Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:01

“Банкуотч": Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга ажратилган маблағлар мақсадсиз сарфланган


Пандемия бошида халқаро молия институтлари Ўзбекистоннинг Инқирозга қарши курашиш жамғармасига ўз ҳиссасини қўшган, жумладан, Осиё тараққиёт банки 600 миллион доллардан ортиқ кредит ажратган эди. 
Пандемия бошида халқаро молия институтлари Ўзбекистоннинг Инқирозга қарши курашиш жамғармасига ўз ҳиссасини қўшган, жумладан, Осиё тараққиёт банки 600 миллион доллардан ортиқ кредит ажратган эди. 

Қароргоҳи Прагада жойлашган “Банкуотч“ (Bankwatch Network) ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукумати коронавирус пандемиясига қарши курашга мўлжалланган маблағларни мақсадсиз сарфлаган бўлиши мумкин.

Ташкилот ўз ҳисоботида бу ҳақда хабар берган фаолнинг калтакланганини ҳам иддао қилган.

Пандемия бошида халқаро молия институтлари Ўзбекистоннинг Инқирозга қарши курашиш жамғармасига ўз ҳиссасини қўшган, жумладан, Осиё тараққиёт банки 600 миллион доллардан ортиқ кредит ажратган эди.

Ташкилотнинг Жамиятни қўллаб-қувватлаш бўйича координатори Нина Лесикхина Озодликка айтишича, шаффофлик йўқлиги сабаб Ўзбекистон коронавирусга қарши курашга ажратилган маблағлар қандай сарфлаётганини текшириш деярли имконсиз.

Шундай бўлса ҳам, унинг сўзларига кўра, гуруҳ бу борада бир қатор “ташвишли коррупцион тенденциялар”ни аниқлаган.

“Инқирозга қарши жамғарма тузилганидан буён маблағлар сарфланиши шаффоф эмаслиги ҳақида танқидлар кўп бўлди. Шундан сўнг Молия вазирлиги контранктлар ҳақида ахборот чиқарди. Сарф-харажатлар ҳақида жуда чекланган маълумот жамоатчиликка ошкор қилинган.

Биз давлат харидлари, контрактлар ва шу контрактларни қўлга киритган ширкатларни ўрганиб чиқдик. Коррупцион хатарлар билан боғлиқ тенденциялар бор, деган хулосага келдик.

Масалан, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга яқин шахсларга алоқадорлиги айтилаётган учта компания тиббиёт муассасалари қурилиши бўйича энг йирик контрактларни олган. Булар-Enter Engineering, “Обод шаҳар қуриш”, “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” ширкатларидир.

Ушбу лойиҳалар бўйича тендерлар ўтказилмагани ва Ўзбекистонда ҳокимият устидан жамоатчилик назоратининг самарали механизмлари йўқлиги ҳамда мустақил оммавий ахборот воситалари деярли мавжуд эмаслиги сабаб, бундай ҳолатлар Жамғарманинг ушбу компаниялар фойдасига қарорларининг холислиги ва мустақиллигини савол остига қўяди”, - дейди Лесикхина.

Ташкилотга кўра, айрим вилоятлар, жумладан, Тошкент шаҳридаги соғлиқни сақлаш муассасаларининг харидлари аҳоли сони бўйича потенциал талабдан сезиларли даражада ошгани кузатилган.

Маблағлар "тиббий бўлмаган мақсадларда" ишлатилган

Фарғона вилоятида харид қилинган шахсий ҳимоя воситаларининг умумий қиймати республика бўйича ўртача кўрсаткичдан қарийб уч баробарга кўп бўлгани аниқланган.

“Соғлиқни сақлаш тизими ўта ёмон бўлган вилоятлар ҳокимиятлари эса маблағларини тиббий бўлмаган мақсадларда ишлатган, масалан, коммунал инфратузилмалар қурилиши каби соҳаларга.

