Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:01

Мирзиёев виртуал қабулхонага йўлланган мурожаатларни шахсан назорат қилишга ваъда берди


Ўзбекистон президенти в.б. Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти в.б. Шавкат Мирзиёев.

Бош вазир виртуал қабулхонасига йўлланган ҳар бир мурожаат Шавкат Мирзиёев назоратида бўлади. Хориждаги ўзбекистонликлар дунёнинг 44 шаҳрида президент сайловида овоз бериши мумкин. Ўзбекистон Бош прокуратураси вакили молиявий пирамида оқибатлари юзасидан изоҳ берди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Бош вазир виртуал қабулхонасига йўлланган ҳар бир мурожаат Шавкат Мирзиёев назоратида бўлади

Ўзбекистон ҳукумати порталида очилган Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига йўлланаётган ҳар бир мурожаат Шавкат Мирзиёевнинг назоратида бўлади (“Халқ сўзи”, 6 октябрь). Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Ш. Мирзиёев 5 октябрь Самарқандга ташрифи пайти маълум қилган. Шу билан бирга, у вилоят мутасаддиларига виртуал қабулхонага келаётган масалаларни вақтида кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берган. Қайд этилишича, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига фаолиятининг биринчи 10 куни ичида 15 минг мурожаат келиб тушган. Виртуал қабулхонага 1000 телефон рақами ёки pm.gov.uz cайти орқали мурожаат йўллаш мумкин.

Ўзбекистонликлар Париждан Токиога қадар – дунёнинг 44 шаҳрида бўлажак президент учун овоз беради

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Президенти сайлови ўтказиш учун сайлов участкалари ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди (“Тошкент оқшоми”, 5 октябрь). Бунга кўра, дунёнинг 44 шаҳрида Ўзбекистон ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари ташкил этилади. Улар орасидан Лондон, Нью-Йорк, Париж, Берлин, Токио, Истанбул, Рим, Москва каби йирик шаҳарлар мавжуд. МСК қарорида мамлакат Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов сайлов участкалари тузилмаган давлатларда доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатиши белгиланган.

Бош прокуратура вакили: молиявий пирамидага пул тикканларнинг 5-10 фоизигина ўз маблағини қайтариб олиши мумкин

Молиявий пирамида бу ишонувчан фуқароларни шилишга асосланган фирибгарликдир (“Ҳуқуқ”, 6 октябрь). Бош прокуратура вакили Алимардон Аҳмадовга кўра, пул маблағларини жалб қилиш жараёнида аввалги бўғин учун ваъда қилинган “осон пуллар” кейинги бўғин иштирокчиларининг пул маблағлари ҳисобига тўланади. “Ушбу фирибгарлик ҳар қандай кўринишларида ҳам тез тугаши ва ўзининг ягона оқибати сифатида минг-минглаб, ҳатто миллионлаб алданган фуқароларнинг касодини келтириб чиқариши тайин. Статистик маълумотларга кўра, ушбу воситага пул тиккан фуқароларнинг 5-10 фоизигина ўз маблағини қайтариб олиши мумкин, бу ҳам ҳар доим эмас”, деб ёзади А. Аҳмадов. Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 23 сентябрдаги қонун билан Ўзбекистон Жиноят кодексига “Пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият” деб номланган 188/1-модда киритилди. Бунга мувофиқ, молиявий пирамидада айбланган шахс ёки гуруҳлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG