Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Россия ўзбек машиналарисиз қолди, Ўзбекистоннинг ўзида нархлар ошмоқда


Россия бозорида қолган Chevrolet, Cobalt, Nexia автомобилларининг нархи эса 30 минг долларгача ошиб кетган.
Россия бозорида қолган Chevrolet, Cobalt, Nexia автомобилларининг нархи эса 30 минг долларгача ошиб кетган.

Пандемия, яримўтказгичларнинг танқислиги, шунингдек Украинадаги уруш жаҳон автомобиль бозоридаги инқирозни кучайтирди.

Хусусан, Европада коронавирус пандемияси 2020 йилда автомобил сотишларида 25 фоиз пасайишга сабаб бўлган эди. Украинадаги уруш эса, пандемиядан кейин бозорнинг нормаллашиши билан боғлиқ башоратларни чиппакка чиқарди.

Аммо бу кўриниш фақат Европага хос эмас.

Россиялик дилерлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг деярли барча захираларини сотиб бўлишди. “Автостат” таҳлилий агентлиги маълумотларига кўра, ғарб санкциялари сабаб янги ўзбек машиналари келиши кутилмайди.

“Бир неча ўнлаб ўзбек автомобиллари қолган, бироқ энг машҳур моделлари аллақачон сотилиб бўлинган”, - дейди “Автостат”нинг Озодлик суҳбатлашган ходими.

Россия бозорида қолган Chevrolet, Cobalt, Nexia автомобилларининг нархи эса 30 минг долларгача ошиб кетган.

Ҳайдалган машиналар нархи ҳам Россия бозорида қарийб 30 фоизга ошди.

Ўзбекистондаги UzAuto Motors Украинага босқин ортидан Ғарб давлатлари Россияга қарши жорий этган санкцияларга риоя қилиш доирасида март ойида Россияга автомобиллар экспортини тўхтатган эди.

Сабаби UzAuto Motors ишлаб чиқарадиган автомобилларда Жанубий Кореянинг яримўтказгичлари ва микросхемалардан фойдаланилади.

Россияга қарши Ғарб санкцияларига Жанубий Корея ҳам қўшилган.

Агар UzAuto Motors Россияга автомобиль етказиб беришда давом этса, Андижон шаҳри яқинида жойлашган завод зарур бўлган бутловчи қисмларсиз қолиши мумкин.

Россиянинг Украинага тажовузи туфайли ўрнатилган АҚШ ва Европа Иттифоқи санкциялари қатор Ғарб ширкатларининг Россиядан чиқиб кетишига сабаб бўлди.

Ўтган ой бошида General Motors Украинага босқин ортидан Россиядаги фаолиятини тўхтатганини билдирганди.

UzAuto Motors Россия бозорига GM машиналарини етказишни тўхтатгани ҳақидаги хабарлар ортидан тармоқ фойдаланувчилари ва айрим блогерлар автомобил нархлари тушишини башорат қилишганди.

Аммо ундай бўлмади.

Ишлаб чиқариш 47 фоизга, нархлар 20 фоизга ошган

Машина нархлари Ўзбекистонда март ойидан буён қарийб 20 фоизга ошди.

UzAuto Motors матбуот вакили Алексей Агуреев нархлар ошишига нима сабаб экани борасидаги Озодлик саволини жавобсиз қолдирди.

Тошкентдаги “ASACAR AUTOCENTER” автодилерлик корхонаси ходими Озодликка бутловчи қисмлар етишмовчилиги сабаб “UzAuto Motors” машина етказиб беролмаётганини айтди.

“Яримўтказгичлар етишмовчилиги сабаб март ойидан нархлар ошган. 109 миллион сўмлик Nexia 129 миллион сўм. Бошқа позициялар ҳам ўртача 20 фоизга ошди”, - дейди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исмини очиқлашни истамаган корхона ходими.

UzAuto Motors айни пайтда бозорни етарли миқдордаги автомобиллар билан тўлдириш учун бор имкониятни иш солаётганини билдирган.

“Март-апрель ойларида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қўшимча 4 200 дона автомобиль ишлаб чиқариш учун ҳаво йўллари орқали 656 тонна бутловчи қисмлар олиб келинди.

Ҳар куни конвейерлардан 1 000 дан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилиб, завод тўлиқ қувват билан ишламоқда. Дарҳақиқат, компания 2022 йилнинг ўтган беш ойида ўтган йилги кўрсаткичларини ортда қолдирди”, - дейилади UzAuto Motors сайтида 29 июнь куни эълон қилинган баёнотда.

UzAuto Motors, иддаосича 2022 йилнинг январь-май ойлари давомида заводда 126 246 та автомобиль ишлаб чиқарилган.

Бу 2021 йилга қараганда 47%га кўпроқ. Ўтган йилга нисбатан ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши 40 452 дона автомобилни ташкил этади.

Яримўтказгич ва микросхемалар етишмовчилиги сабаб Андижондаги заводда ишлаб чиқариш ҳажми 2021 йилда 2020 йилдагига қараганда қарийб 16 фоизга камайган эди.

Ўз аҳолисига машина етказиб беролмаётган экспортчи давлат

2021 йилда Ўзбекистон 10 та давлатга 281, 8 миллион долларлик 28952 та автомобил экспорт қилган.

Ўзбекистондан энг кўп машина ҳарид қилган давлат эса Қозоғистондир. Ўтган йили Ўзбекистон Қозоғистонга 26 970 дона автомобил сотган.

Бу Ўзбекистон четга экспорт қилган машиналарнинг қарийб 96 фоизини ташкил қилади.

Украина 448 та автомобил билан иккинчи, Россия эса 320 та автомобил билан учинчи ўринни эгаллаган.

2019 йилда эса Ўзбекистон автомобиль экспортининг 12 фоизи Россияга тўғри келган эди.

Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб ўз автосаноатини ташкил қилган мамлакатдир.

Андижоннинг Асака ва Хоразмнинг Питнак шаҳарларидаги заводларда ҳар йили 300 мингга яқин автомобил ишлаб чиқарилади.

Аммо жаҳондаги автомобил ишлаб чиқарувчи 28 давлатнинг бири бўлишига қарамай, Ўзбекистон ўз аҳолисига автомобил етказиб беролмайди. Ўзбекистонликлар машина учун тўлов қилгандан сўнг бир неча ойдан бир йилгача уларнинг етказиб берилишини кутишга мажбур.

Айни пайтда машина нархлари юқорилигича қолмоқда. Ўзбекистонлик истеъмолчилар монополиячи ширкатни ўзи истаганича нарх сиёсатини юритишда айблашади. Истеъмолчилар ва мутахассислар ички бозорга чиқарилаётган автомобилларнинг сифати ҳеч қандай танқидга дош бермаслигини ҳам айтиб келишади.

2020 йилда Ўзбекистоннинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors ширкатини мaшиналар нархини асоссиз кўтаришда айблаб, нархларни туширишни сўраган.

UzAuto Motors бунга жавобан қўмитани маҳкамага берган эди.

Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди UzAuto Motors фойдасига ҳукм чиқарган.

UzAuto Motors эса сал ўтиб машина нархларини 21 фоизгача кўтарган эди.

Шу йил февралида ҳукумат хориждан олиб кирилган янги автомобиллар учун бож ставкасини 30 фоиздан 15 фоизга туширган, аммо иқтисодчиларга кўра, бу UzAuto‘нинг монополиячи мавқеига сезиларли таъсир кўрсатмади.

Президент Шавкат Мирзиёев бир неча бор UzAuto Motors Ўзбекистонга фойда келтирмагани, ўзбекистонликлар автомобилни хорижга сотилганидан қимматроқ нархда сотиб олаётганликларини танқид қилган, аммо амалда ҳукумат автомобил саноатида UzAuto монополиясига чек қўйиш борасида ҳеч қандай қадам қўймаган.

XS
SM
MD
LG