Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:08

Мигрантлар Oson ва PayWayдан пул жўната олмаяпти. Марказбанк пул ўтказмалари чекланганини рад этди


Ўзбек меҳнат муҳожирлари Россиянинг Новгород шаҳрида ватанларига пул жўнатмоқда. 2022 йил, июнь.
Ўзбек меҳнат муҳожирлари Россиянинг Новгород шаҳрида ватанларига пул жўнатмоқда. 2022 йил, июнь.

Ўзбекистондаги Oson ва PayWay пул ўтказиш тизимлари 5 сентябрдан халқаро пул ўтказиш ва пул олиш хизматини тўхтатганини маълум қилди.

Россиядаги Юнистрим ва бошқа пул ўтказиш ширкатлари ғарб санкцияларига учраши ва минтақадаги бир қатор банклар бу тизимлар билан ишлашни тўхтатгани ортидан Oson ва PayWay каби кичик тизимлар меҳнат муҳожирлари учун Ўзбекистонга пул жўнатишда муқобил платформаларга айланганди.

PayWay вакили Озодлик билан суҳбатда пул ўтказиш тўхтатилиши ҳақида Марказий банкдан буйруқ бўлганини айтди.

“Марказий банк тарафидан халқаро ўтказмалар вақтинча тўхтатилган. Аниқ вақти номаълум”, - деди Озодлик суҳбатлашган PayWay ходими.

Oson мазкур хизмат тез кунларда тикланишини билдирган.

Аммо ҳар икки хизмат Россиядан пул ўтказиш тўхтатилгани сабабини тушунтирмади.

Ўзбекистон Марказий банк матбуот хизматининг билдиришича, бу тўлов тизимлари "олувчиси ва жўнатувчиси ҳақидаги талаб қилинган маълумотларни акс эттирмасдан халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириб келган.

“Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, резидент юридик шахсларга чет элда ҳисобварақлар очиш ва ундаги валюта маблағларини тасарруф этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорлари доирасида амалга оширилиши мумкин.

Бироқ, амалиётда “BRIO GROUP” МЧЖ (OSON) тўлов ташкилоти хорижий банкда ҳисобварақ очиб, мазкур банк ҳисобварағи орқали юқоридаги Қонун талабларига зид равишда амалиётлар ўтказган", дейилади Марказий банк матбуот хизмати билдирувида.

Ўзбекистонда 52 та тўлов тизими бўлиб, Oson ва PayWay уларнинг энг йириклари ҳисобланади.

31 август куни Марказий банк Oson брендининг таъсисчиси Brio Group ширкатини жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчиликни бузгани учун жаримага тортган эди.

Аммо, МБ Brio Group айнан қандай талабларни бузгани ва жарима миқдори қанча эканига аниқлик киритмаган.

Ўзбекистон Марказий банкидаги Озодлик манбасига кўра, пул ўтказмалари иккиламчи санкциялар хавфи боис тўхтатилган.

Манбанинг айтишича, Oson ва PayWay каби тизимлар трансчегаравий пул ўтказмаларини тижорат банклари иштирокисиз тўғридан тўғри хориждаги контрагент орқали амалга ошириб келган, бу эса баъзи гуруҳларга санкция тартибини айланиб ўтиш имконини бериши мумкин.

Ғарб санкциялари

Бундан олдин Ўзбекистондаги камида бешта банк ғарб санкцияларига учраган Россиянинг “Юнистрим” тўлов тизими билан ишлашни тўхтатган эди.

20 июль куни АҚШ мазкур тўлов тизимига хизмат кўрсатувчи худди шу номдаги "Юнистрим" банкига қарши блокловчи санкциялар жорий қилганди.
Бундан ташқари, АҚШ Ғазначилигининг Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Тинькофф Банк, Локо-банк ва «Солидарность» банкини санкциялар рўйхатига қўшди.

21 июль куни “Ипотека-банк”, 24 июль куни “Халқ банки”, “Трастбанк”, 25 июль куни “Туронбанк” ва “Ҳамкорбанк” “Юнистрим” билан ишлашни вақтинча тўхтатганини билдирди.

2022 йил 25 июлдан бошлаб “Капиталбанк” “шубҳали транзакциялар” туфайли “Контакт”, “Золотая Корона” ва “Юнистрим” орқали пул ўтказмаларига хизмат кўрсатишни тўхтатганди.

Россиядан пул ўтказмалари ҳажми тушиб кетди

2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга хориж давлатларидан 5, 2 миллиард доллар пул ўтказилди.

Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21, 5 фоизга камдир.

Россия Ўзбекистонга пул жўнатмалари бўйича етакчи давлат бўлиб қолмоқда. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистонга пул жўнатмаларининг 80 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган.

Марказий банк жорий йилда Ўзбекистонга хориждан жами 11-11,5 миллиард доллар атрофида пул юборилишини тахмин қилмоқда. Бу 2022 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 32-35 фоизга оздир. 2022 йилда хориждан Ўзбекистонга 16,9 миллиард доллар пул жўнатилган эди.

