Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:15

Қибрайлик ўқитувчи: Бу йил ҳашарчи ёллаш учун 700 минг сўмдан пул йиғилди


Эътиборингизга Тошкент вилоят, Қибрай туманида яшайдиган ўқитувчидан келган хатни таҳрирсиз ҳавола қилаяпмиз. Матн қисқартирилмади, муаллифнинг имло ва пунктуацияси сақлаб қолинди.

***

Ассалому алайкум, ҳурматли Oзодлик радиоси муҳбирлари! Камина камтарин қулингиз оддийгина бир мактаб ўқитувчисиман. Сизларга Қибрай туманидан ёзмоқдаман. Ушбу ёзганларим кимларнингдир ҳамиятига тегиб қолиши мумкинлигини билганим ҳолда, хавфсизлик нуқтаи назаридан исми шарифимни сир тутишни лозим топдим. Буни тўғри тушунасизлар деган умиддаман. Йўқса шўримга шўрва тўкилиб, “Троллар” изоляториданми ёки бошқа жойданми менга “прописка” қилиб беришлари мумкин. Камина мана анча йилдан бери мактабда ишлаётган бўлсамда, шу кунгача қанча воқеа-ҳодисаларнинг гувоҳи бўлдим. Шулар тўғрисида тўхталмоқчиман. Демак, бошладик.

Бугунги маърузамни “Кимга аза, кимга тўй” деб номладим. Халқимизнинг ажойиб бир гапи бор: “Осмон йироқ, ер қаттиқ”. Жуда топиб айтилган гап. Авваллари буни тушунмасдим. Ўқитувчи бўлгач тушундим. Бу гап айни ўқитувчилар учун айтилган бўлса керак.

Нимаки қилсанг тилак, барига ўқитувчи керак…

Ҳозирги кунда ўқитувчи жамиятимиздаги “энг керакли” шахсга айланиб қолди. Нимаки қилсанг тилак, барига ўқитувчи керак… йўғе, узр адашдим. Сал бошқачароқ эди назаримда. “Нимаки қилсанг тилак, барига ўқиш керак”. Ҳа, энди тўғри бўлди. энди бояги гапга қайтсак, “Осмон йироқ, йер қаттиқ”. Ўқитувчилар шу қадар “керакли” шахсга айландики, бу ишлардан қочиб беркинаман десангиз, жой тополмайсиз. Раҳбарлар осмонга чиқсез оёғиздан, ерга кирсез қулоғиздан тортиб олмоқда. Қаёққа қочишга ҳайронсиз. Тили бошқаю, дили бошқа бўлган мунофиқ амалдорлару, ўз обрўйини ўйлайдиган раҳбарлар, чўнтагини қаппайтириш билан овора бўлаётган лаганбардорларни кўрсам кулгим келади. Негалигини билмадим.

Энди мақсадга ўтсак. Бугунги асосий масала “ПАХТА”. Бугунги куннинг долзарб мавзуси яъни, Ўзбекистондаги долзарб мавзу. Бу мавзу қизғин муҳокама қилинмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ожизлар муҳокама қилмоқда, кучлилар бу пайтда ишини битирмоқда. Камина ҳам шу ожизлар қаторида.

Пахта миллий бойлигимиз, ифтихоримиз, уни вақтида териб олиш, нобуд қилмаслик вазифамиздир. Пахта теришга ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Чунки мени бобом ҳам пахта терган, отам ҳам терган, мен ҳам теряпман, ҳудо хохласа, болаларим ҳам терса керак.

Асосий қонунимизда ҳам миллий бойликни асраб-авайлаш фуқароларнинг асосий бурчи эканлиги эслатиб ўтилади. Бу масалада ҳеч қандай муҳокамага ўрин йўқ. Лекин яқинда бир нарсани гувоҳи бўлдим.

Телевизорга 4 та ақлли чиқиб олиб, ўқитувчиларни муҳокама қилмоқда. эмишки, жамиятимизни ривожлантириш ўз қўлимизда, четдан биров келиб бизга пахтамизни териб бермас ёки кўчамизни ободонлаштириб бермас экан. Шунинг учун эътироз билдирмасдан ободонлаштириш-у, пахта теришда ўқитувчи жонбозлик кўрсатиши керак экан. Тўғрида, ўқитувчи ахир фидоий бўлса.

Лекин ўша ақллиларга қараб бир гап айтгим келди. Ўзингизчи? Ўзингиз ҳам ободонлаштиришда ёки пахта теришда қатнашасизми? Нима учун ўзингиз шу гапга амал қилмайсиз? Ахир, асосий қонунимизнинг 18-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий мавқеи ва ижтимоий келиб чиқисидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар” деб ёзиб қўйилганку. Ёки биз ижтимоий табақалашган жамият қурмоқдамизми? Балки Қонуннинг шу моддасига ўзгартириш киритиш зарурдир. Шунда эътирозу, муаммолар бўлмасди.

