Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:26

ИИБ ходимлари безориликда гумонланганларни уриб, майиб қилганликда айбланмоқда


Тошкент шаҳар ИИБси томонидан безориликда гумонланиб қўлга олинган камида уч йигитнинг қариндоши Озодликка мурожаат қилиб, милиция ходимлари уларни қўлга олиш ва тергов пайти калтаклаб, тан жароҳати етказгани ҳақида шикоят қилди. Улар ўз иддаоларига далил сифатида йигитларнинг қонга беланган суратларини тақдим этди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати бу ҳодисадан хабарсиз экани, шикоятчилар 1102 рақами орқали мурожаат қилган тақдирда¸ бу шикоят тегишли тарзда ўрганиб чиқилишини билдирди.

Тошкентлик Дилором Жўраева Озодлик билан суҳбатда, унинг безориликда гумонланаётган 27 яшар ўғли Шохруҳни Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходимлари аëвсиз калтаклаб, оёғини синдирганини иддао қилди.

- Буларни роса калтаклашган, менинг боламни оёғини синдиришган, иккитасини жағи синган, биттасини бошини ёришган. Синглим адвокат билан ўтган ҳафта ёнига кириб чиқди, суҳбатда улар милиция ходимлари қилди, деб айтишди. Болам иккинчи гуруҳ ногирони, боши касал, психдиспансерда учётда туради. "Ўзини айби бўйича жазоланглар, лекин уни урманглар", деб милиция ходимларидан илтимос қиламан, - дейди Дилором Жўраева.

Жўраева 13 август куни содир бўлган бу воқеа ҳақида ҳуқуқ тизимларидан то президент қабулхонасигача тинимсиз ëзгани, лекин адолат истаб ёзган мурожаатларидан натижа бўлмагач Озодликка мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтади.

Жўраева ўз иддаоларига далил сифатида Озодликка ўғли ва шерикларининг қонга беланган суратларини тақдим этди.

- Ўғлимнинг танаси ИИБ ходимларининг калтакларидан кўкариб кетганини суратлардан ҳам кўриш мумкин. Биз бу бўйича экспертиза талаб қилдик, лекин экспертиза қилинмади, - дейди Жўраева.

Безорликда гумонланиб ҳибсга олинган беш йигитдан яна бирининг акаси ҳам Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар милицияси ходимларини зўравонликда айблайди.

Беҳзод Нуриддиновнинг акси Даврон милиция ходимларини зўравонликда айблайди.
Беҳзод Нуриддиновнинг акси Даврон милиция ходимларини зўравонликда айблайди.

Даврон Нуриддинов иддаосича, милиция ходимлари қўлга олиш пайти 25 ёшли укаси Беҳзодни ғишт билан уриб, бошини жароҳатлаган.

- Буларни ушлаб Олмазор тумани Банк коллежи ёнидаги милиция бўлимига олиб боришган экан. Мен у ерга етиб борсам Беҳзоднинг боши ёрилган, "Тез ёрдам" укамга биринчи ёрдамни кўрсатаётганди. УкамниНГ ўзидан сўрадим “ким сени бу аҳволга солди”, деб. “Милиция ходими ерда ётган ғиштни олиб бошимга урди”, деди. Ўшанда докторлардан “аҳволи оғирку касалхонага олиб бормайсизларми”, десам¸ “Олиб бориш керак, лекин ички ишлар ходимлари олиб кетишга руХсат бермаяпти” дейишди. Ҳозир Беҳзоднинг аҳволи оғир бўлишига қарамай ҳибсда ушлаб туришибди, докторларни ёнига киритишмаяпти, - дейди Даврон Нуриддинов.

Озодлик ушбу иддаолар юзасидан изоҳ олиш учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига боғланди.

Бошқарма матбуот хизматининг бу мавзуда жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун ўз шахси сир қолишини сўраган мулозими милиция ходимларининг зўравонлиги юзасидан жабрланувчилар 1102 рақами орқали шикоят қилишлари ва уларнинг шикоятлари тегишли тарзда ўрганиб чиқилишини айтиш билан чекланди:

- Конкрет бу ҳодиса ҳақида бизда маълумот йўқ. Милиция ходими кимгадир қўл кўтарган бўлса, 1102 рақамига шу милиция ходимининг исмини келтирган холда мурожаатқилишлари мумкин ва биз буни ўрганиб чиқамиз, - деди Тошкент ИИБси матбуот хизматининг ўз шахси сир қолишини сўраган мулозими.

Шохруҳ Жўраевнинг онаси унинг ИИВ ходимлари томонидан калтаклангани юзасидан Тошкент ИИБси қабулхонасига ҳам, президент порталига ҳам шикоят қилганини айтади:

- Ўша 1102 рақамига ҳам мурожаат қилдик. Мурожаат қилганимиздан кейин икки ҳафта ўтди, жавоб бўлгани йўқ. Шунинг учун Озодликка чиқиб, президентимиз милиция ходимлари нималар қилаётганини кўрсин, деб мурожаат қилаяпмиз сизларга, - дейди Дилором Жўраева.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимларининг инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиши ҳақидаги шикоятлар¸ мамлакат президенти виртуал қабулхонасига тушаëтган шикоятларнинг каттагина қисмини ташкил этади.

Ўтган йил ноябр ойида ўтказилган ҳукумат мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Ички ишлар органларини қаттиқ танқид қилган эди.

"Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Лекин айрим жойларда уларнинг фаолияти одамлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Айниқса мол-мулкка жиноий тажовуз каби салбий ҳолатларга тўлиқ чек қўйилмаган. Қасддан тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари камаймаган. Ички ишлар ходимларининг ўзлари қонунни бузиб турса, оддий халқ қаерга борсин?", — деган эди Мирзиёев ўтган йил 11 ноябр кунги ҳукумат мажлисида.

Президент портали иш бошлаганидан кўп ўтмай эълон қилинган расмий статистикага кўра¸ 2016 йил сентябри охиридан 1 декабрга қадар келган 217 минг шикоятнинг 12 фоизи айнан Ички ишлар вазирлиги фаолияти билан боғлиқ.

(Ҳозирда pm.gov.uz сайтида халқдан тушаëтган аризалар моҳиятига оид статистика эълон қилиш тўхтатилган ва шу боис¸ 2018 йилги расмий рақамлар ҳақида маълумот йўқ.)

XS
SM
MD
LG