Россияда коронавирус пандемияси билан боғлиқ таранг вазиятда соғлиқни сақлаш тизими сарф-харажатлари кескин ошди. Молия вазири Антон Силуановга кўра, ковидга қарши курашнинг ҳар бир кунида давлат 3,6 млрд рубль (56 млн доллар) сарфламоқда. Яна 50 млрд (700 млн доллар) мажбурий тиббий суғурта тизимига кўмаклашишга ажратилади.
Тиббиёт муассасалари йўқ беморлар ҳисобига ёзиш билан миллионлаб пулларни ўзлаштирмоқда – россияликлар ўзларига ҳеч қачон кўрсатилмаган ўнлаб минг рубллик тиббий хизматлардан “Давлат хизматлари” порталидаги шахсий аккаунтлари орқали хабар топишяпти.
Алина Жестовская сохта тиббий хизматларга тасодифан тўқнаш келди. У ва ҳамкасблари ўзларига кўрсатилган тиббий хизматлар ҳақида маълумот сўраб олишга қарор қилишади. “Давлат хизматлари” портали орқали сўров берадилар. Натижада улардан бири гўёки яшаш жойидан икки минг километр наридаги шаҳарга гинеколог қабулига боргани, бошқаси эса 17 варақ маълумотномага жо бўлган тиш муолажаси қилдиргани ўртага чиқади. Алинанинг ўзи ҳам “стоматолог кўригидан ўтган” бўлиб чиқди, ҳолбуки маълумотномада кўрсатилган санада у бошқа шаҳарда бўлган.
Алина ижтимоий тармоқларда дўстларига ва журналистларга ҳам шуни таклиф қилди. Шу тариқа, бир ҳафтада икки мингдан ортиқ киши тиббий суғурта ҳисобидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олинганидан воқиф бўлди. Баъзан қаллобликни абсурд даражага олиб боришган: масалан. Бир аёл ўзи бехабар ҳолда турли туғруқхоналарда ва атиги бир неча кун фарқ билан “икки марта туққан”инини аниқлаган.
“Кўпинча айнан стоматологияда шунақа бўляпти, чунки аксар одамлар тишларини давлат клиникаларида даволатади. Яна талай ҳолатларда, яшаш жойини ўзгартирган ва кўпдан бери ўз ҳудудидаги поликлиника ёки тиббиёт муассасасига бормаган кишилар ҳисобидан ўғрилик қилишяпти”, – дейди “Новая Россия” ҳаракати раҳбари Алина Жестовская.
Алина ҳамкасблари билан бирга, “Давлат хизматлари” порталига ва ССВга сўровлар йўллаган, лекин тайинли жавоб олмаган. Расмийлар бу ҳолатларни “техник хатоликлар”га йўйишган.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор ва Ярославль шаҳри муниципал депутати Дмитрий Петровскийга кўра, шифокорларни қаллоблик қилишга давлат соғлиқни сақлаш тизими мажбур этмоқда.
“Ҳар қандай шифохона, ҳар қандай шифокор шунақа қаллоблик қилишга мажбур, чунки ҳаммага режа қўйилган – 100 фоизга бажармаса, ойлиги камаяди. Ойликнинг асосий қисмини эса, биласиз, суғурта ташкилотларининг мукофотлари ташкил этади”, – изоҳ беради у.
Петровский фикрича, режани бажариш врачлар ва тиббиёт ташкилотларининг энг катта ташвишларидан бири ҳисобланади. Талаб қилинганидан кам бемор қабул қилган шифокорнинг маоши икки бараваргача камайиши мумкин, муассаса миқёсида режа бажарилмаганида эса молиявий “канал”лар тўсилади.
“Оддий поликлиника мудирлари ва губернаторларнинг ижтимоий соҳа бўйича ўринбосарларидан тортиб вазирлик раҳбарларигача – ҳамма вазиятдан хабардор. Барчаси билади, тушунади. Лекин, афсуски, тизимнинг ўзи шунақа: қўшиб-чатилмаса, президент фармонлари бажарилмай қолади, бу эса жуда ёмон. Шундай экан, врачларни даволаш ўрнига ҳисобот ёзишга мажбур этаётган бу суғурта тўловлари тизимини ўзгартириш ёки тугатиш лозим”, – дейди профессор.