Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:48

"Нимага болаларим ризқидан қирқиб, "Халқ сўзи"га обуна қилишади?"


Ўзбекистонда 1 минг 200дан зиёд газета ва журнал чиқади.
Ўзбекистонда 1 минг 200дан зиёд газета ва журнал чиқади.

Ўзбекистондаги айрим бюджет ташкилотларида ишловчилар бу йил ҳам даврий нашрларга обуна бўлишга мажбурланаётганликлари ва ойликларидан обуна учун пул ушлаб қолинаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилди. Гарчи бу амал Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга зид эса-да газета-журналларга мажбурий обуна анъана тусини олгани кузатилади.

Андижон Тиббиёт бирлашмаси ходимининг Озодликка айтишича, бирлашма раҳбарияти ҳар бир ишчига энг аввало ҳукумат газетаси, партиялар газеталари, ундан сўнг эса ўз мутахассислиги бўйича, яъни соғлиқни сақлаш соҳасига оид нашрларга обуна бўлишни шарт қилиб қўйган:

- Ҳар биттамиз "Халқ сўзи" газетаси ва "Ҳамшира" журналига обуна бўлишимиз шарт экан. Умумий ойлигимизнинг учдан бир қисмини мажбурий обуна учун ушлаб қолишди. Яқинда пахтани деб ерга кирган чўнтагимизни биратўла кўмиб қўйишди. 430 000 сўм пулга оиламизни боқайликми ё матбуотчиларними? Эпласа чиқарсинда газетасини матбуотчилар. Шу обунаси деб ҳар йили болаларим ризқини кесишади, - дейди Андижон Тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ходими.

Обунага мажбурланаётганлар фақат тиббиёт ходимлари эмас.Фарғоналик бир ўқитувчининг айтишича, мактаб ва коллежларда ўқитувчи ҳамда ўқувчилардан ҳам обунага ҳар йили пул йиғилади:

- Ҳар йили бизга план беради. Бизнинг мактабга бир йилга бир ярим миллиондан кўпроққа обуна қилинишга буйруқ берилади, биз бир миллион 200 минг сўм атрофида қилаяпмиз, бунинг учун ўқитувич ва ўқувчилардан пул йиғилади, - дейди Фарғонадаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси.

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги Қурилиш коллежида ишлайдиган ўқитувчи ҳам обуна мажбурий эканлигини таъкидлай туриб, ўқитувчиларда ҳатто ўзи хоҳлаган газетага обуна бўлиш ҳуқуқи ҳам йўқлигини айтади:

- “Даракчи”га обуна сўрасак, йўқ фақат “Халқ сўзи”, дейди. Рўйхати бор, унда биз хоҳлаган нашрлар йўқ. Иш ҳақига қараб 15 -20 фоиз олиб қолади обунага. У газетасини ҳам кўрмаймиз, қизиғи ҳам йўқ бизга, - дейди хоразмлик ўқитувчи.

Озодлик Ўзбекистонда бюджет ходимлари нега обунага мажбурланиши юзасидан изоҳ сўраб, “Матбуот тарқатувчи” ҳиссадорлик жамиятига боғланди.

Ташкилот матбуот хизмати ходимаси Озодлик билан суҳбатда обуна мажбурий эмаслигини айтди, лекин давлат ташкилотларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар доирасида рўйхатлар тузилиб, обуна қилдиришлар бўлаётганини инкор этмади:

- Бизнинг қайсидир ташкилотни обунага мажбурлашга ҳаққимиз йўқ. Буни шу ташкилотларни ўзлари қилади. Маърифий-маданий ишлар доирасида обуна уюштираётган бўлиши мумкин. Чунки, мажбурламаса, ҳеч газета олиб ўқимаяпти-да. Лекин, қайтариб айтаман, мажбурий обунага бизнинг ташкилотнинг алоқаси йўқ, - деди “Матбуот тарқатувчи” ҳиссадорлик жамияти матбуот хизмати ходимаси.

Мажбурий обуна ўзбекистонлик истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг бир кўринишидир.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ходими Шерали Турғуновнинг Озодликка айтишича, амалдаги қонунларга кўра, истеъмолчини газета-журналларга обуна бўлишга мажбурлаш мумкин эмас:

- Обунага мажбурлаш қонунга зид. Лекин шу пайтгача бирон фуқародан мажбурий обуна юзасидан шикоят тушмаган, - деди Турғунов.

Ўзбекистонда ишдан ҳайдалиш таҳдидлари остида қолган бюджет ташкилотлар ходимлари эса судга мурожаат этишга журъат этолмасликларини айтишади.

“Матбуот тарқатувчи” ҳиссадорлик жамиятига кўра, Ўзбекистонда 1 минг 200дан зиёд газета ва журнал чиқади.

"Даракчи", "Ҳордиқ", "Сўғдиёна" каби нашрлар энг бозори чаққон газеталар ҳисобланади.

Лекин, бу нашрлар мажбурий обуна қилинадиган нашрлар рўйхатида йўқ.

XS
SM
MD
LG