Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:48

"Онамнинг жанозасига боролмадим". Сариоғочда юзлаб ўзбек мигрантлари уйига қайта олмаяпти


Қозоғистон чегарасини ноқонуний кесиб зтганликда айбланган юзлаб мигрант бир неча кундан буён суд қарорини кутади. Туркистон, 4 ноябрь, 2023
Қозоғистон чегарасини ноқонуний кесиб зтганликда айбланган юзлаб мигрант бир неча кундан буён суд қарорини кутади. Туркистон, 4 ноябрь, 2023

Туркистон вилоятининг Сариоғоч тумани маъмурий суди биносини бир неча кундан буён юзлаб меҳнат муҳожирлари ўраб олишган. Бола-бақраси билан турганлар ҳам бор. Улар барчаси Қозоғистонга Ўзбекистон ва Тожикистондан иш излаб келишган, лекин қайддан ўта олишмаган. Чегарачилар мигрантларнинг ҳужжатларини тортиб олиб, ишларини судга оширганлар. Суд девонхонаси ходимлари кунига камида 150 та иш келаётганини ва уларни рўйхатга олишга улгурмаётганларини айтишмоқда.

Сариоғоч тумани маъмурий ишлар бўйича ихтисослашган суди биноси олдида бир ҳафтадан бери тумонат одам тўпланиб турибди. Бу ерда Қозоғистоннинг турли ҳудудларида ишлаганидан сўнг уйга қайтаётган ва мамлакатда “ноқонуний бўлгани учун” ушланган юзлаб мигрантлар суд қилинмоқда.

Сариоғоч Қозоғистоннинг Ўзбекистонга энг яқин жанубий тумани бўлиб, унга “Жибек жоли” чегара маскани орқали ўтилади. Туман маъмурий маркази бўлмиш Сариоғоч шаҳрида 40 мингдан зиёд одам яшайди.

Мигрантларнинг биринчи оқими 10-11 кундан бери шу ерда. Суд биносига туташ бир неча уй ҳовлиларида кичик тамаддихоналар очилган.

Ишлаб турган “кўчма дўконлар” ҳам мигрантлар анчадан бери шу ерда қолаётганидан дарак бериб туради.

Суд қарорини кутаётган мигрантларга чой ва иссиқ овқат тарқатилмоқда. Сариоғоч, 4 ноябрь, 2023
Суд қарорини кутаётган мигрантларга чой ва иссиқ овқат тарқатилмоқда. Сариоғоч, 4 ноябрь, 2023

Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳридан келган ва Толдиқўрғон шаҳрида ёлланма ишчи бўлиб ишлаган Муродхон Жалолов юзлаб одам қатори 11 кундан бери суд қарорига маҳтал. Муродхон “Жибек жоли” постида чегарачилар унинг “Қозоғистонда ноқонуний бўлгани”ни аниқлаб, ишини паспорти билан бирга судга жўнатишганини айтади.

“Қурилишда ишлайман. Апрелда ишлашга рухсатнома олиш учун ўртакашлар орқали ҳужжат топширган эдик. Бизга уч ойга рухсат берилди, деб айтишди. Уч ойдан сўнг қайта рўйхатдан ўтгани келсак, лимит тугади, дейишди. Лекин бошлаган ишимизни ташлаб кета олмадик”, деди у 4 ноябр куни Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Жалолов шериклари билан қўшни уйда битта хонани ижарага олган. Улар ҳар куни эрталаб келиб, ярим кечага довур суд қарорини кутишади.

“Судда чегарачилар ҳали паспортингизни етказиб беришмади, дейишяпти. Токайгача кутаман ахир?! Бугун ўғлим уйланяпти, мен эса чегарадан ўтолмайман. Депортация қилсалар ҳам майли эди”, дейди мигрант кўзлари ёшланиб.

“Бизга ёрдам бера оладиган ким бор?” – нафаси тиқилганча сўрайди Хоразм вилояти Урганч туманидан келган Жасур Шарипов исмли киши.

Айтишича, у 2022 йили Қозоғистонда ноқонуний ишлагани учун 83 минг танга жарима тўлаган экан. Бу йил мамлакатга Қирғизистон орқали кириб, қурилишда ишлабди. Яқинда, онаси қаттиқ бетоб бўлиб қолганини эшитиб, Ўзбекистонга қайтишга шошилибди:

“Келганимга бир ой ҳам бўлгани йўқ. Ҳужжатимни қайддан ўтказа олмадим. Онамни кўриб келай деб ишдан жавоб сўрадим. Аммо уч кундан бери суд қарорини ололмаяпман. 3 ноябрда онам қазо қилди. Жанозага бора олмадим. Жарима ёзсалар, тўлайман. Депортация қилсалар ҳам майлига. Аммо суд ўша қарорини чиқарсин тезроқ. Бизнинг додимизга етадиган одам борми ўзи?!”

Суд тевараги гавжум, олағовур. Бино қаршисида, йўлнинг у тарафидаги майдонда чамаси 300 киши ўз тақдирига дахлдор қарор қабул қилиниши кутмоқда.

Суд биносидан котиблар чиққанида оломон бирдан жонланиб қолади. Котиблар ҳар гал қўлларида паспортлар билан эшикдан чиқишгани ҳамон эркаклар улар томонга интиладилар. Полиция мигрантлардан масофа сақлашни талаб қилади. Издиҳом орасидан танлаб олинган бир киши баланд овозда паспорт эгаларининг исмларини ўқийди. Фамилияси чиққан одам товуш беради ва эшик томонга ошиқади.

Баъзан суд котиблари фамилиясини ўқиган одамлар оломон орасида бўлмайди. Шунда бошқалар уларни қистовга оладилар: “26 октябрда келган ишлар қачон кўрилади?”, “Нега иши 27 октябрда келганлар қолиб, 29 октябрда келганларни чақиришяпти?”

“Кутинглар”, дея гапни калта қилишади котиблар.

“Қозоғистонда топган пулимга Тожикистонда уй сотиб олдим”

Навбатда турганларнинг деярли ҳаммаси – Қозоғистонга ишлаб пул топгани келган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари. Улардан айримлари ишлашга уч ойлик қонуний рухсат олгани ҳолда беш-олти ойлаб ишлашган, қолганлар эса умуман қайддан ўтмаган. Аксари юпун, кўчада тунаб юрган бошпанасизлар ҳам бор.

Жиззахлик Муродхон Жалолов Талдиқўрғон шаҳрида ишлаб келган.
Жиззахлик Муродхон Жалолов Талдиқўрғон шаҳрида ишлаб келган.

Исмини айтишни истамаган 35 ёшли тожикистонлик аёл 2012 йилдан бери Олмаотада уй тозалаш, ҳовли супуриш, идиш-товоқ ва пол ювиш каби юмушлар билан шуғулланиб пул топишини айтади. Августда рухсатномаси муддати тугагач, бетоблиги сабабли қайтадан ҳужжат топширишга улгурмапти.

“Тожикистонда иш йўқ. Ойликлар жуда кам. Қозоқ пулига ҳисоблаганда ойлик маош 40-50 минг танга. Бу томоққа зўрға етади. Бу ерда ойига 300 минг тангагача ишлаб топиш мумкин. Масалан, мен Қозоғистонда ишлаб топган пулимга Тожикистонда уй олдим”, дейди аёл.

Унинг ёнида турган қорақалпоғистонлик аёл эри билан бирга Олмаота вилоятининг Есике деган жойида деҳқончилик қилган. Эри ҳужжат қилиб олган, аммо ўзи доим рухсатномасиз ишлаган экан.

“Уч болам бор, иккитаси мактабда ўқийди. Уларни бобоси ва бувисига қолдириб, эр-хотин Қозоғистонда ишлаймиз. Қандоқ қилайлик ахир, яшаш учун пул керак-ку. Нукусда мардикорга кунига 5 минг сўм ҳақ тўлашади. Буни томоғимизга етказайликми, ё коммунал тўловларгами? Қозоғистонда эса кунига камида 5-10 минг танга ишласа бўлади”, дейди у.

Эр-хотин тўрт кундан бери суд қарорини кутадилар. Кечалари машинада ухлашади, пулни тежаш учун нон-сув билан қоринни алдашади.

“Кеча бу ерда ошпазлар палов пишириб, товоғини минг тангадан сотишди. Иссиққина паловга кўнглимиз суст кетса ҳам пулни қизғандик. Яна қанча кутишимизни билмаймиз, тежашли бўлишимиз керак. Сабр қилиб турамиз”, дейди қорақалпоғистонлик аёл.

Сариоғоч тумани маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослашган суди маълумотига кўра, 10 октябрдан бери суд “Жибек жоли” чегара постидан судга келтирилган беш минг нафардан ортиқ чет эл фуқароларига доир ишларни кўриб чиққан, яна мингга яқин иш рўйхатга олинган. Ҳар куни тахминан 150 та иш келиб турибди. Аксари – Ўзбекистондан келиб, қонуний рухсатсиз ишлаётган мигрантларнинг ишлари.

Иш ҳажми ҳаддан зиёд бўлгани сабабли суд дам олиш кунлари ҳам тўлиқ ишлаяпти. Шунингдек, Туркистон вилояти судидан ходимлар ёрдамга чақирилган.

“Хайрият, жарима билан қутуладиган бўлдим”, енгил нафас олади бир йигит суд залидан чиқаркан.

“Депортацияга ҳам, жаримага ҳам розиман, дедим, кўнишмади. Қозоғистонда келишимга беш йилга тақиқ қўйишди”, дейди бошқа мигрант хафа бўлиб.

Суд қарорини кутаётган мигрантлар.
Суд қарорини кутаётган мигрантлар.

Ўзбекистонлик Муслимбек Асқаров Қозоғистонда 12 йил қурилишда ишлаган. Суд беш ой берухсат ишлагани учун уни маъмурий тартибда Қозоғистондан бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқарибди.

“Қозоғистон шундоққина ёнимизда. Тилини тушунамиз. Мусулмон мамлакат. Чатоқ бўлди, энди қаерга бош уришни билмайман”, дейди у.

“Мени ҳам депортация қилишди. Рухсатнома муддати уч олдин тугаганди. Қайта рўйхатдан ўтмоқчи бўлгандим, жой йўқ дейишди. 15 йилда биринчи марта рухсатнома беришмади. Ҳаммамизнинг бола-чақа деб юрибмиз. Ўзбекистонда иш ўринлари кам. Энди нима қиламиз?!” – ёзғиради бошқа бир йигит.

Устидан депортация қарори чиқарилган мигрантлар котиблар бу ҳақда маълум қилишганида “Йў-ў-ўқ” деб қичқиришар, жарима ёзилганлар эса уни тўлаш учун “Қазпочта”нинг энг яқин бўлимига шошилишарди.

Сариоғоч тумани маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослашган суди раиси Берик Қаипов Озодликка айтишича, суд чет эл фуқароларини Қозоғистон Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг “Чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Қозоғистон Республикасининг аҳоли миграцияси соҳасидаги қонунчилигини бузиши” номли моддаси бўйича жазоламоқда. Ноқонуний мигрантлар одатда 86 минг танга жаримага тортиляпти ёки мамлакатдан бадарға этиляпти.

“Октябрдан бошлаб кунига 200-300 тадан иш келяпти. Келган ишларни кўриб чиқиш ва бир куннинг ичида қарор чиқариш лозим. Лекин ишлар сони жуда ҳам кўп. Уларни рўйхатга олишга улгурмаяпмиз. Айни пайтда 800 га яқин кўрилмаган ишлар йиғилиб қолган. Ҳуқуқбузарлар орасида аёллар ва вояга етмаган болалар ҳам бор”, дейди Берик Қаипов.

Рублнинг қадрсизланиши мигрантларга қандай таъсир қилди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:30 0:00

Расмий маълумотларга кўра, 2008-2013 йилларда Сариоғоч тумани маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослашган суди йилига чет эл фуқароларига оид 10-13 мингта ишларни кўрган. Кейинчалик бунақа ишлар сони камайган. Жорий йилга келиб миграция соҳасига доир ҳуқуқбузарлик ишлари кескин кўпайиб кетган. Йил бошидан бери судда 8 мингдан ортиқ иш кўрилган.

Суд вакили маъмурий ишлар сони кўпайганини Сариоғоч туманидаги “Жибек жоли” чегара пости билан боғлайди. Қозоқ-ўзбек чегара масканида ушланган меҳнат мигрантларидан иборат узун навбат ҳосил бўлган. Кўпчилик постдан машинада ўтиб олиш учун навбат кутиб турибди.

Форум

XS
SM
MD
LG