Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:39

OzodDayjest: ИИВ вакили Жаслиқдаги қийноқларга оид саволга жавоб беришдан қочди


Жаслиқ колонияси.
Жаслиқ колонияси.

Эколог Жиззахдаги Айдаркўл секин-аста ўлиб бораётганидан бонг урди. ИИВ вакили “Жаслиқда қийноққа солиш ҳолатлари бўлганми?” деган саволга очиқ жавоб бера олмади. Вобкентда “Халқ банки” бошқарувчиси пора билан қўлга тушди.

_____________________________________________________________

Парламент вакили Жаслиқда қийноқ қўлланганини тан олди, ИИВ вакили эса очиқ жавобдан қочди

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги 5 август куни Қорақалпоғистондаги Жаслиқ колонияси ёпилиши юзасидан матбуот анжумани ўтказди. Бу ҳақда бир қатор электрон нашрлар хабар берди. Тадбирда ички ишлар вазири ўринбосари Баҳромбек Адилов ҳамда бошқарма бошлиғи Қутбиддин Бурҳонов иштирок этди. Анжуманда “Жаслиқда қийноққа солиш ҳолатлари бўлганми?” деб савол берилган. ИИВ вакили: “Айни вақтда маҳбусларга нисбатан ҳеч қандай қийноқ қўлланилмаяпти. Мен сизга айтишим мумкин бўлган жавоб шу”, дея очиқ жавоб беришдан қочган.

6 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси Акмал Саидов ҳам матбуот анжумани ўтказган. ИИВ вакилидан фарқли ўлароқ, А. Саидов колонияда қийноқлар бўлганини тан олган. “Бу жойга нисбатан узоқ вақтлар давомида жуда салбий фикрлар бўлди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги рейтингини тушириб юборишга асосий сабабчилардан бири бўлди. Биз бундан ўзимизга дарс олишимиз керак”, деган А. Саидов.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 августидаги қарори билан “Жаслиқ” номи билан танилган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатилди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари колонияда яқин ўтмишда қийноқлар қўллангани юзасидан хавотирлар билдириб келган.

Мутахассис Айдаркўл секин-аста ўлиб бораётганидан огоҳлантирди

Жиззах вилояти ҳудудидаги Айдаркўл секин-аста ўлиб бормоқда (“Маҳалла” газетаси, 2019 йил 33-сон). Бу ҳақда Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов огоҳлантирган. Қайд этилишича, кўл сувининг сатҳи йилига 30 сантиметргача пасайиб бормоқда. Охирги 10 йил давомида сувнинг минераллашуви 5,07 грамм/литрдан 8,59 грамм/литргача ошди. Аҳвол шу тариқа давом этаверса, кўллар тизими яқин 5-10 йил орасида балиқчилик аҳамиятига эга бўлган сув объекти мақомини йўқотади. Экологик фожиа оқибатлари нафақат қўшни вилоятлар, ҳатто Қозоғистонга ҳам етиб боради.

Айдар-Арнасой кўллар тизимига кирувчи Айдаркўлнинг умумий майдони 3 минг 373 километр квадрат, узунлиги 300 километрни ташкил этади. Айдар-Арнасой кўллар тизими катталиги жиҳатдан Марказий Осиёда тўртинчи ўринда туради. Унинг сув ҳажми мамлакатдаги барча сув омборларида тўпланган обиҳаётдан икки баробар кўпдир.

“Халқ банки” мансабдори имтиёзли кредит эвазига 4000 доллар пора талаб қилди

“Халқ банки”нинг Бухоро вилояти Вобкент тумани филиали бошқарувчиси пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Ромитан туман суди раиси Улуғбек Бозоров “Даракчи” нашри орқали хабар берган. Президент қарорига мувофиқ, “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури бўйича ишбилармонларга имтиёзли кредит ажратиш кўзда тутилган. Аммо 40 ёшли банкир кредит ажратиш эвазига маҳаллий тадбиркордан 4000 доллар пора талаб қилган. Банк бошқарувчиси талаб қилинган сумманинг 800 долларини олаётганда ушланган. ЖКнинг 210-моддаси бўйича айблаган банк бошқарувчиси 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG