Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:14

OzodDayjest: Ўзбекистон вазирликлар сони бўйича МДҲда биринчи ўринга чиқди


Ўзбекистондаги вазирликлар сони 25 тага етди. Биргина туманда 32 та кўчага Мустақиллик номи берилгани аниқланди. Таниқли футболчининг ёши ва исми ўзгартирилгани маълум бўлди. Тугаётган ҳафтада маҳаллий матбуотда чоп этилган айрим мақолалар мазмуни билан OzodDayjest рукнида танишинг.

Ўзбекистон вазирликлар сони бўйича МДҲда биринчи ўринга чиқди

Яқинда Ўзбекистонда яна иккита янги марказий тузилма – Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги тузилиши ортидан Ўзбекистондаги вазирликлар сони 25 тага етди (“Маҳалла” газетаси, 26 февраль).

Қайд этилишича, бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда, шунингдек, МДҲ давлатлари орасида ягона. Қолаверса, қўмита, агентлик, инспекция, марказ ва уюшмалар сони бундан ҳам кўп.

“Бошқарув тизимида давлат органлари сони кўп бўлар экан, ўз навбатида, уларга кетадиган харажатлар ҳам жуда салмоқли бўлади. Ҳатто давлат иштироки шарт бўлмаган соҳа ва тармоқларда ҳам давлатсифат уюшма, ассоциация ва шунга ўхшаш идоралар ташкил этилганки, бу билан фақат давлат бюджетидан пул оладиган ташкилотлар кўпайган, холос”, деб ёзади муаллиф.

Қайд этилишича, бир-бирини такрорловчи бундай вазирлик ва идоралар ҳукумат таркибида мавжудлиги бюджет харажатлари ошиши билан бирга, соҳаларда функциялар такрорланишига, ўзаро ўхшаш ёки зид меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига ҳам олиб келмоқда.

Шунга кўра газета ҳукуматни ихчамлаштириш лозимлигини таъкидлайди.

“Бундан ташқари, хусусий сектор бажариши мумкин бўлган соҳаларда умуман давлат идораларини ташкил қилмаслик ва борларининг ваколатларини ҳам хусусий секторга ўтказиб юбориш мақсадга мувофиқ. Зеро, кўп ҳолатларда хусусий сектор давлатга қараганда яхши ишлайди. Бу борада қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда, лекин амалда нима бўляпти? Ҳозирча биз кутганчалик ўзгаришлар йўқ”, деб ёзади “Маҳалла” нашри.

Аввалроқ адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам ҳукумат ихчам бўлиши кераклигини қайд этган эди.

“Ўзбекистонга жуда катта давлат аппарати тўғри келмайди. Унга кетадиган харажатлар жуда кўп. Ундан кўра, иқтисодни ривожлантиришга йўналтиришимиз керак. Қанча давлат органи кўп бўлса, шунча иқтисодиёт юриб кетиши қийин бўлади”, деган эди Р.Давлетов.

Таниқли футболчи ҳужжатларини сохталаштиргани ошкор бўлди

Ўзбекистонлик таниқли футболчи Ҳусниддин Ғофуров аслида 2 ёшга катта экани ва ҳақиқий исми Анвар бўлгани маълум бўлди (www.xabar.uz, 2 март).

Анварнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари 1997 йилда туғилган укаси Ҳусниддинники билан алмаштириб қўйилган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят Бувайда туман суди ҳукмига кўра, ака-уканинг сохта маълумот асосида расмийлаштирилган фуқаролик паспортлари белгиланган тартибда йўқ қилиниб, уларнинг ҳақиқий шахсий маълумотлари ва исм-фамилиялари бўйича паспорт расмийлаштирилган.

Футболчиларнинг мақоми бўйича қўмита футболчи ўша вақтда бунга ўзи истамаган ҳолда мураббийлари ва ота-онасининг қистови билан розилик берган деган хулосага келган ҳамда профессионал футболчилик фаолиятида давом этишига рухсат берган.

Маълумот учун, Ҳусниддин Ғофуров Ўзбекистон миллий жамоасида тўп сурган. Ўтган мавсумда АГМК таркибида ўйнаган тажрибали ярим ҳимоячи яқинда “Нефтчи” билан шартнома имзолаган.

Футболчиларнинг ёши ўзгартирилиши кўп кузатилиши айтилади.

“Аввало, ҳалолликка эътибор беришимиз керак. Нафақат футболда, балки бошқа соҳаларда ҳам ўсишга эришамиз ҳалоллик бўлса. Ҳалоллик ҳақида гапирганда, футболчиларнинг ёшини кичрайтириш масаласига ҳам тўхталсам. Миллий жамоада, чемпионатда ёши кичрайтирилган футболчилар аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, бундан кейин бўлмаслигига эса ҳаракат қилишимиз керак”, деган эди аввалроқ таниқли футболчи Темурхўжа Абдухолиқов.

Биргина туманда 32 та кўчага Мустақиллик номи берилгани аниқланди

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида 683 та кўча бўлиб, биргина Мустақиллик номи зарурат бўлса-бўлмаса 32 та кўчага берилган (“Халқ сўзи” газетаси, 2 март).

Адаш кўчалар рейтингида Истиқлол (23 та), Тинчлик (18 та), Дўстлик (16 та), Обод (14 та), Ёшлик (12 та) юқори ўринни эгаллайди.

Шунингдек, туманда номи 10 маротабагача такрорланган Ўзбекистон, Қўрғонча, Юксалиш, Бунёдкор каби кўчалар бор.
Тарихий қадриятларга беписандлик сабаб тумандаги тарихий номларни ўзгартириш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Масалан, Карим девона номи Каримобод, Товуш – Тинчлик, Ойимча қақир – Мевазор кўчаси сифатида ўзгартирилган.

Газетанинг эслатишича, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасида берилаётган ном унинг ўзига хос белгиларини акс эттириши, бу борада маҳаллий аҳоли фикри инобатга олиниши кераклиги белгиланган.

XS
SM
MD
LG