Айни пайтда Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари Ғарб Россияга киритган санкцияларни ўз баданида ҳис қилаётганликларини айтишади.

"Россия рубли қадрсизланиб, доллар кўтарилиб кетганидан сўнг пул жўнатишдан маъно ҳам қолмади ўзи. Ушлаб турибмиз, қачон рубл тикланса шунда жўнатамиз деб. Ҳозир ишлаётгани фақат "Золотая корна". У ҳам ёпилса билмаймиз нима қилишни", - дейди Россия пойтахти Москвада фаррош бўлиб ишловчи Даврон.

Россиядаги “Мигрант” лойиҳаси раҳбари Ботиржон Шермуҳаммаднинг айтишича, муҳожирлар учун оиласига пул жўнатиш “ҳаёт-мамот масаласи”.

“Барибир миллионлаб муҳожир Ўзбекистонга пул юбориши керак. Ҳозир бошқа йўлларини қидиришмоқда. "Золотая Корона" орқали. Шунингдек, “Юнистрим” ҳам Ўзбекистонга халқаро SWIFT орқали эмас, ўзларини каналлари орқали юборишни йўлга қўйишини айтган. Лекин, бу ерда у билан ишловчи банклар иккиламчи санкцияга тушиб қолиши хавфи бор албатта", дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Банклар молиявий хизматларини тақдим этиш орқали бутун иқтисодиётда кўприк ролини ўйнайди. Шу жиҳатдан, биринчи навбатда Ўзбекистондаги тижорат банкларининг санкцияларга учраган Россия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш жараёнида иккиламчи санкцияларга тушиб қолиш эҳтимоли ҳамон юқорилигича қолмоқда.

АҚШ Украинадаги уруш туфайли Ғарб томонидан жорий этилган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган Россиядан ташқаридаги жисмоний шахслар ва компанияларга нисбатан санкциялар қўллаш билан таҳдид қилиб келмоқда.

Аммо айни пайтда Марказий банк қарори Ўзбекистон банк сектори ва пул жўнатмалари тизимида носоғлом рақобат ва монополияга доир хавотирларни ҳам пайдо қилди.

Турк лираси қадрсизланиши мигрантларнинг маошига салбий таъсир қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:45 0:00

Salam Pay ҳам ишламаяпти

Россиядаги ўзбекистонлик юрист ва мигрантлар ҳимоячиси Зарнигор Омонуллаева 2 миллиондан ортиқ мигрантга алоқаси бўлган қарорнинг қанчалик тўғрилигини савол остига олди.

“Қўққисдан чеклаб қўявериши, одамларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олмаслик нотўғри эмасми? Пул ўтказиш билан шуғулланадиган ташкилотларга Марказий банкдан хабар борган. Аммо оддий халқчи? Оддий ўз пулини хизмат ҳаққини тўлаб, эҳтиёж юзасидан ўтказадиганларга қийинчилик яратмаслик мақсадида кичик бўлса ҳам огоҳлантириш бўлмасмикин?

Нега огоҳлантириш деётганимни тушунтираман. Билмаганлар 5 сентябрь кунидан пул ўтказиб қўйса яқинлари пулни ололмайди. Натижада пул то тизим қайтадан ишга тушгунча “ҳавода” қолади. Мигрантнинг ўзи ҳам пулсиз қолиб кетади, яқинлари ҳам. Жуда қўпол ҳурматсизлик эмасми?!

Ёзишларича, пул ўтказиш тизимлари қайсидур ягона ўзбек банк орқали бўлиши мумкин (м-монополия). Шу ёки бошқа янги тартиб ўрнатилгунча пул ўтказиш тизимлари ишламайди…” деб ёзди Омонуллаева ўзининг Телеграм-каналида.

Унинг айтишича, 5 сентябрь ҳолатига PayWay ва Oson билан бирга Salam Pay ҳам ишламаяпти. У Россиядаги мигрантларга ҳамма пулларини бирдан жўнатмаслик, аввалига кичикроқ миқдордаги ўтказма билан тест қилиб кўриш, агар маблағ манзилга етиб борса, кейин қолган пулларини юборишни тавсия қилди.

Айни пайтда Марказий банк 5 август куни Oson тўлов хизмати қабул қилувчи ва жўнатувчи тўғрисидаги талаб қилинадиган маълумотларни қонунчиликда кўрсатилганидек акс эттирмагани учун жаримага тортилганини айтиб, Ўзбекистонда халқаро пул ўтказмаларига чеклов қўйилганини рад этди.

"Ўзбекистон Республикасида халқаро тўлов хизматлари ва трансчегаравий пул ўтказмалари, шунингдек, халқаро онлайн хизматларга тўловлар бўйича ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган бўлиб, тижорат банкларининг платформалари орқали тўловларни амалга оширишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бундан кейин ҳам тўлов ташкилотлари фаолиятида қонунчилик бузилиши ҳолатларини мунтазам равишда назорат қилиб, тўлов ташкилотлари қонунчилик доирасида фаолият юритишлари борасида барча чораларни кўради", дейилади Марказбанк баёнотида.

Форум

XS
SM
MD
LG