Мана шу жиҳатлар маблағлар мақсадсиз сарфланганидан далолат беряпти. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси бошқарувида шаффофлик йўқлигини айтиб чиққан блогер ва фаолларнинг эса овози ўчириляпти. Масалан, калтакланган блогер Миразиз Бозоров биринчилардан бўлиб бу ҳақда хабар берган эди.

2020 йил июль ойида у Жамғармага 600 миллион доллар кредит ажратган Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Жаҳон банкига очиқ хат ёзиб, Тошкентда коррупцияга қарши аниқ механизмлар ўрнатилмагунча ёрдамни тўхтатишга чақирди. Бозоров пуллар қандай сарфлаётганнинг тўлиқ ҳисобини ҳам эълон қилган. Охири нима бўлди? Бозоровни ваҳшийларча калтаклашди. Бундан ташқари, у фаоллиги учун қасос сифатида жиноий жавобгарликка ҳам тортилди”, - дейди Нина Лесикхина.

2020 йил июл ойида “Банкуотч” ва Бозоров ОТБ раҳбариятига, унинг Тошентдаги ваколатхонаси ҳамда ташкилотнинг Коррупцияга қарши курашиш бошқармасига тасдиқланган ёки эҳтимолий ўғирлаш ҳолатлари кўрсатилган шикоят билан мурожаат қилган.

Аммо ОТБнинг Тошкентдаги ваколатхонаси бу иддаолар асоссизлигини айтган ва 2021 йил сентябрида коррупцияга оид дастлабки шикоятни текширмасликка қарор қилган.

“Банкуотч Нетуорк“ ОТБдан жавоб кутмоқда

Ўзбекистон расмийлари коронавирус пандемиясига қарши курашга мўлжалланган маблағлар мақсадсиз сарфлангани ҳақида бундан олдинги хулосалар, жумладан Озодлик суриштирувида кўтарилган саволларни жавобсиз қолдирган.

“Банкуотч Нетуорк“ ташкилоти Ўзбекистонда маблағларнинг мақсадсиз сарфлагани ҳақидаги иддаолар юзасидан Осиё тараққиёт банкига юборган сўровига жавоб кутаётганини айтади.

“ОТБнинг Тошкентдаги идораси мурожаатимизни жавобсиз қолдирди. 5 ноябрь куни Банкнинг коррупцион вазиятларни ўрганувчи бўлимига ҳисоботимизни жўнатдик. Улар буни ўрганиб чиқаётганликларини айтишди.
Ўзбекистондек авторитар давлатга сармоя киритишдан олдин Банк шаффофлик йўқлиги, сўз ва йиғилиш эркинлиги, ҳуқуқ ҳимоячиларидан ўч олиш ва у ерда нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатдан ўтказишга чекловларни ўрганиб, ҳукуматни шу муаммоларни ҳал қилишга чақириши керак.

Акс ҳолда, маблағлар талон-торож қилиниб, Банкнинг ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган мақсадларига путур етказиши мумкин”, - дейди Нина Лесикхина.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 2020 йил 19 март кунги фармони билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилган эди.

Унга хориждан олинадиган 1 миллиард доллар қарз ҳисобидан 10 триллион сўм маблағ йўналтирилган.

Озодлик суриштируви жараёнида бу маблағларнинг катта қисми президент ва Бош вазир қарорлари билан легаллаштирилган схемалар орқали Мирзиëевга яқин олигарх ва амалдорлар бошқарувидаги монополист ширкатлар ҳисобига ўтказилгани очиқ манбалардан тўпланган ҳужжатлар асосида тасдиқланган.

Ўзбекистон ҳукумати ОТБдан олинган қарз ҳисобидан тез тиббий ёрдам махсус автотранспорт воситалари ва тиббий ускуналар харид қилинишини билдирган эди.

Халқаро молия ташкилотларидан олинган қарзларнинг барчаси бюджет маблағларидан қайтарилиши белгиланган.

Аввалроқ Молия вазирлиги 2021 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда давлат қарзи 23,2 миллиард долларни ёки ЯИМга нисбатан 40,1 фоизни ташкил этганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG