Саратов области ички ишлар раҳбарияти минтақадаги нолегал меҳнат муҳожирларига “миграция амнистияси” эълон қилди. Амнистия қўлланиши учун Саратовда ноқонуний юрган меҳнат муҳожирлари миграция қайдига туриши керак бўлади.
Баъзи миграция мутахассислари бу “амнистия”ни Россия президенти чиқарган қарорга “бўйсунмаслик” деб атаса, бошқалари уни ижобий баҳоламоқда.
Россия полицияси: "Ариза билан келган нолегаллар қайта қайдга олинади"
Саратовда ўз ихтиëри билан келиб¸ миграция қайдидан ўтган нолегал меҳнат муҳожирлари ҳар қандай жавобгарликдан озод этилади.
Бу ҳақда Саратов области Ички ишлар бошқармасининг Миграция масалалари бўйича бўлими бошлиғи Алексей Зелепукин 27 апрель куни махсус уюштирилган матбуот анжуманида хабар қилди.
- Саратов вилояти ҳудудида ноқонуний юрган барча хориж гражданлари ҳар қандай жавобгарликдан озод этилади. Бунинг учун уларга идораларимизга келиб, ариза билан мурожаат қилиш мажбурияти қўйилади. Ўз тарафимиздан биз бу гражданларнинг миграция ҳужжатлари муддати ўтиб кетган бўлса ҳам¸ миграция қайдига қўйишни ўз зиммамизга оламиз, деди Алексей Зелепукин.
Расмийнинг сўзларича, мигрантлар дактилоскопия, расмга тушиш ва барча маълумотлар базасидан текширишдан ўтади.
- Агарда хориж ватандоши қидирувда бўлмаса ёки унга нисбатан ҳибсга олиш эҳтиёт чораси қўлланилмаган, у бошқа давлат томонидан таъқиб қилинмаётган бўлса, бу шахс Россия Федерацияси ҳудудида миграция қайдига туришга ва жорий йилнинг 15 июнигача қонунан яшаш ҳуқуқига эга бўлади, деди Саратов миграция идораси раҳбари.
Зелепукин ИИБга мурожаат қилган нолегал муҳожирга нисбатан ҳеч қандай жазо чораси қўлламаслиги, Путин имзолаган янги қарорга кўра¸ муҳожирларнинг ҳозирги вазиятда рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлади.
Саратов миграция мулозимига кўра¸ нолегал мигрант қайдга олинганидан сўнг миграция бўлинмаси тегишли давлат консуллик бўлимига мурожаат қилади ва “қайтишга гувоҳнома” расмийлаштирилади.
“Шундан кейин бундай муҳожир Россия Федерацияси ҳудудини тарк этишга мажбур”, дея хулоса қилди идора вакили.
Статистика қўмитаси берган маълумотга кўра¸ Саратов аҳолиси кескин қисқариб бораётган Россия минтақаларидан биридир.
Нолегал ўзбек муҳожири: "Жон деб легаллашамиз!"
Россияда нолегал ҳолатда юрган 34 яшар Асқар жуда кўплаб мигрантлар амнистия кутаётганини айтади.
Бироқ, Россия полициясига ишонч йўқ, дейди у:
- 4,5 йилдан бери ноқонуний юрибман Россияда. Ўшанда ишим юришмасдан, патент қилишга пулим бўлмади. Кейин ҳожати қолмади - барибир депорт қилишади, ушлашса. Шунча вақт полиция ушласа 1-2 минг рубль бериб қутуляпман. Менинг танишларим орасида 80 фоизи нолегал, бирортасида ҳужжати йўқ! Ҳаммаси жон деб боради, агарда амнистия берса. Лекин бир нарса хавотирга солаяпти - полиция бизни алдамайдими? 15 июндан кейин "ўйин" қилиб, ҳаммамизни депорт қилса-чи?! - дейди Асқар.
Сўнгги расмий маълумотларга кўра, коронавирус эпидемияси тарқалиши олдидан Россияда 2,2 миллион ўзбекистонлик меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган.
Россия Ички ишлар вазирлиги мамлакатда қолаётган 10 миллионга яқин меҳнат мигрантларидан 2 миллиони ноқонуний яшаб келаётганини хабар қилади.
Миграция мутахассислари:"Кўплаб саволларга жавоб ололмаяпмиз!"
Саратовда амнистия эълон қилиниши арафасида Россия президенти Владимир Путин хориж гражданларига берилган ишга рухсатнома, регистрация, виза муддатини автоматик тарзда 15 июнгача узайтириш тўғрисидаги қарорга имзо чеккан эди.
Унга кўра, 15 мартдан 15 июнга қадар хорижликлар ва гражданлиги йўқ шахслар учун қайдга туриш (регистрация) ва ишга рухсатномаларни (патент) расмийлаштириш ва тўлаб бориш вақтинчалик тўхтатилди.
Айни пайтда¸ бу қарорнинг Россиядаги ўн минглаб нолегал муҳожирларга тааллуқли эмаслиги айтилди.
Саратов области миграция раҳбарияти эълон қилган “муҳожирлар амнистияси”, айрим мутахассислар фикрича, Россия президенти қарорига зиддир.
“Саратовда Путин 18 апрель куни имзолаган 274-сонли қарорга бўйсунмаслик йўли билан миграция амнистиясини ўтказишмоқчи - муҳожирларни миграция қайдига туришга мажбурлашмоқда, ваҳоланки қарорда бунга тўғридан-тўғри тақиқ мавжуд! - деб ёзди миграция масалалари бўйича ҳуқуқшунос Валентина Чупик.
Миграция амнистиясини ижобий баҳолаган Migranto.ru портали асосчиси¸ юрист Светлана Саламова Саратов Миграция департаменти эълон қилган жараëнни бутун Россияда ҳудудида жорий қилиш кераклигини билдирди.
Бу мутахассис¸ миграция амнистияси нолегал муҳожирларни легаллашишнинг ягона йўли, деган фикрда.
- Аслида¸ бу тартиб бутун Россияда амал қилиши керак, фақат Саратов вилоятидамас. Саратов миграция раҳбарияти шунчаки бунга алоҳида эътибор қаратди. 15 июнгача Саратовдаги муҳожирлар энди ҳимоя остида бўлади. Бироқ, Россияда ҳеч бир давлат идораси 15 июндан кейин Россиядан чиқиб кетмоқчи бўлган нолегалларга қайтиб киришга тақиқ қўйилмаслигига кафолат бермаяпти.
Ҳозир ҳатто тўланмаётган ишга рухсатнома тўловлари масаласида ҳам юристлар орасида бирор якдиллик йўқ. Худди Саратовга ўхшаб, Россия миграция майдонида ўзбошимчалик ва тартибсизлик ҳукмрон, ҳар бир минтақа бу масалаларни ўзича ҳал қилмоқда, деди Светлана Саламова.
У ўз сайтида Россия Ички ишлар вазирлигининг бу масалага доир махсус фармойиш нусхасини эълон қилганини билдирди.
Суҳбатдош Россияда карантин якунланганидан кейин ҳукумат ишсиз ва маблағсиз қолган россияликлар босими остида меҳнат бозорида “зачистка” ўтказиб, муҳожирларга қарши чекловларни кучайтириши мумкинлигини тахмин қилди.
28 апрель куни коронавирус инфекциясига қарши кураш масаласида қилган учинчи чиқишида Россия президенти Владимир Путин “ишланмайдиган кунлар” ва “изоляция режими”ни 11 майгача узайтирди.