Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:23

Жиззахда "маҳаллий авторитет"лардан бири пичоқлаб ўлдирилди


Зуфар Турсунов Жиззах-Тошкент йўналишида қатновчи ҳусусий автобуслар ва таксилар линиясини назорат қилиб келган.
Зуфар Турсунов Жиззах-Тошкент йўналишида қатновчи ҳусусий автобуслар ва таксилар линиясини назорат қилиб келган.

Жиззах шаҳрида Жиззах-Тошкент йўналишида қатновчи хусусий автобус ва таксилар линиясини назорат қилиб келган "маҳаллий авторитет" Зуфар Турсунов пичоқлаб ўлдирилди. Ҳодиса 12 март куни Жиззах шаҳридаги Сўғдиёна ўйингоҳи олдидаги автобуслар тураргоҳида рўй берди.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, Зуфар Турсунов ўз қўли остидаги паттачи тарафидан пичоқланган.

- Паттачи каллакесар бир одам. Ўтган-қайтган автобуслардан пул олиб турарди. Пул устида жанжал чиққан. Ҳайдовчилардан кўпроқ олиб¸ тепага кам узатганми, билмаймиз. Хуллас¸ бошлиғи унга дам берган, у ўткир тиғли пичоқ билан ташланган. Зуфар акани 2-3 марта пичоқлайди. Зуфар ака қочаётганда яна қувиб, ётқизиб, яна пичоқлайди. У больницада, реанимацияда жон берди. Паттачини шу ернинг ўзида милицияга олиб кетишди, - дейди ҳодисага бевосита гувоҳ бўлган автобус ҳайдовчиларидан бири.

Жиззах шаҳридаги Тошкентга қатнайдиган автобуслар тураргоҳи.
Жиззах шаҳридаги Тошкентга қатнайдиган автобуслар тураргоҳи.

Жиззах шаҳар Ички ишлар бўлимининг исми сир қолишини истаган мулозими Сўғдиёна ўйингоҳи олдидаги автобуслар тураргоҳида пичоқлашув рўй бергани, оқибатда 1987 йилда туғилган Зуфар Турсунов исмли шахс ҳалок бўлгани, бир одам қотилликда гумонланиб қўлга олинганини тасдиқлади.

Мазкур ҳодиса юзасидан шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 98-моддаси - "Қасддан одам ўлдириш" банди бўйича иш очиб, ҳодисани тергов қилмоқда.

Пичоқлашув рўй берган машиналар тураргоҳи Сўғдиёна ўйингоҳига тегишлидир.

Жиззахлик ҳайдовчилардан бирининг Озодликка айтишича, Жиззахдаги бир гуруҳ "авторитет"лар стадион раҳбарияти билан келишиб, тураргоҳни Жиззах-Тошкент йўналишида қатновчи автобус, таксилар турадиган жойга айлантиришган.

- Стадионнинг раҳбари Музроб ака олдин Жиззах вилоят ИИБси бошлиғи муовини бўлган. Зуфар Турсунов Жиззах-Тошкент автобус ва такси линиясини назорат қилиб келган. Автобус ҳайдовчилари буларга ҳар бир қатнов учун доля бериб келган. Ўртада паттачи ҳам ўзининг улушини олиб юрган. Буларнинг ҳаммаси нелегал, яъни ноқонуний бўлган. Давлатга бир тийин тушмаган бундан. Паттачи кўпроқ оливорганми, жанжал чиқиб, пичоқлашув рўй берган, - дейди жиззахлик бошқа бир ҳайдовчи.

Канадада яшовчи жиззахлик мустақил журналист Улуғбек Ашур ҳам ўз Facebook саҳифасида Зуфар Турсунов Жиззахнинг "авторитет"ларидан бири бўлгани ҳақда ёзди.

“Жиззах шаҳридаги Тошкентга қатновчи автомобиллар турадиган "питак"лардан "обшакка" пул йиғиб турадиган Зуфар исмли йигитни ўлдириб кетишди. Собиқ спортчи бўлган бу йигит бир қанча криминал доираларда, хусусан пойтахтдаги тунги клублар билан ишловчи норасмий тизимларда фаолият кўрсатган дейишади. "Жиззахнинг зўрларидан бири эди" дейишди уни яхши таниганлар”, - таъкидлайди журналист.

Айни пайтда Сўғдиёна стадиони ёнидаги турургоҳдан Тошкентга автобус қатнови тўхтаган.

Жиззахлик ҳайдовчиларнинг Озодликка айтишича, прокуратура стадион раҳбарияти ва ноқонуний автобус қатнови бизнеасига алоқадорларни сўроқ қилишга киришган.

XS
SM
MD
LG