Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:47

Аросатда қолган талабалар. Қўшни давлатлардан ўқишини кўчирганлар муаммоси ҳал бўлмаяпти


Ўш университетидан ўқишини Ўзбекистонга кўчирган талабаларнинг бир гуруҳи
Ўш университетидан ўқишини Ўзбекистонга кўчирган талабаларнинг бир гуруҳи

7 февраль куни қўшни республикаларда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар ўқишини маҳаллий ОТМларга кўчириш бўйича аризалар қабули бошланганига бир йил тўлади.

Бир йилдирки, ўқишини ватанига кўчириб, аросатда қолган талабалар арзини эшитадиган мутасадди топилмаяпти.

2020 йил 4 февралдаги ҳужжатга мувофиқ, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда ўқиётган ўзбекистонликларга ўқишини имтиҳонсиз Ўзбекистонга кўчириш имконияти берилган.

Норасмий маълумотларга кўра, қўшни давлатлардан жами 36 минг 400 нафар талаба Ўзбекистонга қайтган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бир йил давомида талабалар муаммосига бирор муносабат билдирмади.

Аросатдаги талабалар

Қашқадарёлик Шаҳриёр Абдушукуров Ўзбекистон ҳукумати қарорига ишониб, ўқишини кўчириб, аросатда қолган минглаб талабалардан бири.

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги Мухтор Авезов номли университетнинг иккинчи курсида ўқиётган Шаҳриёр ўтган йили ўқишини Қарши муҳандислик- иқтисодиёт институтига кўчирган.

Шаҳриёрнинг отаси Ҳамроқул Қаршиевга кўра, ўғли Қарши муҳандислик- иқтисодиёт институтининг Энергетика факультетида иккинчи курснинг иккинчи семестрини ўқиган ва шу давр учун контракт пулини тўлаган.

- Бир семестр ўқиди. Қозоғистонда иккинчи курснинг биринчи семестрини тугатганди. Иккинчи семестрни бу ерда ўқиди. Онлайн тарзда ўқиш бўлди. Ярим йиллик контракт пулини тўладик. Иккинчи курс ёпилди. Лекин 2020- 2021 ўқув йили бошлангач ўғлимни сессияга чақиришмади,- дейди Ҳамроқул Қаршиев Озодлик билан 2 февраль кунги суҳбатда.

Самарқандлик Улуғбек Бобомуродов ҳам Шаҳриёр сингари вазиятда. Самарқанд иқтисодиёт-сервис институтига ўқишини кўчирганини ёзган Улуғбекка кўра, ушбу олийгоҳда у сингари вазиятдагилар сони анчагина:

“Мингдан зиёд талаба сарсон. 2019-2020 ўқув йилининг иккинчи семестри учун контракт тўловларини тўлаганимиздан сўнг дарс жараёнларида қатнашдик. 2020-2021 ўқув йили бошлангач, бизни дарсларга чақиришмади. Контракт шартномалари ҳам тузилмади. Институтга қабул қилинганлик ҳақидаги буйруқ ҳам чиқмади. Энди эса ортга йўл йўқ. Биз талабалар билан шуғулланадиган масъул йўқ. Ректор олдига киргизишмаяпти”.

Бундай вазиятдаги талабаларнинг аниқ сони Ўзбекистон бўйича қанча экани номаълум. Биргина Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида уларнинг сони 400дан зиёд. Олийгоҳ мулозимларига кўра, ўтган ўқув йилида қўшни давлатларда ўқиётган жами 1400дан ортиқ талаба Қарши муҳандислик- иқтисодиёт институтига ҳужжат топширган, улардан фақат 1000дан зиёди талабаликка қабул қилинган.

Сабаб нима?

Талабалар билан суҳбатлардан маълум бўлишича, улар ўтган йилнинг 7 февралидан 15 мартигача бўлган муддатда ҳужжат топшириш учун Ўзбекистонга қайтган ва ярим йил ўқигач, улардан қўшни давлатда ўқигани ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхалари талаб қилинган.

Пандемия сабаб жорий қилинган карантин боис мамлакатдан чиқа олмаган талабалар эса талаб қилинган ҳужжатни ўз вақтида олийгоҳга тақдим қила олмаган.

“Биз Олий таълим вазирлиги қошидаги госкомиссия қарори билан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан қайтган талабаларни сразу ўқишга тушириб юбордик. Госкомиссияга ҳужжат топширганларнинг барчаси тўғридан -тўғри ўқий бошлади. Лекин талабалар хориж давлатидаги олийгоҳдан “академик маълумотнома”ни бизга тақдим қилмагунча, уни талабаликка қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқармаймиз. Тартиби шунақа. Талаба сохта ҳужжат тўғрилаб, бизни алдамасликларини олдини олиш мақсадида қилинган бу. “Академик маълумотнома” дегани - қўшни давлатдаги институт “ҳақиқатдан ҳам бизларда ўқиди, қуйидаги фанларни ўтди” деб ёзиб беради. Агар шу ҳужжат бўлмаса, талабаликка қабул қила олмаймиз. Ҳозир бутун мамлакат бўйлаб, хориждан қайтган талабалар дуч келаётган муаммо сабаби фақат шу, “академик маълумотнома”ни тақдим қила олмаётгани”,- деди Самарқанд давлат университетининг Озодлик боғланган ходими.

“Академик маълумотнома” олиш қийин!?

Қарши муҳандислик- иқтисодиёт институти мулозимларидан бири талабаларнинг “академик маълумотнома”ни тақдим қила олмаётгани сабабини шундай изоҳлади:

“Тартибга кўра, биз қўшни давлатдаги олийгоҳларга запрос жўнатамиз. Биз запрос жўнатган пайтимизда талаба у ёқда контракт пулини тўламаган бўлса, фанлардан қарздор бўлса, улар ҳужжат бермаяпти. Ҳатто битта китоб қарзи бўлса ҳам, улар ҳужжат бермаяпти. Шунинг учун бу муаммони ҳал қилиш бизнинг ваколатимизга кирмайди, биз бу муаммони еча олмаймиз”.

Шаҳриёрнинг отаси Ҳамроқул Қаршиевга кўра, ўғли учун талаб қилинаётган ҳужжатни олиш учун у 12 миллион сўм ҳаражат қилиши лозим бўляпти:

- Ўғлим у ёқдан очисление бўлмаган. “Талабалар сафидан чиқаришингизни сўрайман” деб ариза бериши керак экан. Бу ариза берилмаган. Чунки ўша пайтда ариза бериш хатарли эди. Мабодо у ёққа ариза бериб келса, бу ерда ўхшамай қолса, қуруқ қолиб кетарди. Шунинг учун ариза берилмаганди. Карантин бошлангач, Қозоғистонга ўта олмадик. У ёқда ўғлим ҳалиям талабалар рўйхатида турибди. Лекин контракт пулларини тўламагани учун “академик маълумотномани” беришмаяпти. Биз бу ерга бир семестр учун пул тўлаганмиз. Лекин шу пулни Чимкентдаги институтга ҳам тўлашимиз керак бўляпти. Ўтган йилги иккинчи семестр ва бу йилги биринчи семестр учун тахминан 8 миллион сўмга тушяпти. Ҳужжат олмоқчи бўлган одам уларга шу пулни тўлаши керак. Кейин бу ерга яна қайта тўлаш керак, 4 миллион сўм атрофида.

Озодлик 2 феврал куни ўтказган суриштируви натижасида аниқлашича, айрим олийгоҳлар хориждан қайтган талабалар учун талаб қилинаётган “академик маълумотнома”ни олиш йўлини ҳал қилишган.

Жумладан, Тошкент Тиббиёт академиясининг Озодлик боғланган масъулига кўра, улар қўшни давлатларга ўз вакилларини жўнатиб, ушбу ҳужжатни олиб келишган.

“Биз ўзимизнинг домлаларни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга юбордик. Домаларимиз ўша ердаги институтларга бориб, шуғулланишди. Ҳақиқатдан ҳам талаба ўша ерда ўқиётганини текшириб, ҳужжатларини олиб келишди. Бизда “академик маълумотнома” ололмаган талаба қолмади. Биз ҳаммасини олиб бўлдик. Битта муаммо бор эди, Тожикистондаги институтдан келган талабанинг ҳужжатлари билан боғлиқ. У ҳам ҳал бўлди, яқинда унга ҳам буйруқ чиқди”.

Яна бир муаммо: Курсни пасайтириш

Озодликка боғланган айрим талабалар улар бир курсда икки марта ўқишга мажбур бўлаётганидан шикоят қилишди.

