16 октябрь куни Ўзбекистон ва хориждаги сайлов участкаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлиги сайлови бўйича муддатдан олдин овоз бериш бошланди.
“Gazeta.uz” нашри хабар қилишича, муддатдан олдин овоз бериш 23 октябрга қадар, иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 гача давом этади.
Марказий сайлов комиссияси (МСК) 39 та давлатда 57 та сайлов участкаси ташкил этилгани, шундан 26 та давлатда муддатдан олдин овоз бериш ўтказилишини маълум қилган.
Хориждаги участкаларда муддатдан олдин овозлар маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 гача қабул қилинади.
Мамлакат қонунчилигига кўра, сайлов куни яшаш жойида бўлмаган фуқаролар муддатдан олдин овоз беришлари мумкин. Участкага келган фуқаро аризада сайлов куни кела олмаслиги сабабини (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳ.к.) кўрсатиши шарт.
Парламент қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайлови 27 октябрда ўтказилади. Сайлов кампаниясига 26 июлдан расман старт берилган.
МСК Либерал-демократик партия, “Миллий тикланиш”, Экологик партия, Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партиясига сайловда қатнашишга рухсат берган.