Линклар

Шошилинч хабар
05 феврал 2025, Тошкент вақти: 09:55

Халқаро хабарлар

Қозоғистондаги авиаҳалокатда жабрланган россияликлар ватанига олиб кетилди

Манғистау вилоят касалхонаси
Манғистау вилоят касалхонаси

Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines учоғи қулаши оқибатида жабрланган россиялик 9 нафар фуқаро ватанига олиб чиқиб кетилган. Россия ФВВ махсус учоғи уларни 26 декабрга ўтар кечаси олиб кетди, дея хабар қилди Манғистаудаги Lada.kz нашри Марғистау вилоят касалхонаси бўлим бошлиғи Жанар Сидиққизидан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Ҳозирда Ақтаудаги касалхоналарда учоқ қулаши ортидан шифохоналарга етказилган яна 20 чоғли одам қолмоқда. Улардан 19 нафари вилоят касалхонасида, бир бола эса болалар касалхонасида муолажа оляпти. Етти нафар киши жонлантириш бўлимида бўлиб, уларнинг аҳволи ўта оғир дея баҳоланмоқда.

Авиаҳалокат чоғида жабрланган озарбайжонликлар, агар уларнинг соғлиқ аҳволи имкон берса, Azerbaijan Airlines авиаширкати махсус рейси билан Бокуга етказилиши мумкин.

25 декабрь куни Бокудан Грознийга парвоз қилаётган Azerbaijan Airlines учоғи Ақтау аэропорти яқинида қулаб тушган. Учоқ бортида озарбайжонлик 37 нафар, россиялик 16 нафар, қозоғистонлик 6 нафар ва қирғизистонлик 3 нафар фуқаро дохил 67 киши бўлган. Авиаҳалокатда 38 киши қурбон бўлган.

Учоқ қулаши ҳодисаси юзасидан жиноят иши очилган, ҳукумат комиссияси тузилган. Ҳалокат сабаби маълум эмас, бу борада учоққа қушларнинг урилишидан тортиб жанговар қурол унсурларининг тегишигача бўлган турли тахминлар олға сурилмоқда. Ҳодиса чоғида тирик қолганлар портлашга ўхшаш овоз эшитишганини айтишган.

Қозоғистонлик расмийлар ҳодиса бўйича бирор-бир хулосага келишга ҳали эрта эканини айтишмоқда. Учоқнинг “қора қутилари” топилган, ҳодиса тергови билан Қозоғистон томони Озарбайжон фуқаро авиацияси агентлиги ва Azerbaijan Airlines авиаширкати вакиллари иштирокида шуғулланмоқда. Ҳукумат вакиллари Қозоғистонга Embraer учоғи заводи ҳамда CENIPA (Авиация ҳодисаларининг олдини олиш ва тергов қилиш маркази, Бразилия) вакиллари учиб келаётганини маълум қилишган.

Кун янгиликлари

Ғарбий соҳилда исроиллик аскарларни ўққа тутган мерган ўлдирилди

Исроил армияси ҳарбийлари (иллюстратив сурат)
Исроил армияси ҳарбийлари (иллюстратив сурат)

Урдун дарёсининг Ғарбий соҳилидаги Таясир қишлоғида жойлашган назорат-ўтказиш масканида отишма содир бўлди. Times of Israel нашри ҳарбий мухбири Эмануэль Фабианнинг хабар қилишича, ҳодиса чоғида саккиз киши ярадор бўлган.

Унинг манбаларига кўра, фаластинлик мерган назорат-ўтказиш масканини ўққа тутган. Ҳодиса жойига Исроил армияси ҳарбийлари гуруҳи ва врачлар етиб борган. Отишма чоғида ҳужумчи ўлдирилган. Олти киши касалхонага етказилган.

Бир неча соат аввал Фабиан Исроил армияси жангчилари Ғазо секторининг бир неча ҳудудида ёнларига “фаластинлик гумонланувчилар” яқинлашган пайтда огоҳлантирувчи ўқ отганлари ҳақида хабар қилган эди.

Исроил армияси вакиллари гаровдагиларни озод қилиш мақсадида Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) ўртасида тузилган оташкесим шартномасига қаттиқ риоя қилиш ниятлари борлигини билдиришган.

Айни пайтда Исроил томони ўз ҳарбийларини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча чораларни кўришини таъкидламоқда.

АҚШ Давлат котиби USAID’ни ҳам вақтинча бошқариб туради

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио

Давлат котиби Марко Рубио вақтинча муддатга АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) маъмури вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда “Америка овози”нинг рус хизмати хабар қилди.

Давлат департаменти томонидан 3 февраль куни тарқатилган баёнотда жумладан: “USAID ўзининг аслий миссияси – Америка манфаатларини хорижда масъулияти билан илгари суришдан аллақачон четлаб кетган ва эндиликда USAID молиясининг катта қисми АҚШнинг асосий миллий манфаатларга мос келмаётгани очиқ-ойдин кўриниб қолди”, дейилган.

Сан-Сальвадорда сафарда юрган Давлат котиби Марко Рубио агентликни “мутлақо самараси” деб атаб, унинг ходимларини дастурлар тўғрисидаги “оддий саволларга жавоб беришни истамаётганлик”да айблаган. Илон Маск душанба куни USAID’ни “тиклаб бўлмаслиги” ва Трамп агентликни ёпишга рози бўлганини билдирган.

Сўнгги ҳафтада агентликнинг ўнлаб ходими таътилга йўлланган. Ўтган ҳордиқ кунлари хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли икки ходими Ҳукумат самарадорлиги департаменти ходимларига махфийлаштирилган ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортишгани учун ишдан четлатилган.

Мазкур департаменти тузилиши ҳақида Дональд Трамп 2024 йил ноябрида президент сайловидаги ғалабасидан кейин эълон қилган эди. Департаментга тадбиркор Илон Маск раҳбар этиб тайинланган.

Тожикистондаги қамоқхонада чиққан исёнда бир неча киши ўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тожикистоннинг Ваҳдат туманидаги қамоқхонада 3 февраль куни одамларни гаровга олиш ва қамоқдан қочиш уриниши содир этилган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати Адлия вазирлиги Жиноят жазосини ўташ бош бошқармасидан (ЖЖЎББ) олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

“2025 йилнинг 3 феврали соат 15:44 да Тожикистон Адлия вазирлиги Жиноят жазосини ўташ бош бошқармасига қарашли 3/2-сонли жазо муассасасида 9 нафар маҳкумдан иборат гуруҳ қўлбола воситалардан фойдаланган ҳолда масъул ходимлар – жазо муассасаси қўриқчиларига ўлдириш қасди билан ҳужум қилишган”, дейилган муассаса хабарномасида.

Хабарномада “маҳкумлар муассаса маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмай, ўткир тиғли қўлбола пичоқлардан фойдаланган ҳолда шикоят ва шартларини айтмай, ўз жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттиришиб, муассаса қўриқчилари бўлган аскарларни ўлдиришга ва қамоқдан қочишга уринишган”и қўшимча қилинган.

ЖЖЎББ вакиллари қайдича, айни пайтда муассасанинг қўриқчилик ва ҳимоя тизими тўлиқ тикланган.

Расмий маълумотга кўра, ҳужум натижасида қамоқхонанинг уч нафар ходими оғир жароҳат олган, расмийларнинг жавоб ҳаракати натижасида уч нафар маҳкум ўлдирилган, қолганлари қўлга олинган.

Бироқ, айрим ОАВ маълумотларига кўра, ҳужум натижасида ўлдирилган маҳкумлар сони бундан кўпроқдир. Масалан, TajNews сайтида ўлдирилган 6 нафар маҳкумнинг карточкалари ёйинланиб, 7 нафар ўлган шахс исми келтирилган. Мустақил нашр чоп қилган фотосуратларда беш нафар маҳкум жасадини кўриш мумкин. TajNews суратлардан бирида ўлдирилганлардан бирининг бошидаги шапкада “Ислом давлати” террор гуруҳининг байроғи акс этганига эътибор қаратган.

Маълумотларга кўра, қамоқхонада исён кўтарган маҳкумларни тинчитиш учун махсус топшириқлар бажарувчи отряд жалб қилинган.

Алишер Усмоновнинг Германиядаги вилласи сотувга қўйилди

Жанубий Бавариядаги Тегернзе кўли
Жанубий Бавариядаги Тегернзе кўли

Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг Германиянинг Бавария федерал ерида жойлашган вилласи уни бошқараётган ширкат қарзи туфайли кимошди савдосига қўйилди. Тегернзе кўли бўйида жойлашган вилланинг бошланғич нархи 25 миллион еврони ташкил қилади. Бу Германияда ҳозирги пайтда сотилаётган энг қиммат кўчмас мулкдир.

Merkur газетасининг ёзишича, вилла ва унинг ҳовлиси бошқаруви билан 2011 йилдан буён Мэн оролида рўйхатга олинган Tegernsee (IOM) Limited офшор фирмаси шуғулланиб келган. Авваллари Алишер Усмонов у ерга тез-тез бориб турарди. Расмиятчилик нуқтаи назарида у виллани Tegernsee (IOM) Limited фирмасидан ҳафтасига 77 минг еврога ижарага олиб турган. Бироқ Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин Усмонов Европа Иттифоқи санкция рўйхатига киритилган ва ўшандан буён вилла бўш турибди.

Tegernsee (IOM) Limited қарзини тўлай олмайдиган фирма ўлароқ тан олинган, унинг активлари асосан кўчмас мулк объектларидан иборат. Кредиторлар талабига кўра мулкни сотишга қарор қилинган.

735 квадрат метрли вилла Тегернзе кўли соҳилидаги 4700 квадрат метр майдонда жойлашган. У ерда ҳаммом, ҳовуз, хизматчилар учун уй бор.

Ўзбекистонда туғилган Алишер Усмонов Россиянинг энг бадавлат кишиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Forbes ҳисоб-китобига кўра, унинг бойлиги 13,4 миллиард еврога баҳоланган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг унга қарши ЕИдан ташқари АҚШ ва Буюк Британия ҳам санкциялар жорий этган. Германия расмийлари аввалроқ унинг синглисига қарашли ва қиймати 588 миллион долларга тенг бўлган Dilbar яхтасини хатлаб қўйган.

2023 йил октябрида Германия полицияси ва божхонаси ходимлари Усмоновнинг Бавариядаги вилласида ва Мюнхень четидаги кўчмас мулк объектларида тинтувлар ўтказган. Тинтув чоғида бешта автомобиль ва бошқа моддий бойликлар мусодара этилган. Бироқ, “Ведомости” нашрининг ёзишича, Франкфуртдаги участка суди Баварияда, Ҳамбургдаги Dilbar яхтасида ва бошқа объектларда мусодара этилган мол-мулклар ва ҳужжатларнинг ушлаб турилишини ноқонуний деб топган.

WSJ: Россия Туркияда “доллар офшори” барпо қилишга уринган

Россия президенти Владимир Путин билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг учрашувида лавҳа (архив сурати)
Россия президенти Владимир Путин билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг учрашувида лавҳа (архив сурати)

Украинага кенг кўламли босқин муносабати билан Ғарб мамлакатлари томонидан 2022 йили Москвага қарши молиявий санкциялар киритилиши ортидан Россия Туркияда атом электр станцияси қурилиши лойиҳасидан санкцияларни айланиб ўтиш механизмини яратиш учун баҳона ўлароқ фойдаланган. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянга ҳолда ёзиб чиқди.

Бунинг натижасида бир неча миллиард доллар АҚШ банклари воситасида Туркияга ўтказилган ва санкцияларни айланиб ўтган ҳолда Россия расмийларининг хориждаги операцияларини молиялаштириш учун фойдаланилган. Қайд этилишича, АҚШ Адлия вазирлиги бу борада текширув олиб бормоқда.

Иддаога кўра, ўша пайтда АҚШ санкциялар остида бўлмаган “Газпромбанк” орқали Россия томони АҚШнинг JPMorgan и Citigroup банклари воситачилигида “Аккую” АЭСи қурилиши учун кредит ўлароқ 5 миллиард доллар маблағни Туркиянинг Ziraat банкидаги ҳисобрақамига ўтказишга муваффақ бўлган. Галдаги 2 миллиард долларлик тўловни JPMorgan АҚШ Адлия вазирлигининг талабига кўра ўтказмай қўйган. Бу пуллар ҳали ҳам музлатилганича турибди.

Нашр материалида айтилишича, АҚШ расмийлари 2024 йилда бу маблағлардан санкцияларни айланиб ўтган ҳолда фойдаланилганини билдириб, уларни мусодара этишга тайёр бўлган. Бироқ Туркия билан муносабатлар бузилишидан хавфсиралгани учун бу ғоядан воз кечилган. Мақолада манбалар сўзларига таянган ҳолда мазкур схемада Туркия махсус хизматларининг амалдаги раҳбари Иброҳим Қалин иштирок этганига оид тахмин айтилган.

Россиянинг АЭС қурилишида иштирок этаётган “Росатом” корпорацияси вакили Туркияга ўтказиб берилган пулларнинг ҳаммаси ҳақиқатан ҳам қурилиш учун мўлжалланганини билдирган. У пулларнинг бир қисми “учинчи шахслар аралашуви туфайли адолатсиз равишда музлатилган”ини эътироф этиб, бу вазият ҳал бўлишига умид билдирган.

WSJ манбаларига кўра, АҚШ Адлия вазирлиги мулозимлари бу пуллар Туркиядаги ҳисобрақамига АЭС қурилиши учун эмас, балки Россия Марказий банки маблағлари музлатилиши ва бошқа ғарб санкциялари шароитида расмий Москва лойиҳаларини молиялаштириш учун “офшордаги доллар захираси” ўлароқ йўналтирилганига аминлар. Схема ишлаб чиқилишида, иддаога кўра, Марказий банк раиси Элвира Набиуллина дохил энг юқори мартабали россиялик раҳбарлар роль ўйнашган. Газета иддаосига кўра, бу ерда Туркиянинг манфаати ўз молиявий тизимига долларлар оқиб келишида бўлган.

Россия Марказий банки, “Газпромбанк” ва Ziraat банки вакиллари газетанинг саволларини жавобсиз қолдиришган. Нашр Туркия АҚШнинг НАТОдаги бошқа иттифоқчиларидан фарқли равишда Россияга қарши санкциялар жорий этмаганини эслатиб ўтган. АҚШ “Газпромбанк”ка қарши санкцияларни 2024 йил ноябрига келибгина жорий этган, “Росатом” эса ҳалигача санкция рўйхатига киритилган эмас.

Туркия жанубидаги “Аккую” АЭСини “Росатом”нинг шуъба корхонаси қурмоқда. АЭСнинг биринчи энергоблоки 2025 йилда ишга туширилиши режаланган. 2022 йил ёзида ОАВ “Газпромбанк” ва “Росатом”нинг Туркиядаги шуъба корхонаси ўртасида 9 миллиард долларлик кредит шартномаси имзолангани ҳақида хабар қилишган. WSJ иддаосича, “доллар офшори”ни яратиш учун айнан шу шартномадан фойдаланилган.

WP: Исроил Сурия чегарасида истеҳкомлар қурмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Исроил ўз ҳарбийлари Сурия чегарасидаги буфер ҳудудида вақтинча юрганини таъкидлаётганига қарамай, у ерда мустаҳкам форпостлар барпо қилишни бошлаган. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар қилди.

Январь ойида исроиллик ҳарбийлар Суриянинг Ғўлон тепаликларидаги бир неча қишлоғига киришган эди. Исроил ўз хатти-ҳаракатларини Сурияда собиқ президент Башар Асад режими қулагани ва “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги аксилҳукумат гуруҳлари ҳокимият тепасига келгани ортидан мамлакатнинг шимолий ҳудудларини ҳимоя қилиш зарурати туғилгани билан изоҳлаган. Мазкур гуруҳ дунёнинг кўплаб мамлакатларида террор ташкилоти деб топилган.

The Washington Post журналистлари ўтган йилнинг 20 декабридан 2025 йил 21 январигача бўлган давр ичида сунъий йўлдошдан олинган суратларни таҳлил қилиб чиқишган ва Жубата ал-Хасаб шаҳри яқинида девор билан ўраб олинган Исроил базасида ўнлаб янги иншоот қурилганини аниқлашган.

У ердан бир неча километр жанубда Исроилнинг яна бир базаси, янада жануброқда эса тозаланган ҳудуд мавжуд бўлиб, у ер учинчи ҳарбий объект учун майдонга айланиши мумкин. Янги истеҳкомларни (форпостлар) Ғўлон тепаликларидаги Исроил назорати остида бўлган ҳудудларга олиб борувчи тупроқ йўл бирлаштиради, дейилган WP мақоласида.

Қирғизистон Ўзбекистон дохил хорижий ўлкаларга чорва экспортини вақтинча тўхтатди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистон Қишлоқ хўжалигги вазирлиги Ветеринария хизмати жорий йилнинг 31 январидаги буйруққа мувофиқ равишда мол-қўй ва отлар экспорти вақтинча тўхтатилгани ҳақида маълум қилди.

Мазкур қарор нима сабабдан қабул қилингани очиқланмаган, бироқ куни кеча Қирғизистон ҳукуматида “мамлакатда озиқ-овқат нархлари билан боғлиқ масалалар юзасидан” мажлис бўлиб ўтган эди.

Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, сув захиралари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Бақит Торобаев “ҳозирги пайтда мамлакатда озиқ-овқат захиралари етарли даражада” эканини билдирган.

Шунга қарамай, у озиқ-овқат нархларини асоссиз ошираётганларга нисбатан кескин чоралари кўрилишидан огоҳлантирди. Озиқ-овқат нархлари устидан пухта назоратни амалга ошириш вазифаси Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги, Аксилмонополия бошқаруви хизмати, президентнинг вилоятлардаги мухтор вакиллари, маҳаллий давлат маъмуриятлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идораларига топширилди”, дея урғулаган Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати.

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига мувофиқ, ўтган йили январь ойидан ноябрь ойигача Қирғизистон 217 минг бош қўй-эчки ва 122,5 минг бош қорамол экспорт қилган ва уларнинг ҳаммаси Ўзбекистонга сотилган.

Сўнгги марта шу каби тақиқ 2024 йил сентябрида Қирғизистонда гўшт нархи ошиши манзарасида жорий этилган эди.

Трамп яна ягона валюта яратмоқчи бўлган БРИКС мамлакатларига бож билан таҳдид қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп
АҚШ президенти Дональд Трамп

АҚШ президенти Дональд Трамп яна бир бор янги валюта яратиб, доллардан воз кечишга уринаётганлик учун БРИКСга аъзо мамлакатларга юз фоизли бож киритиш билан таҳдид қилди.

АҚШ БРИКС мамлакатларидан янги валюта яратмаслик ва доллар ўрнига ҳеч қанақа бошқа валютани дастакламасликни талаб қилади”, деб ёзган Трамп TruthSocial ижтимоий тармоғида.

Унга кўра, “БРИКС халқаро савдода АҚШ долларини бошқа валюта билан алмаштиришига ҳеч бир имкон йўқ”, бу ишни қилишга уринган ҳар қанақа мамлакат эса “бож билан саломлашиб, Америка билан хайрлашиши лозим бўлади”.

Худди шунга ўхшаш баёнотни Трамп ноябрь ойи охирида − президент сайловидаги ғалабасидан бир неча ҳафта кейин эълон қилган эди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков БРИКСда умумий валюта яратиш ҳақида гап кетмаётганини билдирган.

“БРИКСда учинчи мамлакатларга биргаликда инвестицияларни, ўзаро инвестицияларни ва ҳоказоларни амалга оширишга имкон берадиган янги қўшма инвестицион платформалар яратиш ҳақида гапиришмоқда, мана гап нима ҳақида боряпти”, деган Песков.

2023 йили Россия молия вазири Антон Силуанов БРИКС мамлакатлари долларга муқобил бўлган ягона ҳисоб-китоб бирлигини яратиш имконини кўриб чиқаётганларини билдирган эди. Бу масала ўша йили Йоханнесбургда бўлиб ўтган БРИКС саммитида ҳам муҳокама қилинган.

Россия президенти Владимир Путин 2024 йили “Валдай” форумида БРИКС мамлакатлари иқтисодиётлари бундай валютагга тайёр эмаслигини билдирган. Бу баёнотгача эса сентябрь ойида бўлиб ўтган Шарқий иқтисодий форумда у Россия дедолларизацияга интилмаётганини айтган.

Ахир биз долларда ҳисоб-китоб юритишдан бош тортганимиз йўқ-ку. Бизга “йўқ” дейишди, шунинг учун биз шунчаки бошқа имкониятлар қидиришга мажбурмиз”, деган Путин.

Қирғизистонда Интернет ва ОАВдаги туҳмат учун $230 жарима тайинланиши мумкин

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга тузатишларни имзолади. Ҳужжатда Интернет ва оммавий ахборот воситаларида туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарлик ҳам назарда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, туҳмат ва ҳақоратда айбдор деб топилган жисмоний шахслар 20 минг сўм (тақрибан 230 АҚШ доллари), юридик шахслар эса 65 минг сўм (қарийб 750 доллар) миқдорида жаримага тортилиши мумкин. Қонунда бу каби ҳуқуқбузарликлар бўйича баённомаларни ИИВ ходимлари тузиши, кейин эса уларни судга ошириши кўзда тутилган.

