Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:46

OzodDayjest: Ўзбекистонда давлат тилида иш юритиш бўйича ҳукумат комиссияси тузиш таклиф қилинди


Давлат тили ўзбек тили бўлган Ўзбекистонда рус тили ҳамон устивор экани кўплаб зиёлиларни ташвишга солади.
Давлат тили ўзбек тили бўлган Ўзбекистонда рус тили ҳамон устивор экани кўплаб зиёлиларни ташвишга солади.

Ўзбекистонлик профессор хорижий тилларга тақлид сабаб ўзбек тили мақоми пасаяётганини иддао қилди. Хоразмдаги боғчаларда болалар ҳақига хиёнат қилингани аниқланди. Қашқадарёда 66 ёшли оқсоқол маст ҳолда ўз ўғлининг жонига қасд қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Мутахассис: Ўзбекистонда рус ва инглиз тиллари мансаб пиллапоясида кўтарилиш шарти бўлиб қолмоқда

Ўзбек тилининг яшаб қолиши ва ривожланиши учун соҳа мутахассислари жон куйдириши лозим, акс ҳолда унга мисли кўрилмаган талафот етади, дейди филология фанлари доктори Бахтиёр Менглиев (“Оила даврасида”, 18 октябрь). 21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ўтказилган давра суҳбатида соҳа вакиллари, зиёлилар тил муаммоларига эътибор қаратган. Профессор Б.Менглиевга кўра, Ўзбекистонда бугун рус ва инглиз тиллари мансаб пиллапояларидан кўтарилишнинг шарти ва гарови бўлиб қолмоқда. Мутахассис бунинг оқибатида “кичик” тиллар умуман кераксиз бўлиб қолиши хавфидан огоҳлантиради. Филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Абдушукуров ҳам хорижий тилларга тақлид сабаб ўзбек тили мақоми пасаяётгани, тил қоидаларининг бузилиши эса оммавий тус олганини қайд этган. Мутахассис соҳадаги камчиликларни бартараф этиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Терминшунослик ва давлат тилида иш юритиш муаммоларини ўрганиш бўйича махсус комиссия тузиш вақти келганини айтган.

Хоразмдаги боғчаларда болалар ҳақига хиёнат қилинмоқда

Хоразм вилояти Шовот туманидаги 15- ва 22-мактабгача таълим муассасаларида болалар ҳақига хиёнат қайд этилди (“Жамият”, 12 октябрь). Хусусан, 15-боғчада болаларга озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрдан кам берилмоқда. Масалан, таомномада тушлик учун 9 кг гўшт ишлатилиши кўрсатилган, аммо мазкур масаллиқ меъёрдан 3,7 кг кам сарфланмоқда. Бундан ташқари, озиқ-овқат омборида сифатсиз ва муддати ўтган маҳсулотлар сақланаётгани аниқланган. 22-мактабгача таълим муассасасида ҳам бирорта озиқ-овқат маҳсулотининг сифат сертификати ёки юк хати мавжуд эмас. Газетага кўра, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари сифатли ва етарлича озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши, болалар ҳақига хиёнат қилаётганлар эса жазоланиши керак.

Қашқадарёда кекса ота маст ҳолда ўғлини ўлдирди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида яшовчи 66 ёшли шахс ўз ўғлининг жонига қасд қилди (“Ҳуқуқ”, 18 октябрь). Бу ҳақда туман прокурори Ҳамза Бобожонов хабар беради. Исми ошкор этилмаган ота аввал ўғли билан улфатчилик қилган – “отамлашган”. Маст бўлиб қолгач эса, ўғлини текинхўрликда айблаб, унинг бола-чақасини ҳам ўзи боқиб келаётганини таъна қилган. Хўроз уриштириб юрадиган ўғлига тузукроқ иш топиши кераклигини айтган. Танбеҳ ва таънадан эса ўғилнинг жаҳли чиқиб отасига мушт ёғдирган. Саросимага тушиб қолган кекса оилабоши уй дераза токчасида турган пичоқни олиб ўғлининг кўксига санчган. Суд ҳукмига кўра, қотилликда айбланган шахс 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG