Нима деб оқлашларидан қатъи назар, утилизация йиғимларининг 4 карра оширилиши Ўзбекистонда электромобиль олиб келиб сотуdчи чайқовчига айланган (лақаби маҳаллийлаштирувчи) BYD Uzbekistan манфаатларига ишлайди, деб ёзмоқда иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров.
BYD Uzbekistan Factory ва BYD Central Asia махсус имтиёзга эга, улар электромобиллар сотувида утилизация йиғимидан озод қилинишган. (Яна бир чайқовчи монополист, BYD Uzbekistan билан ота бир, она бўлак Uzauto Motors ҳам яширин қарорлар билан утилизация йиғимини тўламаслигини кўпчилик билса керак).
ЖСТга кириш эълон қилинган ва жараён энг юқори сиёсий даражада фаоллаштирилган бир вақтда ғирт иккиюзламачи қадам. Қанақадир тор тўдалар учун бутун бир мамлакатнинг стратегик танлови ва имижини сўроқ остига қўйиш бу.
5 йилдан бери ундирилаётган утилизация йиғими қаерга кетяпти?
Буни ҳеч ким билмайди. Импортни чеклаш учун 2020 йилда жорий қилинган утилизация йиғими қаерга, қайси чўнтакка тушаяпти, ким тақсимлаяпти, нимага ишлатилаяпти, ҳеч ким билмайди.
Бюджетда утилизация йиғимидан тушумлар ҳам, харажатлар ҳам бирон марта очиқланмаган. Халқ тугул, парламент олдида ҳам. Яъни бу утилизация йиғими солиқ эмас (солиқларни парламент жорий қилади), қип-қизил ўлпон.
Буям майли. Кулгулиси, утилизация йиғимини 4 карра ошириш тўғрисидаги қарор ижроси ЖСТга кириш учун масъул бўлган Ходжаевга топширилган.
Ходжаев ЖСТга кириш бўйича музокараларда импортни чеклаш учун утилизация йиғими жорий қилингани, каррасига оширилгани, лекин маҳаллий чўнтак чайқовчилар учун дарча ва яширин қарорлар билан имтиёз берилганини қандай тушунтираркин?
Ё ЖСТга киришни тўхтатиб турамизми?
“Аккумлятор” қарор бекор қилиниши керак
Юлий Юсупов огоҳлантираётганидек, “иқтисодиётни ютиб юбораётган улкан бюрократик маҳлуқ” мақсадига эришишига йўл қўйилса, Ўзбекистоннинг келажаги йўқ.
Мазмунига кўра бож ҳисобланган утилизация йиғими оширилишидан мақсад импортни чеклаш ва бусиз ҳам триллионлаб яширин имтиёзларга эга бўлган олигархик гуруҳларга ўзбекистонликларни кўпроқ талаш имкониятини тақдим этиш холос.
Лекин маҳаллийлаштириш ёлғонларининг иштирокчиси бўлган бюрократия тушуниши керакки, энди шартли Seagull Хитойдагидан 1,5 баробар эмас, 1,8 ва ҳатто 2 баробар қиммат бўлади, лекин ҳимоя қилаётганингиз учҳарфли аждарҳолар тўдаси рақобатли бўлиб қолмайди. Уч бошли Аждарҳоларнинг иштаҳаси қонмайди, янги ва янги тақиқлар талаб қилади ҳали. Ўзи жимитдек экономика янада кичраяди, қашшоқ халқ янада абгорлашади, тамшаниб бўлишадиган пирогингиз эса ўша-ўшалигича қолади. Худди Каримов давридагидек. Кейин бир-бирингизни чайнашни бошлайсиз.
Шундай экан, ўз оёғингизга болта уришдан бошқа натижа бермайдиган “аккумлятор” қарорингизни бекор қилинг, эртани ўйласангиз, бу сизнинг ҳам фойдангиз аслида.
Отабек Бакиров
Иқтисодчи, блогер
(Телеграмдаги Bakiroo каналидан олинди)
Таҳририятдан: OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.
Форум