Мазкур қонун лойиҳаси Қирғизистон парламенти томонидан 2024 йил декабрида кўпчилик овоз билан маъқулланган, айни пайтда депутатлардан тўрт нафари унга қарши чиқишган. Лойиҳа ташаббускори Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги бўлган.

Қирғизистон омбудсмени Жамила Жаманбаева “сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинлигига риоя қилинишини таъминлаш” зарурлигини билдириб, расмийларни бу тузатишларни қайтариб олишга чақирган.

Президент Садир Жапаров мазкур қонун лойиҳаси юзасидан изоҳ бераркан, “Қирғизистонда сўз эркинлиги аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор ва келажакда ҳам бўлади”, дея урғулаган.

“Ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумот тарқатманг, исбот-далилсиз бировга туҳмат қилманг, кимнингдир обрў-эътиборига дахл қилманг. Сиз мамлакат бўйлаб истаган жойингизда, шу жумладан расмийларга қаратилган танқид ёки талабларингизни билдиришингиз мумкин, бироқ буларни далиллар билан айтишингиз лозим”, деган мамлакат президенти.

Италияда DeepSeek нейротармоғига нисбатан текширув бошланди

Италиянинг Шахсий маълумотлар ҳимояси кафолати ташкилоти Хитойнинг DeepSeek нейротармоғини ишлаб чиқарган ширкатдан италиялик мижозларга тегишли маълумотларни қайта ишламасликни талаб қилди. Бу эса, агар мамлакатдаги алоқа операторлари ва интернет-провайдерларга тегишли топшириқ берилса, Италияда мазкур хизмат блокировга қилиниши мумкинлигини англатади.

Регулятор хизмат ишлаб чиқарувчиларига Европа қонунчилигига риоя қилиш талабномаси билан мурожаат қилганини билдирди. Хитой ширкатлари бунга жавобан Европада иш олиб бормаётганлари ва Европа қонунларига бўйсуниш мажбурияти йўқлигини қайд этишган. Регулятор бу жавобни қониқарли эмас деб топиб, эҳтимолий қонун бузилиши юзасидан текширув бошлаган.

Ташкилот талабномаси ортидан DeepSeek ўз иловасини Италия онлайн дўконларидан ўчириб ташлаган, бироқ сайт орқали ишлашда давом этмоқда, деб ёзган Il Sole 24 Ore газетаси. Ўчириб ташланишидан олдин нейротармоқ мамлакатда энг кўп юклаб олинаётган иловага айланган эди.

Европа Иттифоқида амалда бўлган Маълумотларни ҳимоялаш бўйича умумий регламентда, агар IT-ширкатлар ЕИ аҳолиси маълумотларини қабул қилаётган бўлсалар, ҳужжат юрисдикцияси бутун дунёдаги ширкатларга тегишли бўлиши кўзда тутилган. Регламент талаблари бажарилмагани учун ширкатларга 20 миллион еврогача ёки йиллик айланмасининг 4 фоизидан бошлаган миқдорда жарима солиниши мумкин.

Хитойнинг DeepSeek стартапи тақдим этган сўнгги сунъий интеллект моделлари ҳақида Озодлик аввалроқ мақола эълон қилганди. Бепул юклаб олиниши мумкин бўлган DeepSeek иловаси OpenAI маҳсулоти бўлган ChatGPTга муқобил бўлиб, нақафат IT дунёси, балки жаҳон молия бозорида ҳам талотумга сабаб бўлган эди.

Мирзиёев Трампга ҳамдардлик мактуби йўллади

Сўнгги маълумотларга кўра, Вашингтон яқинида содир бўлган авиаҳалокат оқибатида ўзаро тўқнашган учоқ ва вертолётдаги одамларнинг барчаси ҳалок бўлган
Сўнгги маълумотларга кўра, Вашингтон яқинида содир бўлган авиаҳалокат оқибатида ўзаро тўқнашган учоқ ва вертолётдаги одамларнинг барчаси ҳалок бўлган

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтондаги аэропорт яқинида рўй берган авиаҳалокат оқибатида кўплаб инсон қурбон бўлгани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампга таъзия мактуби юборган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Давлатимиз раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун Америка халқига чуқур ҳамдардлик изҳор этди”, дейилган хабарномада.

