Линклар

Шошилинч хабар
17 март 2025, Тошкент вақти: 23:56

ЕИ Ташқи ишлар вазирлари Озод Европа/Озодлик Радиоси атрофидаги вазиятни муҳокама қилмоқда


Европа Иттифоқи қароргоҳи, Брюссель.
Европа Иттифоқи қароргоҳи, Брюссель.

Брюсселда 17 март куни бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилишида Украинадаги уруш, Яқин Шарқдаги вазият ва бошқа масалалар билан бирга, АҚШ Конгресси томонидан маъқулланган ва Озод Европа/Озодлик Радиоси фаолиятини молиялаштирган грантнинг тугатилиши муносабати билан юзага келган вазият ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Озодлик мухбири хабар бермоқда.

Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский якшанба куни Озод Европа/Озодлик Радиоси ва "Америка овози" фаолиятининг аҳамияти ҳақида гапириб, уларни авторитаризм шароитида яшовчи мамлакатлар аҳолиси учун "маёқ" деб атади.

Чехия вакиллари ЕИдаги ҳамкасблари ўртасида баёнот лойиҳасини тарқатдилар. Озодликда нусхаси мавжуд бўлган баёнотда Озод Европа/Озодлик Радиоси молиялаштирилиши билан боғлиқ вазият юзасидан жиддий ташвиш билдирилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, ўнлаб йиллар давомида "темир парда" ортидаги мамлакатлар аҳолисига объектив маълумот етказиб келган ушбу медиа-ташкилот "ҳозир ҳам эркин матбуот йўқ ёки чекловлар билан фаолият кўрсатаётган ҳудудларда ўн миллионлаб кишиларга ишончли, мустақил янгиликлар етказиб беришда давом этмоқда".

Шунингдек, Озод Европа/Озодлик Радиоси ўз фаолияти орқали Европа хавфсизлигини мустаҳкамлаши таъкидланган ва унинг ёпилиши "Европа рақиблари учун совға бўлиши" айтилган.

Лойиҳада РСЕ/РС фаолиятини давом эттиришга имконият яратадиган молиялаштириш манбаларини топиш нияти билдирилган. Аммо батафсил маълумот берилмаган. ЕИнинг неча давлати бу баёнотга қўшилиши мумкинлиги ҳозирча номаълум.

Озодлик суриштируви: Отабек Умаров ўнлаб миллион долларлик қасрни қайси пулига қуряпти?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:47:11 0:00

"РЕАЛЛИККА ТУТИЛГАН ОЙНА"

Кўплаб америкалик ва халқаро матбуот ташкилотлари, жумладан, Миллий матбуот клуби, Чегара билмас мухбирлар ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Озод Европа/Озодлик Радиоси ва "Америка овози" ҳимоясига баёнот билан чиқди.

Айни пайтда кўплаб инсон ҳуқуқлари гуруҳлари, фаоллар ва тадқиқотчилар Озод Европа/Озодлик Радиосининг Марказий Осиё хизматлари билан бирдамлик изҳор қилишмоқда.

"Ўзбекистон фуқароси ва авторитар давлатларда яшаган инсон сифатида айта оламан: Озодлик радиоси доимо реал воқеликка тутилган ойна бўлиб келган. Давлат ОАВ лари йиллар давомида фаровонлик ва тараққиётни мадҳ этиб келган Ўзбекистонда, айнан Озодлик радиоси 2005 йилдаги Андижон воқеалари ҳақида хабар берган, Каримов режими жиноятларини тергов қилган ва Мирзиёев оиласидаги коррупция ҳолатларини ёритишда давом этмоқда. Ахборот қаттиқ назорат қилинадиган мамлакатда, Озодлик ҳалигача воқеликни реал акс эттирадиган асосий манба ҳисобланади", — дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Галия Ибрагимова.

"Агар Азаттык (Озодлик қозоқ хизмати) ўз фаолиятини тўхтатса, мамлакатда «қонун ва тартиб диктатураси» ўрнатилади. Бу дегани, ҳозирда умидсиз ҳолда бўлган ўттизга яқин сиёсий маҳбуснинг ҳолати яқин орада бутун Қозоғистон жамиятига таъсир қилади. Балки шундагина биз, мамлакат сифатида, сўз эркинлигининг ҳақиқий қадрини тушуна бошлаймиз", — деб ёзди қозоғистонлик сиёсатшунос Шалқар Нурсеитов.

ВОҚЕАЛАР ХРОНОЛОГИЯСИ

АҚШ президенти Доналд Трамп 7 та федерал агентлик, жумладан Озод Европа/Озодлик радиоси, Америка Овози ва бошқа бир қанча оммавий ахборот воситаларини бошқарувчи АҚШнинг Глобал Медиа агентлиги (USAGM) фаолиятини қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатда айтилишича, 7 кун ичида ҳар бир агентлик раҳбари Президент бюджети бошқармасига Трамп фармонига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳисобот тақдим этиши ва агентликнинг қайси таркибий қисмлари ёки функциялари “қонун билан мажбурий ва қай даражада” эканлигини тушунтириб бериши керак.

Фармон чиққанидан бир неча соат ўтиб, ABC News телеканалининг собиқ мухбири, журналист Тара Палмери Озодлик радиоси учун Конгресс томонидан маъқулланган грант маблағлари тўхтатилгани ҳақидаги USAGM мактубини эълон қилди.

Мактуб Кэри Лейк томонидан имзоланган бўлиб, у ўзини (USAGM) бош директор вазифасини бажарувчисининг етакчи маслаҳатчиси сифатида таништирган.

Лейк Трамп томонидан "Америка Овози" раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатилган, аммо унинг тайинланиши Телерадиоэшиттиришлар бўйича халқаро маслаҳат кенгаши томонидан маъқулланиши керак.

Озод Европа/Озодлик радиоси Президенти ва Бош ижрочи директори Стивен Капус грант битимининг бекор қилиниши "Америка душманларига катта совға" бўлишини айтди.

"Озодлик радиосининг грант шартномасини бекор қилиш Америка душманлари учун катта совға бўлади. Эроннинг оятуллоҳлари, Хитойнинг коммунистик раҳбарлари, Москва ва Минскдаги автократлар Озодлик радиосининг 75 йиллик фаолиятидан сўнг ёпилганини нишонлайдилар. Бу уларни кучли, Американи эса кучсиз қилади", дейилади Капуснинг баёнотида.

Озодлик радиоси тарихи давомида ташкилот АҚШнинг иккала йирик сиёсий партияси томонидан ҳам кенг қўллаб-қувватланган, дейди Капус.

“Бизсиз ёпиқ жамиятларда яшовчи 50 миллионга яқин одам ҳар ҳафта АҚШ ва дунё ҳақидаги ишончли янгиликлар ва маълумотлардан маҳрум бўлади”, - дея хулоса қилди у.

Алламжоновга суиқасд. Буюртмачи ким?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:28:39 0:00

Вашингтондаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) АҚШ Конгресси раҳбарларини USAGMни Трампнинг буйруғидан ҳимоя қилишга чақирди.

“Бутун дунё бўйлаб авторитар режимларнинг ҳикояларига қарши курашувчи мустақил журналистикани қўллаб-қувватловчи Конгресс томонидан молиялаштириладиган агентликни йўқ қилишга Оқ уйнинг уринаётгани ғазабланарли”, деди қўмитанинг дастур директори Карлос Мартинес де ла Серна 15 март куни қилган баёнотида.

USAGM ҳар ҳафта тахминан 361 миллион кишига 50 га яқин тилда янгиликлар ва маълумотларни узатишни мувофиқлаштирувчи АҚШнинг мустақил давлат агентлиги ҳисобланади.

USAGM 2025 йил учун Озод Европа/Озодлик Радиоси, Америка Овози, Озод Осиё Радиоси, Марти Радиоси (Куба), Яқин Шарқ радиоэшиттириш тармоғи (МBN) ва Интернет лойиҳаларини ишлаб чиқувчи “Очиқ технологиялар” жамғармаси каби оммавий ахборот воситаларини молиялаштириш мақсадларига 950 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сўраган.

Форум

XS
SM
MD
LG