“Мен Қирғизистондаги Ўш давлат университетидан СамДУга ҳужжатларимни топширгандим. У ёқда иккинчи курсни ўқидим, ҳозир қайтадан яна иккинчи курсда ўқишимни айтишяпти. Нима қилишимни билмаяпман. У ёқдан уже ҳужжатларимни олиб келдим. У ёққа ҳам қайтиб бора олмайман. Бу ерда битта курс пастда ўқишни ҳам истамяпман. Бир йил умрим зое кетяпти”, -дейди исмини очиқламасликни сўраган талаба йигит.

Айни муаммо деярли ҳар бир олийгоҳда бор, жумладан, Қарши муҳандислик- иқтисодиёт институтида ҳам.

“Вазирлар Маҳкамасининг 393- қарорида аниқ кўрсатилган бу ҳолат. Намунавий ўқув режаларидаги умумкасбий ва мутахассислик фанлари бўйича фарқлар 4 тадан ошганда биз талаба курсини пасайтирамиз. У ёқда ўқиган фанлари бизникидан фарқ қилиши мумкин. Талаба 4 та фанни ўзи мустақил ўзлаштира олмайди. Шунинг учун уни биз бир курс пастга оламиз, талаба шу фанларни ўқиши шарт”, деди Қарши муҳандислик- иқтисодиёт институти мулозими.

Ушбу муаммога дуч келган айрим талабалар бир курс пастда ўқишни истамасдан хориждаги олийгоҳга қайтиб кетган ҳоллари ҳам мавжуд. Жумладан, Тошкент Тиббиёт академиясига қўшни давлатлардан жами 183 нафар талаба келган, уларнинг 11 нафари эса яна ортга қайтиб кетган.

“Улар келиб ҳужжат топширди. Лекин уларнинг курсини биз аниқлаймиз. Бу 11 нафар талаба катта курсларда ўқирди. Уларда фанлар фарқи 4тадан кўп бўлгани учун уларга бир курс пастда ўқиш ёқмади ва улар қайтиб кетишди”,- деди Тошкент Тиббиёт академияси масъули.

Вазирлик сукунати

Озодлик ўтган бир йил давомида қўшни давлатлардан қайтарилган талабалар билан боғлиқ муаммолар борасида ўнлаб мақолалар қилди. Ҳар сафар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига изоҳ сўраб мурожаат қилинди. Шу пайтгача вазирлик на Озодлик ва на маҳаллий матбуотга талабаларнинг ушбу муаммоси юзасидан изоҳ берди.

2 февраль куни Озодлик мухбири яна ушбу вазирликка боғланиб, қўшни давлатлардан қайтган талабалар муаммоларига бирор ечим бор-йўқлигини сўради.

Матбуот билан гаплашишга масъул шахс вақти тиғизлиги айтиб, телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўқишини кўчираётган талабалар: ЎшДУдаги вазиятга Андижон тиббиёт университети сабабчи!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:25 0:00

Қулайлик яратиш мақсадидаги қарор

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирининг қўшни давлатлардаги талабаларни ўқув йили ўртасида қайтаришга доир буйруғи мамлакат президенти маъмурияти топшириғига биноан чиқарилгани маълум бўлгани тўғрисида Озодлик ёзган эди.

Вазирлик ўз қарорини “талабалар ва уларнинг ота-оналаридан келиб тушган кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда, фуқароларга қўшимча қулайлик яратиш мақсади” билан изоҳлаган.

Давлат комиссиясининг 2020 йил 4 февралдаги 12-сон баёни билан қўшни 3 давлат - Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги олий таълим муассасаларида ўқиётган ўзбекистонликларга ўқишини имтиҳонсиз Ўзбекистонга кўчириш имконияти берилганди.

Қўшни давлатлардан ўқишини кўчиришни истовчилар сонининг ниҳоятда кўплигидан¸ вазир аввалига бир ҳафта қилиб белгиланган кўчириш жараëнини 15 мартга қадар узайтирган эди.

Республика Олий таълим кенгаши аъзоси Хушнудбек Худойбердиевга кўра, ўшанда ҳужжат топширган жами 36 минг 400 нафардан кўпроқ талаба мамлакат бўйлаб 80 та ОТМда ўқишга қабул қилинган.

Улардан қанчаси расман талабалар сафига қўшилганию қанчаси ҳануз аросатда қолаётгани маълум эмас.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG