Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:52

Тиббиёт соҳасида кадрлар етишмаслигини ўзбек расмийлари ҳам эътироф этмоқда


Олий Мажлис депутати Бош вазир ўринбосаридан вилоятларда нега шифокорлар етишмаётганини сўради. Навоийлик депутат ўз сўровига вақтида жавоб қайтармаётган мутасаддилардан норози бўлмоқда. Тест синовларидан норози абитуриент судга ҳам мурожаат қилиши мумкин. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Депутат: Вилоятларда шифокорлар етишмаяпти

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатларнинг соғлиқни сақлаш тизимига оид саволларига жавоб берди (“Даракчи”, 11 август). Депутат Дилфуза Жалилова қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман тиббиёт бирлашмаларида шифокорлар, айниқса, тор мутахассислар етишмаслиги, масалан, биргина Жарқўрғон туманида 132 та тиббий мутахассисга эҳтиёж борлиги юзасидан савол берган. Бош вазир ўринбосари соғлиқни сақлаш тизимида 72 минг нафар врач борлиги, аммо улар ҳудудлар бўйича бир хил тақсимланмаганини маълум қилган. “Энг катта муаммо туман тиббиёт бирлашмалари бўлиб, уни таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш билан бирга тиббиёт мутахассислари билан ҳам таъминлаш масаласи турибди”, деган Бош вазир ўринбосари А. Икромов.

Айрим мансабдорлар депутатлик сўровига бефарқ қарамоқда

Вилоятларда депутатларнинг расмий сўровига бефарқ қараётган мутасадди раҳбарлар учрамоқда (“Ўзбекистон овози”, 11 август). “Шундай ҳоллар бўладики, сўровга қонунда белгиланган муддат – 10 кундан ошиб кетса ҳам жавоб берилмайди. Айрим пайтлар мансабдор шахслар томонидан депутат сўровидаги масала тўлиқ ўрганилмасдан, депутатга шунчаки расмиятчилик учун юзаки жавоб хати юбориш ҳолатлари ҳам учрамоқда”, деган халқ депутатлари Навоий вилоят кенгаши аъзоси Муҳаббат Темирова. Газетага кўра, депутатлар мутасаддилардан сўровларга вақтида жавоб қайтариш ва амалий чоралар кўришни қатъий талаб қилиши лозим.

Тест натижасидан норози абитуриентларга шикоят қилиш тартиби эслатилди

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳони натижаларидан норози бўлган абитуриентлар тест натижаси эълон қилинган кундан бошлаб 15 кун давомида давлат комиссиясига шикоят ёзиш ҳуқуқига эга (“Адолат кўзгуси”, 11 август). Апелляция шикояти комиссия томонидан абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади. Қайд этилишича, комиссиянинг апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижаси бўйича қабул қилган қарори юзасидан судга ҳам шикоят қилиш мумкин.

XS
SM
MD
LG