ҳам нотўғри. Яъни, уламолар бу ҳадисни шарҳлаганида айтишганки, ёш болаларни масжидга пайғамбаримиз чақиргани ҳақида ҳадис йўқ, қайтаргани ҳақида ҳам йўқ. Бу масжидга кириб, намозни қадрини билмай ўйинқароқлик қиладиган, тушунмайдиган гўдаклар назарда тутилган. Мактаб ёшидаги болалар эса масжиддан қайтарилмаслиги керак. Ўзбекистондаги бу ҳолат - ҳадисни суистеъмол қилиш, дейилади, - дейди суҳбатдош.

Болалар хатар остида

Ўзбекистон Мусулморнлари диний идораси Озодликка сурати йўлланган "Масжид одоби қоидалари"га оид эълондан хабардор эмаслиги маълум бўлди.

Диний идора раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур заиф ҳадислигига ҳеч бир шубҳа бўлмаган бундай матннинг болаларни масжидга киритмаслик учун восита ўлароқ қўлланилганини "масжид имомининг ташаббуси", деб баҳолади.

Айни пайтда, шайх ҳазратлари йиллар давомида кичик ёшдаги болалар ва ўқувчиларнинг масжидга қўйилмаётганига Диний идоранинг алоқаси йўқ, деб жавоб берди:

- Бизда дин дунёдан ажратилган, ҳуқуқий-демократик давлатда яшаймиз. Биз диний идораси сифатида болаларнинг масжидга қўйилишини истаймиз, албатта, болалар масжидга боролмаётганига ачинамиз. Аммо, ҳукуматнинг ўз сиёсати бор ва болаларнинг турли оқимлар хатаридан сақлаш масаласида ҳукумат биз билан маслаҳатлашмайди. Бундай оқимлар хатари эса бор, афсуски ва шахсан, мен ўзим кўриб турибман буни... Бу эълон масаласига келсак, бизнинг бундан хабаримиз йўқ. Бўлганда эди, бу вақтгача суриштирган бўлардик, - деди Абдулазиз Мансур.

Озодлик билан суҳбатда Диний идора масъули Ўзбекистонда болаларнинг масжидга қатнашида мавжуд хавф-хатар, бундан ташқари, Андижон вилоятидаги мактабларда ота-оналардан ёзги таътил вақтида болаларни масжидга намозга юбормаслик ҳақида олинаётган "Кафолат хати" масаласига ҳам муносабатини билдирди.

Қуйида шайх ҳазратлари билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Абдулазиз Мансур: Болаларнинг масжиддан қайтарилишига алоқамиз йўқ!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:50 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонда масжидларга 17 ёшга тўлмаганларни киритмаслик ҳолатлари йиллардан буён кузатиб келинмоқда.

Хусусан, Рамазон ойларида Тошкент шаҳрида ўқувчиларнинг жума намозларига бормасликлари учун дарс соатлари узайтирилгани, айрим мактаб ўқитувчилари масжидлар олдида навбатчилик ҳам қилгани кузатилган.

Тошкентдаги мактаблардан бирининг ўқув ишлари бўйича мудири "Ўқитувчилар, маънавиятчилар масжидга бориб, кузатади. Жума кунлари жуда қаттиқ давоматни оламиз. Ота-оналари масжидга борадиганлар бизда ҳаммаси учётда" деган эди.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик аксар уламолар ҳукуматнинг бу сиёсатини мактаб ёшидаги болалар учун таълим муҳимлиги ва Исломда "илм ибодатдан афзал"лигини уқтириш билан қувватлаб келадилар. Айни пайтда, Озодлик мақолаларига фикр билдираётган муштарийлар орасида ҳам мактаб ёшидаги болаларнинг масжидга қўйилмаслигини қувватловчилар талай экани кузатилади.

Ўзбекистон ҳукумати расмийлари чекловларини билвосита тан оладилар ва буни ёшларнинг таълим жараёнидан узилиши, турли диний оқимларга берилиши, хусусан, кейинги вақтда Ўзбекистонда фаоллашгани кузатилаётган "Ҳизбут Таҳрир" ҳамда "Жиҳодчилар" радикал гуруҳлар, мамлакат ташқарисидан хавф солиб турган "Исломий давлат" террор гуруҳи тарафдорлари таъсирига тушиб қолиши олдини олиш мақсади билан изоҳлайдилар.

Аммо, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар ва халқаро ташкилотлар бу амалиётни болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари бўлган ота-оналарининг фуқаровий ва диний эркинликлари бузилиши сифатида қоралаб келадилар.

XS
SM
MD
LG