Бизнинг мактабда ишлайдиган ўқитувчилардан бу йил ҳашарчи ёллаш учун 700 минг сўмдан пул йиғилди.

Лекин мени ўйлантираётган нарса, масаланинг бошқа томонидир. Яъни пахтадан ким, қанча даромад кўрмоқда? Бизнинг мактабда ишлайдиган ўқитувчилардан бу йил ҳашарчи ёллаш учун 700 минг сўмдан пул йиғилди. Улар ичида техник ходимлар, фаррошлар ҳам бор. Қисқаси ўрта ҳисобда 20 млн. сўм пул йиғилди. Маҳаллий аҳолидан 10 та ҳашарчини ёллаб, ишлатиш учун 1 ойга 10 млн. сўм пул сарфланади. Яъни, ҳар бирига 1 млн. сўмдан. Уларнинг еб – ичишлари учун яна 3 млн. сўм, директорнинг йўл ҳаражатлари учун 2 млн. сўм. жами 15 млн. сўм бўлди. Ёлланган 10 та ҳашарчи кунига ўртача 80 кг.дан пахта терса, 800 кг. бўлади.

Ҳозирги кунда 1 кг пахтанинг нархи 500 сўм бўлса, бир кунлик пахтанинг нархи 400 минг сўмни ташкил қилади. Тахминан 2 ҳафта давомида шунча миқдорда пахта терилади. Демак 1-теримда 6 млн. сўм соф фойда. 2-теримда эса ундан сал камроқ бўлади. Бу пуллар хар ҳолда теримчиларга эмас, директорга насиб қилади. Ана энди директорнинг пахта мавсумида оладиган фойдасини ўзингиз ҳисоблаб кўринг. Менимча директорларни ушбу фойдадан солиқ тўлашга мажбур қилинса, адолатдан бўларди. Ҳарна давлатимизга озгина фойда бўларди дейманда.

Иккинчи масала, 1 кунлик пахта. Бир кунлик пахтага бутун туман бўйича тахминан 300 ёки 400 киши келади. Уларни пахтага олиб бориш учун еса, 20 транспорт воситаси керак. Яъни маршруткалар. Одам йиғилиб, колонна юргунича эрталабки 8 бўлади. Пахтага етиб бориб, далага киргунча эса соат 11 бўлади. Борган 300 та одам кечгача 2 та тележкада пахта теради. Яъни 8 ёки 10 тонна. Буни пулга чақсак 5 млн сўм бўлади. Лекин шу пахта учун жалб қилинган маршрутлар ўз йўналишида юрса, ўртача 300 минг сўмдан пул ишлайди. Демакки 6 млн сўм. Давлатга қанча фойда бўлиши мумкин эди.

Яқинда Бош вазиримиз томонидан ўқитувчи, шифокор ва талабаларни пахтадан қайтариш бўйича фармойиш берилган эди. энди эса ўқитувчи ва шифокорлар яна пахтага ҳайдалмоқда.


3-масала эса, “Фармойиши олий”. Яқинда Бош вазиримиз томонидан ўқитувчи, шифокор ва талабаларни пахтадан қайтариш бўйича фармойиш берилган эди. энди эса ўқитувчи ва шифокорлар яна пахтага ҳайдалмоқда. Худди далада ёмғирдан олдин молларни инига ҳайдаб кириб, қуёш чиққач яна далага ҳайдагандек гап.

Буни қандоқ тушуниш мумкин. Бош Вазиримизнинг фармойишлари, айтган сўзлари қаерда-ю ҳокимларнинг қилаётган иши қаерда. Буни нима деб номлаш мумкин? Буни “Қарор бошқа, ижро бошқа” деб номласак тўғри бўларди.

Ҳа, нима ҳам дердим. Кимга аза-ю, кимга тўй. муҳими юртимиз тинч бўлсин, юртбошимиз омон бўлсинлар. Лекин ўзбошимча раҳбарлар ва ҳокимларга қарата бир сўз демоқчиман. Бу юртга кўплар ҳокимлик қилди, кўплар келиб кетди. Лекин шулардан саноқлисигина яхши ном қолдирди. Ана шу номни ақллилар, лаганбардорлар ёки мунофиқлар эмас, балки халқ, ҳа оддийгина халқ ҳозиргача сақлаб келмоқда, авлоддан-авлодга еткамоқда. Бу номни бардавом, барҳаёт бўлишлигида ўқитувчиларнинг ҳиссаси борлигини унутманглар. Агар маърузам кимнингдир нафсониятига теккан бўлса, узр сўрайман.

XS
SM
MD
LG