Ўзбекистонда криптовалюта савдосига қўйилган тақиқ бекор қилиниши мумкин. Зўравон ва шантажчи ИИБ ходимлари жазога тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.
“Бўйнингга қотиллик иламиз!” – ИИБ ходимлари фуқарога нисбатан шантаж ва муштумзўрлик қилди
Наманган вилоят ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор вакиллари Жамолиддин Тўраев ва Холмурод Эгамбердиев ўзи хон, кўланкаси майдон бўлган ходимлардан бўлиб чиқди (www.rost.uz, 8 май).
Бошқарма топшириғи билан Поп туманига келган икки тезкор вакил тумандаги кафеда тамадди қилишади ва чиқинди ташлашади. Шу ерда тозалов ишларини қилаётган фуқаро Дониёр Ғоипов ҳам илтимос, ҳам танбеҳ маъносида уларга “Акалар, чиқиндини бу ерга ташламанг. Кўряпсизлар, ҳамма ёқни тозалаяпман”, дейди.
Йигит ИИБ ходимларига тўғри гапни гапириб балога қолади! Икки тезкор ходим Ғ.Ғоиповни ИИБ биносига олиб бориб, калтаклашади.
“Дониёр кетма-кет берилган калтак ва зарбалар оғриғига чидолмай қолади. Илтимос, кечирим сўрашга тушади. Лекин оддий фуқаронинг эътирозини қабул қилишни ўрганмаган ходимларга илтимосу ялинишлар кор қилмасди ўша дамда”, деб ёзади “Рост24” нашри.
“Ҳали сен шошмай тур, Ғурумсаройда юз берган қотилликни бўйнингга илиб қўямиз” деб қўрқитишади уни.
Сўнг катта тезкор вакиллар топшириғи билан ҳудуд профилактика инспектори Назиржон Ҳалимжонов Д.Ғоиповга ниқобсиз юргани учун маъмурий баённома расмийлаштиради. Ҳолбуки, катта тезкор вакилларнинг ўзи ниқобсиз ҳолатда бўлган.
Бу орада ИИБ ходимлари томонидан калтаклаган йигитнинг аҳволи ёмонлашиб шифохонасига ётқизилади. Шундан сўнг мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди ҳукмига кўра, иккала тезкор вакил 3 йил муддатга ички ишлар органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жаримага тортилди.
Ўзбекистонда криптовалюта савдосига қўйилган тақиқ бекор қилиниши мумкин
Айни пайтда Ўзбекистонда биржа орқали криптовалютани қонуний равишда сотиб олишнинг иложи йўқ, аммо бу нарса тез орада ўзгариши мумкин (www.spot.uz, 12 май).
Сўнгги бир йилда дунёда биткоин 500 фоизга, эфириум эса 1500 фоизга қимматлади. Ҳозирда улар капитализация бўйича 2 триллион доллардан ортиқ бўлган иккита энг йирик крипто-активга айланган.
Қайд этилишича, бу борадаги асосий хавф шундаки, ҳаддан ташқари оғир молиявий ёки солиқ қоидалари блокчейн, эфириум ва биткоиннинг ривожланишини секинлаштириши мумкин. Масалан, Павел Дуровнинг ТОН блокчейн лойиҳаси айнан регулятор туфайли ёпилган эди.
Ўзбекистонда бир неча йил олдин блокчейн томон илк қадамлар ташланди, аммо ҳозирда “кейслар” деярли йўқ. Мамлакат шунингдек, криптовалютадан тўловларни қабул қилиш воситаси сифатида фойдаланишни тақиқлайди, уни фақат биржада сотиш мумкин.
Хонанда Жасур Умировни номусга тегишда айблаган қиз эндиликда унинг айбсиз эканини айтмоқда
Номусга тегишда айбланиб, жорий йил 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган хонанда Жасур Умиров озодликка чиқиши мумкин (www.qalampir.uz, 8 май).
Гап шундаки, Ж.Умиров томонидан номусига теккани айтилган Шаҳзода Мўминова эндиликда уни оқлашни сўрамоқда.
Ш.Мўминовага кўра, йигит унга уйланиш ниятида эканини айтган ва ўртада кечган барча ишлар унинг хоҳиши билан бўлган.
“Бошида ўз хоҳишим билан бўлганимни айтишга уйдагиларимдан қўрққанман. Шу сабабли мени зўрлади деганман. Тергов пайти Жасур ака ҳаммадан кечирим сўраб, менга уйланишини айтганидан кейин ҳақиқатни айтдим. Лекин ўз хоҳишим билан бўлганимни айтганимга судьяларнинг биринчиси ҳам, иккинчиси ҳам ишонмади. Мен Жасур акани чиқарилишини сўрайман. У инсонда айб йўқ. Жасур аканинг оиласи мени келин сифатида қабул қилишга тайёр”, дейди у.
Хонанданинг адвокати Сиёвуш Раҳматовга кўра, ушбу масала кассация тартибида Олий судда кўрилиши кутилмоқда.
“Ҳолат юзасидан ҳар иккала оила келишган бўлса, бу уларнинг ихтиёридаги вазият. Бунга қонун ҳам ҳеч қандай эътироз билдира олмайди. Ҳеч кимнинг даъвоси бўлмаган тақдирда бу иш тугатилиши керак”, дейди адвокат.