Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:39

OzodDayjest: “Ўзбекнефтгаз” тизимида “мисли кўрилмаган” талон-торож кузатилаётгани айтилмоқда


Куч ишлатар тизим вакилларига дахлдор қонун лойиҳаси депутатлар эътирозига сабаб бўлди. Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудида Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан 1900-1905 йилларда барпо этилган ёзги қароргоҳ ҳозирда хароб аҳволга келиб қолган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Депутат: Ҳозир ички ишлар ходимларига қаршилик учун жазони кучайтиришнинг вақти эмас

Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимлари, миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва бошқа ҳокимият вакилларининг ўз хизмат бурчини бажаришига қаршилик кўрсатганлик ёки тўсқинлик қилганлик учун жазо кескин кучайтирилиши мумкин (“Маҳалла” газетаси, 21 август).

Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасида ана шу жиҳат таъкидланган. Айни чоқда, мазкур лойиҳа депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

“Назаримда, республикамизда ички ишлар органи ходимлари хатти-ҳаракатидан келиб чиқсак, бу лойиҳани қабул қилиш бироз эрта деб ўйлайман. Тўғри, ижобий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Лекин бугунги кунда ички ишлар тизимидаги ислоҳотлар ўз ниҳоясига етмаган. Барчангизга маълум, ижтимоий тармоқлар орқали ички ишлар ходимларининг хатти-ҳаракати билан боғлиқ салбий ҳолатларни кузатиб боряпмиз. Бундай ҳолатда мазкур қонунни қабул қилиш тескари натижаларни бериши мумкин. Шу боис ички ишлар тизимини бу соҳага адашиб келиб қолган ва ўз вазифасига нолойиқ ходимлардан тозалагандан кейин ушбу қонун лойиҳасини қабул қилсак мақсадга мувофиқ”, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев.

Бошқа бир депутат Шуҳрат Полвоновнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси билан бир тарафнинг жавобгарлигини кучайтириш ўйланяпти.

“Биз ҳозир қаршилик кўрсатган тарафнинг жавобгарлигини оширишни ўйлаяпмиз, лекин ноқонуний ҳаракат қилган ички ишлар ходими жавобгарлиги қаерда қолади?” -дейди Ш.Полвонов.

“Маҳалла” нашри ҳам ички ишлар ходимлари иштирокидаги нохуш ҳолатлар бўйича тизим масъуллари томонидан асосли изоҳ ёки батафсил баёнот берилмаслигига эътибор қаратган.

“Агар фуқаро ноқонуний ҳаракат қилса бир кунда жазолаб, телевидениега олиб чиқилиб, узр сўратиляпти. Нима учун мансаби доирасидан четга чиққан ёки вазифасини суиистеъмол қилган мансабдорга чора кўрилмаслиги керак?”- дея мутасаддиларни саволга тутади газета.

“Ўзбекнефтгаз” тизимида талон-торож авж олмоқда


“Ўзбекнефтгаз” тизимида талон-торожликлар авж олиб, дебитор қарздорлик кескин ошиб бормоқда (“Рост24”, 22 август).

Минглаб тонна бензин ва дизель ёқилғиси ноқонуний сотилаётгани маҳсулот нархининг кескин ошишига ҳам сабаб бўлмоқда. Масалан, Ўзбекистонда 2021 йил бошида АИ-80 бензин нархи 4000 сўм эди, июль ойига келиб эса 6000 сўмга кўтарилди. Бу – 7 ой ичида бензин нархи 50 фоизга кўтарилди, дегани.

“Нарх кўтарилишининг сабабларини иқтисодчилар турли сабаблар билан изоҳлаши мумкин. Бензин нархининг кўтарилишига яна бир яққол кўриниб турган омил борки, буни тан олмасликнинг иложи йўқ, “Ўзбекнефтгаз” тизимидаги талон-торожликлар”, - деб ёзади “Рост24” нашри.

Нефть базалари томонидан истеъмолчиларга етказиб берилган маҳсулотлар бўйича дебитор қарздорлик жорий йил 1 август ҳолатига 171,9 млрд сўмни ташкил этган. Биргина Жиззах нефть базаси дебиторлик қарзининг қарийб 50 фоизи “умидсиз” деб топилган.

“Одатда коррупцияга мойил бўлган ташкилот ва тузилмаларда раҳбарлар қанча тез алмашгани билан вазият ўзгариши нима учундир жуда суст кечади. Янги амалдорлар ҳам мавжуд вазиятга кўникади ёки тизимда жамоатчилик билмайдиган яна қандайдир сир-синоат бор. Амалдаги раҳбарлар аҳолига тизимни қанчалик жозибадор кўрсатишга уринмасин, аслида ич-ичидан таназзулга ботиб бораётганини билиш учун унча катта салоҳият ҳам шарт эмас”, - деб баҳолайди нашр “Ўзбекнефтгаз” тизимидаги вазиятни.

Бухоро амирининг қароргоҳи хароб аҳволга келиб қолган

Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудида Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан 1900-1905 йилларда барпо этилган ёзги қароргоҳ ҳозирда хароб аҳволга келиб қолган (www.podrobno.uz, 25 август).

Мазкур хабар ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин танқидларига сабаб бўлган.

Навоий вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси эътироз ва танқидларга жавобан “Мирзачорбоғ” қароргоҳини таъмирлаш 2021 йил дастурига киритилгани ва ушбу мақсадда 3,1 миллард сўм маблағ ажратилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган, яқин кунларда тендер савдолари амалга оширилади.

Амир Абдулаҳадхоннинг ёзги қароргоҳи харобага айлангани ҳақида 2020 йилда ҳам айтилганди. Ўшанда Маданият вазирлиги объектни 2021-2022 йилларда тўлиқ реставрация қилиш режалаштирилганини билдирган.

Аввалроқ Бухорода XVI асрда қурилган Абдуллахон мадрасаси деворининг бир қисми ўпирилиб тушгани хабар берилганди. Вилоят прокуратураси маданий мерос объекти ҳисобланган мадраса деворининг қулаб тушиши бўйича Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши очган.

XS
SM
MD
LG