Рональд Рейган номидаги аэропорт яқинида 29 январь куни содир бўлган авиаҳалокат натижасида қурбон бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 67 кишига етган.

Чоршанба оқшомида Bombardier CRJ-700 йўловчи учоғи инаётган пайтда Sikorski H-60 ҳарбий вертолёти билан тўқнашиб кетгани ортидан Потомак дарёсига қулаб, ғарқ бўлганди.

30 январь куни президент Трамп авиаҳалокат муносабати билан Оқ уйдан америкаликларга мурожаат қилган.

Мен сизларга мамлакатимиз учун оғриқли соатларда мурожаат қиляпман”, деган Дональд Трамп ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этди.

У фожиа оқибатида ҳеч ким тирик қолмаганини маълум қилиб, авиаҳалокат сабабларини аниқлаш учун барча зарур чоралар кўрилажагини билдрган. Бунга оид текширув Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси, Транспортдаги хавфсизлик бўйича миллий кенгаш ва Пентагон томонидан олиб борилади.

Юртдошларини фожиа атрофида миллий бирлашувга чақирган Трамп салафлари фаолиятини танқид қилди. У аввалги президентлар даврида қабул қилинган инклюзивлик дастурлари туфайли Фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (ФАБ) етарли даражада малакага эга бўлмаган ходимларни ишга қабул қилганини билдирди.

Мен хавфсизликни биринчи ўринга қўяман. Обама, Байден ва демократлар биринчи ўринга сиёсатни қўйишади”, деган у.

Трамп АҚШ Корчалонлик авиацияси миллий ассоциацияси собиқ раҳбари бўлган 78 ёшли Крис Рочелауни ФАБ раҳбари в.б. этиб тайинлаганини эълон қилди. Бошқарманинг олдинги раҳбари Майк Уитакер Трамп президент этиб сайлангани ортидан истеъфога кетган. Бундан аввал Трампнинг сайловолди кампаниясидаги энг асосий иттифоқчиларидан бири бўлган миллиардер Илон Маск Уитакерни ишдан бўшашга чақирган эди.

Швецияда Қуръон ёққан ироқлик қочқин отиб кетилди

Салван Момика
Салван Момика

Швецияда 28 январь куни ироқлик қочқин Салван Момика отиб кетилди. У Қуръони каримни намойишкорона ёқилиши тадбирини уюштирган шахс сифатида танилган эди.

38 ёшли Момика ўзига қарши суд ҳукми чиқишига бор-йўғи бир неча соат қолганда Седерталье шаҳрида ўлдириб кетилган. Бу ҳақда Швециянинг SVT телевидениеси хабар қилди.

Мазкур иш бўйича Момикадан ташқари яна бир киши судланиши лозим эди. Суд ҳукмининг эълон қилиниши бошқа кунга қолдирилган, иккинчи айбланувчи эса Х ижтимоий тармоғида: “Кейинги қурбон менман”, деб ёзган.

Полиция Момика ўлими бўйича тергов ишларини олиб бормоқда (расмий хабарларда унинг исми айтилаётгани йўқ). Швеция нашрлари ироқлик қочқин чоршанба оқшомида ўз уйида TikTok ижтимоий тармоғида стрим олиб бораётган пайтда отиб кетилгани ҳақида ёзишмоқда. Мазкур жиноятни ким содир этган бўлиши мумкинлиги юзасидан ҳозирча ҳеч қандай тахмин олға сурилаётгани йўқ.

Салван Момика аввалроқ Швециядан бошпана олган. У ўзини атеист деб атар ва аксилисломий кескин баёнотлар билан чиқишлар қилиб турарди. 2023 йилда у бир неча марта Қуръон ёқиш акциясини ўтказган, бу ҳолат қатор мусулмон ўлкаларида қоралашларга ва радикал исломчилар томонидан террор хуружи таҳдидларига сабаб бўлган. Туркия бу акцияларни мисол келтирган ҳолда, Швециянинг НАТОга киришига розилик бериш жараёнига тўсқинлик қилиб келган.

Швеция расмийлари 2023 йилда Момика бошпана олиш чоғида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тақдим этганлигини билдиришиб, уни депортация қилиш ҳақида қарор қабул қилишган, бироқ Ироқда унга қийноқ ва ғайриинсоний муомала таҳдид солиши мумкинлигини эътиборга олган ҳолда депортация қарори амалга оширилган эмас.

