Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:11

Эрининг "Гвердейский"да қийноққа солинганидан шикоят қилган аёл Президентдан жавоб кутаяпти


Хизмат лавозимини суиистеъмол қилганлик ва наркотик моддалар ғайриқонуний савдоси билан шуғулланганликда айбланиб 14 йилга қамалган ўзбекистонлик собиқ милиция зобитининг турмуш ўртоғи эрининг тергов давомида миллий хавфсизлик ходимлари тарафидан тинимсиз қийноққа солинганини иддао қилмоқда.

Дилноза Зокирбекова Озодлик билан суҳбатда Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармасида Наркотик моддаларнинг ғайриқонуний савдосига қарши кураш бўлимида масъул лавозимда ишлаган турмуш ўртоғи Санжарбек Зокирбеков МХХ ходимлари тарафидан қийноққа солингани юзасидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига ҳам шикоят қилгани, лекин бир ой ўтиб ҳам жавоб олмаганини айтди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг собиқ мулозими, 37 ёшли майор Санжарбек Зокирбеков ўтган йилнинг март ойида гиёҳвандлик моддалари савдоси ҳамда пора бериш ва олишда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Унинг турмуш ўртоғи Дилноза Зокирбекова Озодлик билан суҳбатда ҳибсга олинганидан сўнг эрини Тошкентдаги "Гвардейский", деб ном чиқарган Миллий Хавфсзлик Хизматининг ертўласида терговчилар айбни бўйнига қўйдириш учун етти ой давомида қийноққа солишганини иддао қилди.

- Тергов давомида жисмионий ва рухий тазйиқлар бўлганини у менга ҳам, ўтган ой судда ҳам айтиб берди. МХХ ходимлари уни қўлида наручник бўлган холда хушидан кетиб қолгунича дўппослашган, уришган. Шундай холат бўлганки, уни ечинтириб, тиззасида эмаклатиб юритишган. Танасида ҳалигача қийноқ излари, шрамлар қолган. Айбларни бўйнига қўйиш учун қийнашган, - дейди Дилноза Зокирбекова.

Қамалган собиқ милиция зобитининг адвокати Мухтабар Ҳасанова ҳам ўз мижозига нисбатан тергов давомида қийноқ қўлланилгани, суд раиси эса қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги шикоят ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини инобатга олмаганини айтди.

- Тергов давомида қийноқ ва рухий босимлар қўлланилганини айтган. Бу ҳақда судга ҳам шикоят қилинди, судга танасидаги қийноқ белгилари, шрамлари ва кўкарган жойлари кўрсатилди, лекин судmялар бу шикоятларни эътиборсиз қолдирди, - дейди Ҳасанова.

Собиқ ички ишлар мулозими Санжарбек Зокирбеков Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 273-моддаси, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш, 210,211-моддалари пора бериш ва пора олиш каби моддалари билан айбланиб, ўтган ой 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.

- Биз президентдан суд ҳукми қайта кўриб чиқилишига ёрдам сўраймиз, - дейди 14 йилга қамалган милиция собиқ зобитининг рафиқаси Дилноза Зокирбекова.

Унинг ва адвокат Мухтабар Ҳасанованинг айтганлари юзасидан Санжарбек Зокирбеков устидан очилган жиноят ва суд ишига алоқадор томонлардан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб, ўтган ой ўтказилган маросимдаги маърузасида суд-тергов давомида қийноқ қўллаш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратган эди.

Ўшанда Мирзиёев милиция ва хавфсизлик тизимларидаги қийноқларни назарда тутиб: "Қийноқ қўллашга ўрганган кўнгил ўлганда қолади", деган эди.

- Суд ким? Суд халқ тайинлаган, кафолатни менга халқ берди. Мен ўз кафолатимдан фойдаланиб уларга ишонч қиляпман. Мен уларга қонунни буз деганим йўқ. Порахўрлик қил, деганим йўқ. Одамга беш йилнинг ўрнига 25 йил бер, деб ҳеч ким айтгани йўқ унга. Лекин жамиятимизда бундай иллатлар бор. Ҳали давом этяпти. Бу адолатни жойига қўйиш учун ҳаммамиз биргаликда курашиши вақти соати келди", - деганди Мирзиёев.

Мирзиëев терговда қийноқ ва руҳий тазйиқни тақиқлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:10 0:00

Президент Мирзиёев ўтган ой "Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонни ҳам имзолаган эди.

Фармонда қийноқ ва руҳий босимлар остида олинган далиллардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги таъкидланган.

- Президентимизни ўзи айтаяпти, қийноқ остида олинган иқрорлардан далил сифатида фойдаланмаслик керак, деб. Биз президентга ҳам бу ҳақда шикоят қилдик, жавоб бўлмади. МХХдагилар эрим уларни райига қарамасдан иш тутгани учун жазолаб, бўйнига қилмаган жиноятни қийноқ йўли билан қўйдириб, қаматтириб юборяпти, - дейди Зокирбекова.

Аммо ҳуқуқ фаолларига кўра, президентнинг декабрь ойидаги қийноқларга қарши чиқишидан кейин ҳам амалда вазият ўзгаришсиз қолмоқда.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, тергов ҳибсхоналарида қийноқлар қўлланаётгани ҳақидаги хабарлар шу кеча-кундузда ҳам келишда давом этмоқда.

- Бу ерда тизимли ислоҳотлар зарур. Қийноқ қўллаганларни қаттиқ жазолаш кўзда тутилган кучли ислоҳотлар зарур. Қоғоздаги фармонлар ва қуруқ гаплар билан вазиятни ўзгартириб бўлмайди, - деди Суръат Икромов.

Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар мунтазам эканини сўнгги ойларда озодликка чиқарилган маҳбуслар ҳам таъкидлаганлар.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар систематик эканини айтиб, Тошкент ҳукуматини бундай ҳолатларга қарши чора кўришга чақириб келади.

XS
SM
MD
LG