Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Расмий ҳужжат: 2019 йилги пахта мавсумида умумҳосилнинг 5 фоизга яқини қўшиб ëзилган!


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 6 январида Сурхондарë вилоятидаги 13 та маъсулияти чекланган жамият раҳбари устидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш ​департаментнинг вилоят бошқармаси жиноят иши очди.

Мазкур иш тафсилотларини Озодликка билдирган «Ўзбекпахтасаноат» акциядорлик жамиятининг исми айтилишини истамаган мулозимига кўра¸ бу 13 та ширкат 2019 йилда 22 минг 300 тонна пахтани қўшиб ëзган.

Озодликда нусхаси мавжуд бўлган ҳужжатга кўра¸ қўшиб ëзиш кўлами Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарë вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбири давомида аниқланган.

Тергов суриштирувига оид Озодлик танишган ҳужжатларда ширкатлар номи ва устидан жиноят иши очилган мулозимлар исм-шарифлари келтирилган.( Айбсизлик презумпциясига мувофиқ мулозимлар исми шарифлари суд ҳукми эълон қилингунга қадар очиқланмаëтир -таҳр.)

Озодликдаги ҳужжатларга кўра¸ прокуратура томонидан пахтани қўшиб ëзганликда айбланаëтган Сурхондарëдаги ширкатлар рўйхатига:

”Surxhon gold fresh” МЧЖ¸ “Uz trade agro” МЧЖ¸“Surxon eksport” МЧЖ¸ “Sariosiyo maeva sabzovot” МЧЖ¸ “Oqtoshobodlik gallakor agrofirma” МЧЖ¸“Muzrabod gallakorlik agrofirma” МЧЖ¸ “Bandixon Zarafshon agrofirma” МЧЖ¸ “Surxon sifat textile” МЧЖ¸ “Termiz jayxun cluster” МЧЖ¸“Chinoz textile” МЧЖ¸ “Asg-angor paxta tozalash” МЧЖ¸“Сурхондарë агрохизмат” МЧЖ¸“Шашмохкашоб” АСФ киритилган.

Озодлик танишган ҳужжатларда¸ хусусан¸ Сурхондарë вилоятидаги “Chinoz textile” МЧЖнинг 2019 йилги мавсумда 11¸1 минг тонна пахтани қўшиб ëзгани айтилади. Бу ҳужжатларда ëзилишича¸ пахта қўшиб ëзилишида кластерлар ҳам фаол иштирок этган.

«Ўзбекпахтасаноат» мулозимининг таъкидлашича¸ Сурхондарëда пахта хом-ашëсини умуман қабул қилмаган ва пахтага алоқаси йўқ еттита ширкат ҳам қўшиб ëзиш “схемаларида иштирок этган”.

Мулозим ўз фикрига исбот сифатида ¸ “Sariosiyo meva sabzovot” МЧЖнинг амалда бир кило ҳам пахта толаси қабул қилмай қоғозда 1¸9 минг тонна пахтани“кирим” қилганини айтади.

Бутун республика бўйлаб қўшиб ëзиш фактлари аниқланган

Ўзбекистон ҳуқуқ-тарибот органларига яқин яна бир мулозим томонидан Озодликка тақдим қилинган бошқа бир ҳужжатда эса республика бўйлаб 120 та хўжалик субъектида ўтказилган назорат тадбирида 142¸9 минг тонна пахта қўшиб ëзилгани аниқлангани ëзилган.

«Ўзбекпахтасаноат» мулозимига кўра¸ бу 2019 йили ҳақиқатда қабул қилинган пахта хом-ашëсининг 4¸5 фоизини ташкил қилади.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига яқин мулозимнинг айтишича¸ асл рақам бундан ҳам катта бўлиши мумкин:

- Чунки назорат тадбирлари ва рейдлар пахта хосили билан боғлиқ барча хўжалик субъектларида ўтказилгани йўқ.

Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари Ëрқин Турсунов 2020 йилнинг 4 январ куни имзолаган ва Озодликда нусхаси мавжуд ҳужжатда мамлакат бўйлаб 37 та пахта тозалаш корхонаси ва 76 та кластердаги қўшиб ëзиш фактлари ҳудудлар кесими ҳамда вилоят топширган пахтанинг умумий тоннасига нисбатан процент ҳисобида кўрсатиб берилади.

Бу ҳужжатда Сурхондарëда қўшиб ëзилган пахта 71¸ 9 минг тонна (26¸5 %)¸ Фарғона вилоятида 37¸0 минг тонна (15.5%) Тошкент вилоятида 22¸9 минг тонна (10%) дея кўрсатилган.

"Ўзпахтасаноат” давлат акциядорлик жамиятидаги мулозимнинг айтишича¸ республикадаги пахта хом-ашёсини қабул қиладиган 500 га яқин пункт ва 100 дан ортиқ пахта тозалаш заводларида ўтказилган теширувларида тарозилар атайлаб бузиб қўйилган.

Озодлик суҳбатлашган мулозимга кўра¸ пахта қабул қилиш пунктларидаги механик тарозиларни электрон рақамли тарозиларга алмаштириш самара бермаган.

Мулозим иддаосича¸ рақамли тарозилар хотираси компьютер дастурчилари кўмагида осонгина ўзгартириб қўйилган.

Озодлик 2019 йилги пахта ҳосилини қўшиб ëзиш фактлари юзасидан изоҳ сўраб Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазирлиги матбуот котиби билан боғланди.

Озодлик келтирган рақам ва фактларни эшитган котиб вазирлик мутасаддилари билан маслаҳатлашиб¸ яқин кунларда бу юзадан изоҳ беришини ваъда қилди.

(Расмий изоҳ келиши билан Озодлик уни жамоатчиликка тақдим этади.)

Қўшиб ёзиш тарихи

Ўзбекистонда "приписка - қўшиб ёзиш" тарихи ўтган асрнинг 70-80 йилларига бориб тақалади. 80-йилларда "Пахта иши" билан юзлаб ўзбекистонлик раҳбарлар, колхоз-совхоз раислари, пахта заводлари мулозимлари қамалган эди.

Ислом Каримов президентлиги даврида ҳам қўшиб ёзиш ҳолатлари давлат мулкини талон-торож қилиш деб номланиб, бир қанча раҳбар жиноий жавобгарликка тортилган.

Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг, Бош прокуратура Ўзбекистоннинг бир неча туманида қўшиб ёзиш ҳолатлари бўлганини аниқлаб, уни ошкор қилди.

Жумладан, 2019 йил октябрь ойида Бош прокуратура матбуот хизмати, «Шуманай пахта қабул қилиш маскани» мансабдор шахслари «Ж» фермер хўжалиги томонидан 2019 йилнинг 13-15 сентябрь кунлари 2.580 кг пахта хом-ашёси топширилган бўлса-да, юк хатлари ва «ECAS» электрон дастурига сохта маълумотлар киритиб, умумий қиймати 20,8 млн. сўм бўлган 5.940 кг. пахта хомашёсини қўшиб ёзиб, ҳужжатларни сохталаштирганлиги аниқланганини билдирган эди.

Шунингдек¸ Озодлик Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган 2019 йил кузидаги тезкор тадбирда, «Қўшкўпир пахта тозалаш» АЖ мансабдор шахслари «С.Р.» фермер хўжалиги раҳбари О.К. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, жамиятга кирим бўлган 2.490 кг. пахта хом ашёсини қайта жамиятга топшириш учун олиб кирган вақтда ашёвий далиллар билан ушланганини хабар қилган.

Шунингдек Озодлик Бухоро вилояти туманларида режани бажариш учун фермер хўжаликлари пахтани қўшиб ёзишга мажбурланаëтгани борасида аниқ ҳужжатларга асосланиб 2019 йили мақола эълон қилган эди.

XS
SM
MD
LG