Италияда бош вазир Мелонига қарши тергов бошланди

Жоржа Мелони
Жоржа Мелони

Рим прокуратураси Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан қидирилаётган ливиялик дала қўмондонининг бадарға қилинишига оид иш бўйича Италия бош вазири Жоржа Мелони ва икки вазирга қарши тергов бошлади. Euronews хабарига кўра, тергов бошланганини Мелонининг ўзи эълон қилган.

Италия бош вазири Усома ал-Масрий номи билан танилган Усома Анжиемага ёрдам кўрсатганликда айбланмоқда.

Мелонига кўра, тергов адлия вазири Карло Нордио ва ички ишлар вазири Маттео Пьянтедозига ҳам қарши олиб борилмоқда.

Айблов юзасидан изоҳ бераркан, Мелони: “Кеча тўғри бўлган нарса бугун ҳам тўғри бўлиб қолмоқда. Мени шантаж қилиб ва қўрқитиб бўлмайди”, дея билдирган.

Жоржа Мелони ҳукумати ал-Масрий Халқаро жиноят суди ордерига кўра Туринда ҳибсга олинганидан кейин озод қилиб юборилганидан кейин мухолифат, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда ХЖС томонидан танқидга учраган.

Жанубий Судандаги авиаҳалокат оқибатида 20 киши нобуд бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жанубий Суданда йўловчи учоғи қулаши оқибатида 20 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, учоқ нефтчиларни олиб кетаётган бўлган ва мамлакат шимолидаги нефть конидан пойтахт Жубу томонга парвоз қилганидан кўп ўтмай қулаб тушган.

Кон Хитой ва Жанубий Судан давлат ширкатлари томонидан қазилмоқда. Ҳалок бўлганлар орасида икки нафар Хитой фуқароси ва бир ҳиндистонлик бор.

Учоқ бортида йўловчи ва учувчилар дохил 21 киши бўлган. Улардан фақат бир киши тирик қолган, унинг ҳам жароҳати оғир экани айтилмоқда. Авиаҳалокат сабаблари ҳозирча маълум эмас.

АҚШ: Вашингтон яқинида йўловчи учоғи ҳалокатга учради

Вашингтондаги Рональд Рейган номли аэропорт, 2025 йил 29 январь оқшоми
Вашингтондаги Рональд Рейган номли аэропорт, 2025 йил 29 январь оқшоми

Йигирма тўққизинчи январь оқшомида АҚШ пойтахти яқинида ҳарбий вертолёт билан тўқнашиб кетган American Airlines авиаширкатига қарашли маҳаллий йўловчи учоғи ҳалокатга учради.

Дастлабки маълумотларга кўра, Канзасдаги Уичито шаҳридан Вашингтонга парвоз қилаётган учоқ бортида 60 нафар йўловчи ва 4 нафар экипаж аъзоси бўлган.

Bombardier CRJ700 учоғининг Sikorski H-60 ҳарбий вертолёти билан тўқнашуви Рональд Рейган номидаги аэропортга яқин жойда содир бўлган. Йўловчи учоғи Потомак дарёсига қулаган.

Авиаҳалокат қурбонлари ҳақида аниқ маълумот ҳозирча йўқ. Ҳозиргача 18 кишининг жасади сувдан олиб чиқилгани айтилмоқда. “Тез ёрдам” машиналари Потомак соҳилига тизилган.

CNN телеканалининг ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган манбаси иддаосича, қутқарувчилар ҳали сувдан биронта ҳам тирик одамни олиб чиқишга муваффақ бўлишган эмас. Манбага кўра, учоқ дарёга қулаганидан кейин иккига бўлиниб кетган, вертолёт ҳам ундан узоқ бўлмаган жойга қулаган.

Ҳодиса ортидан Рейган номидаги аэропортда учоқларнинг учиш-қўниши бекор қилинган.

Потомакдаги полиция қайиғи
Потомакдаги полиция қайиғи

АҚШ президенти Дональд Трамп ўзига “Рейган Миллий аэропортида содир бўлган мудҳиш ҳодиса ҳақида” хабар берилганини маълум қилган.

Транспортдаги хавфсизлик бўйича миллий кенгаш нохуш ҳодиса ҳақида қўшимча маълумот йиғаётганини билдирган.

Бу Қўшма Штатларда 2009 йилдан буён инсонлар ўлимига олиб келган илк авиаҳалокат бўлиб ҳисобланади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG