Ўзбекистонда ёшлар орасида худкушлик кўпайган бир пайтда мамлакат жоме масжидларида жума намозларида имомлар суицид Ислом динида гуноҳ ва ҳаром амал экани ҳақида ваъзлар ўқимоқда. Озодлик суҳбатлашган пойтахт Тошкент ва айрим вилоятлардаги масжид имомлари ва мутаваллилари жума намозларида бундай даъватлар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлар қўмитаси топшириғи билан айтилаётганини тасдиқлади. Бироқ, Озодлик суҳбатлашган дин вакилларига кўра, уларга худкушлик ҳолатлари ортаётганига оид статистик маълумотлар берилмаган.
Тошкентдаги “Сирож Солиҳ” жоме масжидининг мутаваллиларидан бири Озодлик билан суҳбатда худкушликка қарши ваъзлар Ўзбекистон Мусулмонар идораси ва Дин ишлари қўмитаси топшириғи билан ўқилаётганини айтди.
- Фақат бизни масжидда эмас, ҳамма масжидларда жонига қасд қилиш масаласида маърузалар бўляпти, бу жума ҳам бўлди, олдимиздаги жума ҳам ўқилади. Диний қўмитадан шундай топшириқ бўлди. Чунки жонга қасд қилиш кўпайган. Энди Ислом динида бу қораланади. Бу имон заифлиги белгисидир. Одамларга буни ҳаром эканини тушунтиринглар, деб бизга топшириқ бўлди, - дейди “Сирож Солиҳ” масжиди мутаваллиси.
Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида эса имомлар уйма уй юриб ўзини ўлдириш гуноҳ амал эканини одамларга тушунтирмоқда.
- Ўзини ўлдириш Аллоҳ таоло омонат қилган жонни йўқ қилишликдир. Аллоҳ берган омонатга хиёнат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ деб, одамларга жума намозида, қолган пайтда уйларига бориб тушунтиряпмиз, маҳаллада аҳолини йиғиб бу ёмон амал эканини айтаяпмиз, - дейди исми сир қолтши шарти билан Озодликка гапирган фарғоналик имом.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги Дин ишлар қўмитасининг Исломий диний ташкилотлар ва имом хатиблар билан ишлаш бўлими мулозими масжид имомларига жонга қасд қилишга қарши жума намозларида ваъз ўқиш ҳақида топшириқ берилганини тасдиқлади.
- Охирги икки ой ичида жонга қасд қилиш юқори бўлгани учун жума маърузаларини шу мавзуда олиб бориш бўйича кўрсатмалар берганмиз. Бизга статистика берилмадию, лекин ўз жонига қасд қилиш охирги икки ой давомида кўтарилди, деган маълумот берилди. Шу ўринда аниқлик киритмоқчиман, имомларга уйма-уй юриб ташвиқот олиб боринглар демаганмиз. Имомарни йиғиб, уйма-уй юрасан, деган гап бўлгани йўқ. Фақат шу эмас, диний нуқтаи назардан мақолалар чоп этамиз. Диний уламоларнинг суицидга қарши социал роликларини ҳам чиқарамиз, - дейди Дин ишлар қўмитаси мулозими.
Озодлик ўтган икки ой ичида Ўзбекистонда бешта суицид холати ҳақида хабар берган эди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.
Аммо, кузатувчилар худкушлик амаллари расмий рақамларда қайд этилганидан анча кўплигини айтади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ўтган йил ҳукумат мажлисида "ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари соат сайин ортиб бораётгани"ни айтганди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, дунё бўйича ҳар 40 сонияда дунëда 1 киши ўзини ўлдириши баробарида 20 киши ўз жонига қасд қилишга уринади.