Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:44

Бир одам ўлимига сабабчи бўлган милиция зобити қидирилмоқда


Навоий вилоятининг Нурота туманида 1 кишининг ўлимига сабабчи бўлган йўл-транспорт ҳодисаси содир этганликда гумонланаётган милиция зобитига нисбатан қидирув эълон қилинди.
Профилактика инспектори Азиз Ўразов шу йилнинг феврал ойида Нурота-Навоий йўлида рўй берган автоҳалокат ортидан уй қамоғига олинганди. Бироқ у 18 сентябр кунгига белгиланган очиқ суддан олдин ғоиб бўлди.

Жамоатчиликка гапириш ваколати йўқлиги учун ўз шахси сир қолишини сўраган Нурота тумани ҳуқуқ тизими мулозими 35 ёшли милиция зобити Азиз Ўразовга қидирув эълон қилинганини тасдиқлади.

- Эхтиёт чораси сифатида белгиланган уй қамоғи талабларини қасддан бажармагани ва судга уни олиб келиш имкони бўлмагани учун у қидирилмоқда. Ўразов топилгач унга нисбатан уй қамоғи эхтиёт чораси ўзгартирилиб, қамоқ чораси қўлланилиши ҳақида суд ажрим чиқарди, - деди Нурота тумани ҳуқуқ тизими мулозими.

Ўразов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси, яъни Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузишда айбланиб, иши судга оширилган эди.

Тергов ҳужжатларига кўра, Азиз Ўразов шу йилнинг феврал ойида “Нурота-Навоий” йўлида ўзининг "Нексия" автомашинасида қарама-қарши томондан келаётган "Дамас" машинасини уриб юборган, оқибатида "Дамас" машинаси рулида бўлган 65 ёшли Аҳмад Бобоқулов ҳалок бўлган.

Марҳумнинг ўғли Аваз Бобоқулов Озодлик билан суҳбатда милиция зобити машинани маст холда бошқариб, отаси ўлимига сабабчи бўлгани, уни ҳуқуқ-тартибот тизимлари атайлаб қочириб юборганини иддао қилади.

- Маст ҳолатда машинани бошқариб отамни ўлимига сабабчи бўлган милиция зобитига уй қамоғи қўллаб туриб, атайлаб қочириб юборишган. 18 сентябр куни судга келиши керак эди, булар ўзлари қочириб юборишди. Гўёки қидирув эълон қилишган, лекин ҳеч ким қидирмаяпти. Орада шунча кун ўтди, гўё Ўразовни қаердалигини ҳеч ким билмайди. Агар бошқа одам бўлса дарров топишарди, - дея иддао қилди Аваз Бобоқулов.

Марҳум Аҳмад Бобоқуловнинг турмуш ўртоғи Зайнаб Ҳамроева Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга видеомурожаат қилиб, эрининг ўлимига сабабчи бўлган милиция зобитини жазога тортишда ёрдам сўрайди.

Нурота тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Уйғун Шукуров Озодлик билан суҳбатда Ўразовнинг қаердалиги номаълум эканини айтиб, унинг иши билан туман суди шуғулланаётганини айтиш билан чекланди.

-Уни иши судга ошган ва туман суди бу билан шуғулланяпти, - деди Шукуров.

Ўзбекистонда милиция ходимлари иштирокида рўй берган автохалокатлар оқибатида одамлар нобуд бўлгани ҳақда Озодлик илгари ҳам хабар берган.

Уч йил аввал Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида уч пиёдани босиб кетган патруль-пост хизмати автомобилини бошқарган милиция ходими автоҳалокатдан бир неча кун ўтиб ҳибсга олинган.

Икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган милиция ходими ўн йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG