Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:53

Коррупция учун жазо кучаймоқда- коррупционерлар муддатидан аввал қамоқдан чиқди


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидаги матбуот анжумани.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидаги матбуот анжумани.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритган.

Бу ҳақда 2 декабрь куни агентлик раҳбари Акмал Бурханов маълум қилди.

Лойиҳага кўра, Жиноят Кодексида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчаси диспозициясига аниқ таъриф берилади ва 15 турдаги жиноятлар коррупцион жиноят сифатида таснифланади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов.

Коррупционер 20 йилгача қамалиши мумкин

“Муҳим ўзгариш сифатида коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилмоқда” дейди Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурханов.

Бурхановга кўра, эндиликда ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ёки фирибгарлик жиноятларини мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш учун 10 йилгача (илгари 5 йилгача эди — Озодлик) озодликдан маҳрум қилиш жазоси киритилмоқда.

Янги қонун лойиҳасига кўра, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятлари учун 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

“Энг асосийси, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги ва бошқа қатор долзарб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда”, деган агентлик раҳбари.

Йирик коррупционерлар муддатидан аввал қамоқдан чиқарилмоқда

Қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига қўйилган шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Департаментига қарашли 22-сонли колониядан йирик коррупцион схемаларда айбдор деб топилган Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Суннатовнинг муддатидан аввал озодликка чиқарилгани маълум бўлди.

Озодлик манбасига кўра, мазкур колонияда жазо муддатини ўтаётган собиқ Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Шуҳрат Тошпўлатов Тошкент вилоятининг Ғаллақудуқ посёлкасидаги манзил колонияга чиқарилган.

Шунингдек, қамоқдан озод қилинганлар орасида Тошкент шаҳар прокуратураси тергов бошқармасининг собиқ раҳбари Улуғбек Нуриддинов ҳам борлиги айтилади.

Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Улуғбек Суннатов жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди томонидан 2019 йилнинг 26 июнида 19 йилга, Тошпўлатов эса Олий Ҳарбий суднинг 2019 йил мартидаги ҳукми билан 12 йилга қамалганди.

Ўзбекистон Олий суди 2019 йил 26 июнида тарқатган хабарда Суннатов собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва яна 12 киши билан бирга, "ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб пора олиш", "жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш" ва бошқа қатор "оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилгани" айтилган.

Манбага кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Департаментига қарашли 22-сонли колонияда коррупция ва бошқа жиноятларда айбланган Каримов даври мулозимларидан Ўзбекистоннинг икки собиқ Бош прокурорлари — Рашитжон Қодиров ҳамда Ихтиёр Абдуллаевлар қолмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси собиқ раҳбари Улуғбек Хуррамов ҳамда прокуратура тизимининг бошқа мулозимлари, ДХХ собиқ раҳбари Ихтиёр Абдуллаев билан биргаликда қамалган махсус хизмат вакиллари жазо муддатларини ўтамоқда.

Коррупцияга етакловчи омил

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан парламент муҳокамасига киритилган қонун лойиҳасида талаблар кримоген ва коррупцияга етакловчи омилларни бартараф этишни кўзда тутилгани айтилади.

Аввалроқ маҳаллий нашрлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги фуқародан қимматбаҳо автомобиль ҳадясини қабул қилиб олгани ҳақида ёзган эди.

Дарё. уз нашрига кўра, мамлакат пойтахтида яшовчи Зиёда Латипова исмли шахс ўз шахсий Mercedes-Benz машинасини шаҳар ҳокимлигига ҳадя қилди.

Шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига кўра, ҳокимликнинг ишлар бошқармаси ва фуқаро З. Б. Латиповага тегишли қора рангли Mercedes-Benz С500 Hybrid (давлат рақами 01M798HB) фойдаланишга олган.

Сайтнинг «OLX.uz» интернет савдо тармоғига таяниб хабар беришича, ушбу моделдаги автомобиль (2021 йилда ишлаб чиқарилган, 1000 километр юрган) 275 000 АҚШ долларида баҳоланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳаллий блогерларнинг қимматбаҳо машина коррупцион схема воситасида ҳадя қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги шарҳларига муносабат билдирганича йўқ.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эса, айни ҳолат юзасидан текширув ўтказиш чақириқларини жавобсиз қолдирди.

Агентлик раҳбари Акмал Бурханов янги қонун лойиҳасида аксилкоррупция қонунчилигининг муҳим қисмларидан ҳисобланган сиёсий пора, непотизм ва манфаатлар тўқнашувига доир аниқламалар киритилган ёки йўқлиги борасида ҳеч нарса демаган.

Ўзбекистон расмийлари бундан аввал Озодликнинг ҳокимият юқори доираларидаги коррупция ва манфаатлар тўқнашувига доир суриштирувлари ҳамда мурожаатларини жавобсиз қолдирганди.

XS
SM
MD
LG