Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:56

OzodDayjest: Тошкент ҳокимлиги Россия делегациясини солиқ тўловчилар ҳисобидан шоҳона зиёфат билан сийлади


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Амалдорларга совға олди-бердиси бўйича чеклов ўрнатилади. Чўнтак адвокатлар одил терговга тўсиқ бўлмоқда. Тошкент ҳокимлигининг Россия делегацияси учун уюштирган базми жамшиди эътирозларга сабаб бўлмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Ўзбекистонда амалдорларга совға олиш борасида чеклов ўрнатилиши мумкин

Амалдорларнинг даромадларини декларация қилинишини назарда тутувчи қонун лойиҳасида давлат хизматчиларининг вазифасини бажариш вақтида юзага келиши мумкин бўлган бир қатор масалалар тартибга солиниши кўзда тутилмоқда (www.daryo.uz, 13 июнь).

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги “Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулкини декларация қилиш ва манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Лойиҳада мансабдор шахсларнинг барча даромадлари ва харажатлари декларация қилиниши белгиланган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни ҳал қилиш механизмлари, давлат хизматчисининг вазифасини бажариш вақтидаги тақиқлар ва совғалар олди-бердиси билан боғлиқ чекловлар белгиланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан давлат хизматчилари айрим тоифаларининг мол-мулки, даромадлари ва харажатларини декларациялаш тизимини босқичма-босқич, уч йил ичида жорий этиш режалаштирилган эди. Бу ҳақдаги тегишли президент қарори лойиҳаси 2019 йил октябрь ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди. Кейинчалик бу тизимни жорий этиш 2021 йил январига қадар кечиктирилгани, жорий этиш муддати эса беш йилгача узайтирилгани маълум бўлди. Бироқ 2021 йил июнь ойи ҳолатига кўра тизим ҳали ҳам ишга тушмаган. 2021 йил мартида тегишли қонун лойиҳаси Президент маъмуриятига киритилгани маълум бўлди.

“Чўнтак адвокатлар” – Ўзбекистонда адвокатуранинг асосий муаммоларидан бири айтилди

Ўзбекистонда адвокатлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича муаммолар мавжуд (“Маҳалла” газетаси, 12 июнь). Аввало кадрлар танқислиги ва сифати масаласига эътибор қаратиш керак.

Қайд этилишича, мамлакатда асосан 50 ёшдан ошган, олдинлари прокуратурада, судда ёки терговда ишлаганлар адвокатлик қилади. Адвокат бўламан деб таълим олаётган ёшларни учратиш амримаҳол. Мамлакатда бугунги кунда 4 минг атрофида адвокат фаолият юритади, яъни аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 8,5 минг кишига ўртача 1 нафар адвокат тўғри келади. Уларнинг ҳам 43 фоизи (1733 нафари) Тошкент шаҳрида иш олиб боради. Дейлик, Самарқанд, Андижон, Термиз, Нукус, Миришкор, Зафаробод, Узун каби 20 та туманда бирорта ҳам адвокатлик фирмаси рўйхатдан ўтмаган.

“Энг оғриқли нуқталаридан бири – “чўнтак адвокатлар”га дахлдор. Давлат томонидан тақдим этилган адвокатларни танлашнинг очиқ-ошкора тартиби йўқлиги боис айрим терговчилар ўзига таниш адвокатларни чақириб, айбланувчига таъсир ўтказиш ҳоллари учраб туради. Мисол учун, Тошкент шаҳрида ўтган йили давлат томонидан адвокатларга 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, ушбу маблағнинг тенг ярми 20 та адвокатлик фирмасига берилган, ҳолбуки пойтахтда 746 та фирма мавжуд”, деб ёзган газета.

Таъкидланишича, адвокатура ривожланиши учун аввало судлар чинакам мустақил бўлиши керак. Соҳа вакилларини ҳимоялаш учун Адвокатлар палатасида ваколатлар етарли эмас. 2009 йилдан бери фаолият юритиб келаётган палата агарда адвокатга нисбатан бўлаётган бирор ноқонуний хатти-ҳаракатни билса, бартараф этишни сўраб ваколатли органга хат ёки ариза билан мурожаат қилиши мумкин, холос.

“Лимонаднинг ўзи 62 минг сўм!” – Тошкент ҳокимлиги уюштирган базми жамшид эътирозларга сабаб бўлди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Россиядан келган делегациянинг биргина кечки овқати учун бюджетдан 27 миллион сўм харажат қилган. Бу факт блогер ҳамда маҳаллий матбуот суриштирувида юзага чиққан.

Давлат думаси мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигидаги Россия қаҳрамонлари ассоциациясининг 28 кишидан иборат делегацияси 2021 йил 24 апрел куни пойтахт ҳокимлиги томонидан “Crystal garden” ресторанида шоҳона зиёфат билан сийланган. Дастурхонга денгиз маҳсулотларидан ассорти (720 минг сўм), ҳар бири 62 минг сўмли лимонад (20 дона), шунингдек, 385 минг сўмли “Royal Elite” арағи (6 дона) тортилган. Шуниси эътиборга моликки, ресторандаги маҳсулотлар бозор нархидан анча қимматга тақдим этилган. Масалан, 209-282 минг сўм турадиган “Royal Elite” арағи учун ҳокимият 385 минг сўмдан сарфлаган.

Қайд этилишича, бу – Тошкентда бир марталик кечки овқат учун сарфланган бюджет маблағи. Россия делегацияси эса нафақат пойтахт, балки Жиззах, Сирдарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳам меҳмон қилинган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳокимияти 2020 йил 20 декабрь куни бўлиб ўтган тадбир учун (кофе-брейк, тушлик, жой ижараси) 1,7 млрд сўм сарфлагани ҳам жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.

“Ўзбекистонлик бир зиёфатда 1 468 246 сўмлик ўтириши мумкинми? Мумкин. Агар бу пойтахт ҳокимининг меҳмонлари бўлса ва меҳмонларга ҳокимият билан аффилланиб кетган тузилмалар хизмат кўрсатса. 1 468 246 сўм бу – камбағал ўзбекистонликнинг 100 кунлик минимал истеъмол харажати”, деб ёзди иқтисодий мавзуга ихтисослашган блогер Отабек Бакиров.

“АҚШ президентлари, одатда, барча харажатлари учун ўзлари пул тўлашади. Масалан, президент туғилган кунига дўстларини чақирмоқчи бўлса ёки умуман меҳмон кутмоқчи бўлса, барча озиқ-овқат каби харажатларни шахсий маблағлардан молиялаштириши керак. Ҳатто президентнинг расмий резиденцияси – Оқ уйдаги тиш пастаси ёки химчистка харажатлари ҳам, табиийки, солиқ тўловчи ҳисобидан қопланмайди”, деб ёзган АҚШдаги Висконсин университети бизнес мактаби докторанти Беҳзод Ҳошимов.

XS
SM
MD
LG