Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:15

Наманганлик боғбонлар ипак қурти боқиш учун шартнома тузишга мажбурланмоқда


Наманган вилояти Норин туманида боғбонлар баҳорда ипак қурти боқиш учун ҳокимлик билан шартнома қилишга мажбурланмоқда. Бу ҳақда Озодликка гапирган боғбонларга кўра, расмийлар уйма-уй юриб, шартнома тузмаганлар пилла пулини тўлашидан огоҳлантирмоқда. Туман ҳокимлиги расмийси, бундай топшириқнинг вилоят ҳокими томонидан бўлганини айтди.

Норин тумани “Тошлоқ” қишлоқ фуқаролари йиғини ҳудудида истиқомат қиладиган боғбонлардан бирининг айтишича, уларга бу йил пилла қурти боқиш вазифаси мажбуран юклатилмоқда.

“Маҳалла комитети ва ҳокимликдан бўлган одамлар уйга келиб, “бу йил қурт тутасизлар, бу мажбурий, отказ қилишга ҳақларинг йўқ, агар отказ қилсаларинг пулини тўлайсизлар”, деб айтишди. Ахир, менинг икки хона уйим бор, қуртни қаерда боқаман, деб айтсак, “бўлмаса пулини тўлайсизлар”, деди, дейди боғбонлардан бири.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир боғбоннинг айтишича, расмийлар ипак қурти боқиш учун шароит йўқлигини ҳисобга олишмаяпти:

“Мен ҳокимнинг қарори билан қарийб бир ярим гектар сув чиқмас жойда боғ яратгандим. Илгари бизга қурт боқасан¸ дейишмаган. Ипак қурти боқиш учун тут дарахтлари керак. Бизда бир тутам ҳам тут йўғу! Фермерлар еридаги тутлар эса уларнинг ўзидан ортмайди. Биз шу гапларимизни рсамийларга айтсак, улар елка қисиб, топасан-да, дейишади, дейди боғбон.

“Тошлоқ” қишлоқ фуқаролар йиғинининг исми сир қолишини сўраган фаолларидан бири Озодлик билан суҳбатда бундай топшириқ туман ҳокими томонидан берилганини айтди.

“Ҳоким, бизнинг оқсоқолни ҳам чақириб, деҳқон хўжалиги бор боғбонларни қурт боқишга мажбур қиласан, депти. Оқсоқол ҳам бир оғиз гап айтолмай, хўп, депти. Ҳудудимизда ўн бешга яқин ана шундай боғбон хўжаликлари бор. Уларнинг ҳаммасига айтиб чиқдик. Баъзилари шартномани имзолади, баъзилари норози бўлиб турибди”, деди қишлоқ фаолларидан бири.

Норин туман ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими деҳқон ва боғбон хўжаликлари билан ипак қурти боқиш хусусида мажбуран шартнома тузилаётганини тасдиқлади:

“Тўғри, бу йил пилла боқишга ҳоким қарори билан ер олган балиқчилик, теракчилик, боғбончилик хўжаликлари ҳам киришиши ҳақида вилоят ҳокимининг топшириғи бор. Ҳозир ана шуларни огоҳлантириб, рўйхат қиляпмиз. Лекин, аввал тутлар инвентаризация қилинади ва ўшларнинг сонига қараб ипак қурти бўлиб берилади. Шартнома қилганидан сўнг, пилла бошқармаси барг билан таъминлаб беради”, деди ҳокимлик мулозими.

Наманган вилоятининг бошқа туманларига ҳам юборилгани айтилган вилоят ҳокими буйруғининг бошқа ҳудудларда қандай бажарилаëтгани тафсилотлари ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Ўзбекистонда фермерлар пилла харид нархининг пастлиги ва машаққатли меҳнатидан тегишли даромад ололмаётганидан шикоят қилиб келади.

Айни пайтда, Ўзбекистонда ипак қурти боқиш фермерларга мажбурий равишда юклатилади. Фермерлар эса, ишчилар ҳақини буғдой ёки сомон билан беради.

Ўзбекистонда пилла хом ашёсини қайта ишлаб, уни толага айлантирадиган 26 та корхона фаолият юритади.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат ҳиссадорлик компаниясидан Озодлик олган маълумотга кўра, бу корхоналар ҳар йили пилла тайёрлаш ширкатлари билан шартнома тузади.

Компания мулозимига кўра, Ўзбекистонда тайёрланган пилла толасининг 70 фоизи экспорт қилинади, 30 фоизи мамлакат ичкарисидаги ипакчилик корхоналари эҳтиёжи учун ишлатилади.

XS
SM
MD
LG