Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:03

Бокира чиқмади деган иддао билан келин ота уйига ҳайдалди. Ота қизига оғиз солган бошқа йигитни пичоқлади


Knife, blood, murder
Knife, blood, murder

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида бокира чиқмади деб ҳайдалган қизнинг отаси турмушга чиқишидан олдин қизи билан севишган 28 ёшли йигитни пичоқлади. Ҳодиса гувоҳларининг Озодликка айтишича¸ воқеа 10 май куни Фурқат туманининг Бекобод қишлоғида рўй берган.

(Ҳодиса иштирокчиларининг исм-шарифи Озодликка маълум, лекин ахлоқ қоидалари юзасидан очиқламаëтир.)​

Воқеанинг Озодликка етиб келган тафсилотларига кўра¸ Бекобод қишлоғида яшовчи 52 ёшли ота ўзининг яккаю ёлғиз қизини 8 май куни ҳамқишлоғига турмушга узатган. Тўйдан икки кундан сўнг куёв уни бокира эмасликда айблаб, уйидан ҳайдаб юборган.

Бу ҳақда Озодликка куёвнинг қариндошларидан бири сўзлаб берди:

- Бу қиз турмушга чиқишидан олдин анча вақт бошқа йигит билан юрган экан. Бокира бўлмай чиқди. У йигитнинг кимлигини аниқлаштириб, қизнинг отасига айтдик. Бизда бунақа қизларни келин қилишмайди. Тўйга шунча харажат қилинган бўлса ҳам қизни қайтариб олиб бориб бериб келишди, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган куёвнинг қариндоши.

Турмушга узатган қизи бокира чиқмади¸ деган иддао билан қайтиб келганидан ғазабга тушган ота¸ қуда тарафдан қизининг жазмани бўлганликда айбланган йигитнинг уйига пичоқ кўтариб борган.

Ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган қўшнилардан бирининг Озодликка айтишича, ота қизининг жазмани деб айтилган йигитга "ё қизимни хотинликка оласан, ё ўлдираман" дея пичоқ билан ташланган.

- У йигит сергаклик билан ҳужумни қайтарди. Лекин елка қисми ва билагидан пичоқ жароҳати олди. Кўп қон йўқотганлиги ва жароҳати жиддийлиги сабабли туман тиббиёт бирлашмаси Тез тиббий шошилинч марказига ётқизишди. Пичоқ билан ҳужум қилган отани эса милиция қўлига кишан солиб олиб кетди. - дейди Озодлик билан суҳбатда бекободликлардан бири.

Бекобод қишлоғидаги пичоқлашув рўй берган хонадон.
Бекобод қишлоғидаги пичоқлашув рўй берган хонадон.

Озодлик мухбири пичоқланиб, касалхонада ётган йигитни топди ва у билан суҳбатлашди.

Исми очиқланмаслигини истаган йигит бокира чиқмагани учун бадном қилинган қиз билан ҳақиқатан ҳам севишиб юргани, лекин бунда на ўзи ва на қизни айбли ҳисоблашини айтди:

- У қиз билан тўрт йил олдин, танишиб, гаплашиб юрганман. Лекин қизни ўшанда менга беришмаганди. Мен ҳозир бошқа аёл билан турмуш қурганман, фарзандим бор. Ҳозир энди қизнинг отаси мени олдимга пичоқ кўтариб келиб, "қизимни бузгансан, у қилгансан, бу қилгансан, хотинликка оласан, бўлмаса ўлдираман", деб менга пичоқ билан ташланиб кетди. Елкам ва қўлимни жароҳатлади. Бунда менинг айбим йўқку, - дейди пичоқланган йигит.

Озодликка воқеа тафсилотлари юзасидан маълумот берган Фурқат тумани Ички ишлар бўлими мулозими жанжалга аралашган томонларнинг ўзаро келишуви асосида ҳодиса бўйича жиноят иши очилмагани, жабрланган томоннинг даъвоси йўқлиги сабаб қўлга олинган шахс қўйиб юборилганини маълум қилди.

Пичоқланган йигит милиция ва маҳалланинг босими остида "ҳеч кимга даъвойим йўқ", деган мазмунда тил хат ёзиб берганини айтди.

- Менга милициядагилар келиб, қўй, ишни ёпти-ёпти қилайлик¸ деди. Мен рози бўлдим, - дейди жароҳатланган йигит.

Айни пайтда Бекобод қишлоғи маҳалла фаоллари бокира чиқмади деган иддао билан ҳайдаб юборган куёв томонни қизни қайтариб олишга кўндиришга уринмоқда.

- Ёшликда бўлади. Балки бокиралиги бузилмагандир. Тушунмовчилик бўлгандир. Шунинг учун куёв томон билан келишиб, қизни унинг ёнига қайтармоқчимиз, - деди Озодлик суҳбатлашган Бекобод қишлоғи маҳалла фаолларидан бири.

Фарғона вилояти, Фурқат туманидаги Бекобод қишлоғи.
Фарғона вилояти, Фурқат туманидаги Бекобод қишлоғи.

Анъанавий ўзбек жамиятида қиз тўйга қадар бокира бўлиши керак деган ақида мавжуд. Акс ҳолда никоҳнинг биринчи куни бокира чиқмади¸ деб топилган қиз шармандаларча ҳайдалади. Айрим оилаларда бу каби қизларни ота-оналари ҳам қабул қилмайди.

XS
SM
MD
LG