Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси 19 ноябрь куни ИИВ Қоровул қўшинлари собиқ қўмондони генерал-майор Дмитрий Панга нисбатан жиноят иши қўзғатди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Телеграм каналида хабар қилди.
Бош прокуратура баёнотида Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан 2019 йил 19 ноябрь куни ИИВ Қоровул қўшинлари собиқ қўмондони генерал-майор Д.Панга нисбатан Жиноят кодексининг 301-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилади.
2019 йил 23 ноябрь куни Д.Пан ЖКнинг 301-моддаси 1-қисми билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, Тошкент ҳарбий судининг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида “қамоққа олиш” қўлланилган.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг 301-моддаси 1-қисмига - бошлиқ ёки бошқа мансабдор шахснинг ўз ҳокимият ёки хизмат мавқеини суиистеъмол қилиши, ҳокимият ёки хизмат ваколати доирасидан четга чиқиши, шунингдек ҳокимият ҳаракатсизлиги Қуролли Кучларнинг манфаатларига, ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига кўп миқдорда зарар ёки жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса - уч йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки олти ойгача қамоқ ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, деб таъриф берилган.
Бош прокуратура хабрига кўра, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Озодлик 21 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиëев қарори билан Ички ишлар вазири ўринбосари¸ ИИВ Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ва Қоровул қўшинлари қўмондони – жами ўнга яқин юқори лавозимли амалдор ишдан олингани ҳақида хабар берган эди.