Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:02

Музей ходимлари Нукусда вайрон бўлган асарни қутқариш йўлини изламоқда


Рассом Шевченко томонидан чизилган "Челак кўтарган аëл" картинаси
Рассом Шевченко томонидан чизилган "Челак кўтарган аëл" картинаси

Савицкий номидаги Давлат санъат музейида (Нукус шаҳри) сувда ивиб, сифатига катта зарар етган асарни "реставрация қилиш ва олдинги ҳолатига тўлиқ қайтариш имкони» изланмоқда.​

Бу ҳақда Озодликка Қорақалпоғистон прокуратураси вакили маълум қилди.

Музей раҳбарияти "асар тикланади" деди¸ аммо?

Савицкий номидаги Давлат санъат музейи рангтасвир бўлими раҳбари Озодлик билан 20 июль кунги суҳбатда¸ музей маъмурияти зарар етган асарни қайта тиклаш учун юқори малакали мутахассислар билан музокара ўтказаëтганлигини айтди. 19 июль куни воқеани ўрганган Қорақалпоғистон прокуратураси вакилига кўра¸ «асарни реставрация қилиш ва тўлиқ олдинги ҳолатига қайтариш имкони изланмоқда».

Вайрон бўлган расм кўргазмадан олинди
Вайрон бўлган расм кўргазмадан олинди

Озодлик тасарруфида мавжуд бўлган прокуратура ҳужжатига кўра¸ «жорий йил 16 июлга ўтар тунда, И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейининг 2- блок, экспозиция залида ёнғинга қарши сигнализацияси ўзидан-ўзи ишлаб кетиши оқибатида сув пуркагичдан сув сачраб, деворда осилиб турган Шевченко мўйқаламига мансуб бўлган «Челак кўтарган аëл» («Женщина с ведрами» 1914 й.) асарига зарар етказилган».

Ҳужжатда айтилишича¸ асар 6 соат давомида сув босими остида турган.

19 июль куни Озодлик суҳбатлашган мутахассислар "асар тиклаб бўлмас ҳолга келганини" айтишган эди.

Савицкий номидаги Давлат санъат музейи рангтасвир бўлими раҳбарининг Озодликка билдиришича, асарни реставрация қилиш ва тўлиқ олдинги ҳолатига қайтариш имкони мавжуд.

Озодлик суҳбатлашган Швейцария¸ Канада ва Франциядаги санъатшунослар «асарни реставрация қилишга шошилмаслик» кераклигини алоҳида таъкидлашди.

Швейцариядаги Alerte Héritage ташкилоти Бош котиби¸ санъатшунослик фанлари доктори¸ профессор Светлана Горшенинанинг Озодликка 20 июль куни билдиришича¸ «тонгги тўртдан то эрталабки ўнгача олти соат сув остида қолган асарни таъмирлашга шошмаслик» зарур:

- Мен ўзбек музейларида ишлаб келган француз реставраторлари, хусусан Жеральдин Фрей билан гаплашдим. У Афросиëб фрескаларини таъмирлаган ва дунëга танилган мутахассис. Унинг тавсия қилишича¸ сувда ивиган расмни стабил паст температурали хонага олиб кириб қўйиш керак. Европадан экспертлар келгунига қадар асарга тегмаслик зарур. Чунки Ўзбекистонда бу асарни таъмир қила оладиган профессионал йўқ. Расмга сентябрь ойига қадар тегинмаслик керак. Айни пайтда расмнинг бугунги ҳолатини суратга олиб қўйиш лозим¸ -дейди Светлана Горшенина.

Унинг яна айтишича, «шошилинч таъмирлаш асар учун фалокатли» бўлиши эҳтимоли катта.

Озодлик чет эллик реставраторлар фикр ва таклифларнини Ўзбекистон Маданият вазирлигига тақдим қилди.

Маданият вазирлиги вакили Озодлик билан 20 июль кунги суҳбатда Игорь Савицкий номидаги Нукус давлат тасвирий санъат музейи асосий экспозициясидан ўрин олган ноëб рангтасвир асари таъмирланишида халқаро экспертлар фикри мутлақо инобатга олинишини билдирди.

Бир йил ичида уч асар шикастланди

Қорақалпоғистон прокуратураси вакили Савицкий номидаги Нукус давлат тасвирий санъат музейида кейинги бир йил мобайнида шикастланган яна икки асар ҳақида ҳам маълумот берди:

- Озодлик мақоласида Шевченко асаригача музейда яна икки асар шикастлангани ҳақида гапирилади. Бу факт ўрганилди. Ҳақиқатан ҳам 2017 йилда музей ходимлари томонидан Николай Қорахон қаламига мансуб бўлган «Вечерний намаз» асарини музейнинг бир залидан иккинчи залига ўтказаётган вақтда, асар полга тушиб кетган ва муқаддам реставрация қилинган қисми зарар кўрган. Шу кунда мазкур асар тўлиқ реставрация қилиниб, ҳозирда экспозиция залига томошабинлар учун қўйилган¸- деди прокуратура мулозими.

Рассом Николай Қорахоннинг "таъмирланган" асари
Рассом Николай Қорахоннинг "таъмирланган" асари

Шунингдек, мулозим таниқли ҳайкалтарош Жўлдосбек Қуттимуратовга оид ҳайкалатарошлик асари тақдирига ҳам ойдинлик киритди. Озодлик ўз суриштируви давомида Нукус музейи жамламасидаги бу асар нобуд бўлганини, яъни ҳашаротлар еб битирганини аниқлаган эди:

Бироқ, прокуратура мулозимининг айтишича, асарни сақлаб қолиш имкони мавжуд.

- Қуттимуратовнинг ëнғоқ дарахтидан ишланган «Амударë» асари 2017 йилнинг 13 июлида текширилганида скульптурада номаълум ҳашаротлар мавжудлиги аниқланган. Шу кунда асар тегишли кимёвий ишлов бериш учун экспозициядан олинган. Скульптурага кимёвий ишлов берилиб, ҳозирда экспозицияга чиқариш учун тайёр ҳолда музей фондида сақланмоқда¸ - деди мулозим.

XS
SM
MD
LG