Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:22

Нима учун Хитой Россиянинг заифлашган иқтисодиётини қутқармайди?


Хитойнинг шарқий Ханчжоу шаҳри яшовчиси савдо марказидаги телевизор экранида Украина хабарларини томоша қилмоқда. 25 февраль, 2022.
Хитойнинг шарқий Ханчжоу шаҳри яшовчиси савдо марказидаги телевизор экранида Украина хабарларини томоша қилмоқда. 25 февраль, 2022.

Ғарб томонидан мисли кўрилмаган санкциялар оғирлигини ҳис қилаётган Россия иқтисодиёти турғун қолаётган бир пайтда Хитой Москвага иқтисодий ёрдам бера оладими?

Ҳозирча бунга "йўқ" деган жавоб мантиқлироқ кўринмоқда.

Гарчи Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Владимир Путин сўнгги йилларда Ғарб босими манзарасида мустаҳкам алоқалар ўрнатган ва Пекин Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини танқид қилган бўлса-да, Хитой Москвага ёрдам бериш сари қадам ташлагани йўқ.

Хитой бошчилигидаги Осиё инфратузилма сармоялари банки (АIIB) 3 март куни Россия ва Беларус билан барча алоқаларини тўхтатиб қўйди. Бу Пекин ва Москва муносабатлари чекланиши мумкинлигига ишора қилади. Шанхайда жойлашган Янги тараққиёт банки ҳам ўша куни Россия билан алоқани узди.

Бироқ сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар мустаҳкамланди, икки томонлама савдо Хитойни Россиянинг энг йирик савдо шеригига айлантирди. Икки мамлакат ўзаро алоқаларида АҚШ доллари молия тизимидан ташқарида бўлган Хитой юанида кўпроқ муомала қилишга интилди.

“Reuters” хабарига кўра, рус ширкатлари санкциялар оқибатидаги иқтисодий муаммоларни четлаб ўтиш умидида Хитой банкларида ҳисоб рақам очишга шошилмоқда. “Financial Times” эса 4 март куни сармоядорлар Пекиннинг Россия билан савдони кучайтиришига тобора кўпроқ пул тикаётгани ҳақида хабар берди.

Аммо Пекин қанча муддат Москвага молиявий кўмакчи бўла олади, энг муҳими, Пекин бунга тайёрми?

Батафсил маълумот олиш учун Озод Европа-Озодлик радиоси АҚШ молия вазирлигининг собиқ ходими, ҳозирда “Castellum.АI” консалтинг компанияси бош директори Петр Пятецкий билан суҳбатлашди.

Питер Пиатецкий
Питер Пиатецкий

Озодлик: Хитой Россия иқтисодиётини қўллаб-қувватлашда қандай роль ўйнаши мумкин? Биз нефть ва буғдой битимлари ҳақида эшитдик. Сўнгги йилларда АҚШ долларидаги халқаро молия тизимидан ташқарида бўлган Хитой юанида битимлар имзоланди. Пекин учун қандай вариантлар бор?

Петр Пятецкий: Пекинда барча карталар бор ва бу Россия учун жуда ёмон ҳолат. Чунки Россия экспортга таянади, лекин экспортда у қадар хилма-хилликка эга эмас. Асосан, минераллар, олмос, уран, буғдой, лекин биринчи навбатда нефть. Европа эса нефть учун асосий бозор ҳисобланади.

Хитой бу қўшимча нефтни сотиб олиши мумкин, аммо у бунга тайёр эмасдек кўринмоқда. Россиянинг асосий ташқи савдо алоқалари Хитой билан. Бироқ, Хитойнинг асосий ташқи савдо алоқалари АҚШ билан. Шундай қилиб, биз ҳозиргача кўрганимиз шу бўлдики, Хитой ҳам жимгина АҚШ санкцияларини жорий қилмоқда.

Хитой бу ерда моҳиятан битта нарсани қила олади, яъни кўпроқ рус товарларини сотиб олиши мумкин. Лекин Хитой буни хоҳламайди ва Россияда Хитой сотиб олишга тайёр бўлган хилма-хил маҳсулотлар ҳам йўқ.

Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатлар фақат келишувларга асосланган. Бу мафкурага асосланган муносабатлар эмас. Уларнинг иккаласи ҳам Қўшма Штатларни ва АҚШ бошчилигидаги дунё тартибини ёқтирмайди.

Озодлик: Россияга қарши санкциялар пакетини ҳисобга олсак, Хитой Россия иқтисодиётига ёрдам бериш эҳтимоли қанчалик? Сизнинг фикрингизча, қандай сценарийлар бўлиши мумкин?

Пятецкий: Ҳозирча санкция киритилмаган энергия ва буғдой экспорти бундан мустасно. Агар аниқ бир нарсани айтадиган бўлсак, бу кўпроқ рус товарларини сотиб олиш ва Россияга кредит бериш бўлиши мумкин. Аммо буларнинг иккаласи ҳам Хитой учун моҳиятан зарар келтирадиган таклифлар. Шунинг учун ҳам биз Хитойнинг Россияга ёрдам пакети ҳажми ҳақида гаплашишимиз мумкин.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида одамлар банкоматдан АҚШ доллари ва еврони ечиб олиш учун навбатда турибди. 25 февраль, 2022
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида одамлар банкоматдан АҚШ доллари ва еврони ечиб олиш учун навбатда турибди. 25 февраль, 2022

Озодлик: Хитой қандайдир йўл билан Россияни қутқариб, молиявий яшовчанлигини узайтиради, деган фикрингизга ишончингиз комил эмасдек?

Пятецкий: Бу ерда одамлар ўзларини Хитой ўрнига қўйиб кўришлари керак.

Хитой иқтисодий жиҳатдан заифроқ Россиядан фойда кўради. Хитой Россиянинг манфаатларини назарда тутмайди. Улар иқтисодий жиҳатдан кучлироқ бўладиган Россиядан манфаатдор эмас, бу Хитойга ёқмайди.

Хитойда буни қилиш учун шунчаки стимул йўқ. Агар стимул бўлганида, Хитойда катта миқдорда кредитлар бериши учун кўплаб йўллар бўлмайди ва бу катта кредитлар аслида ёрдам бўлар эди. Менимча, Хитой буни хоҳламайди. Россия ҳам шунчаки ёрдам олувчи сифатида кўринишни истамайди, Россия барибир кучли кўринишни хоҳлайди.

Озодлик: Россияга иқтисодий зарбалар кенгроқ минтақага, хусусан, Россия иқтисодиёти билан чуқур боғланган Марказий Осиё ва Кавказга таъсирини қандай кўрасиз?

Пятецкий: Марказий Осиё учун бу мутлақ фалокат, бу иқтисодларнинг аксарияти пул ўтказмаларига боғлиқ ва россияликлар пул йўқотиб, ишини йўқотса, иш ўринлари ҳам камроқ бўлади.

Ишларини йўқотаётган Марказий Осиёлик муҳожирлар учун ҳеч қандай ҳимоя бўлмайди, уларнинг аксарияти норасмий мигрантлар. Демак, руслар, Марказий осиёликлар ишсиз қолишига гувоҳ бўлиш мумкин. Грузинлар ҳам иш жойларини йўқотади ва улар ўз ватанига юбораётган пул ўтказмалари ҳам камаяди.

Шундан келиб чиқиб, Марказий Осиё учун иқтисодий жиҳатдан ниҳоятда оғир палла деб айтиш мумкин.

Озодлик: Бундан Хитой фойда кўрадими? Хитой аллақачон дунёнинг бу қисмида таъсири ўсиб бораётганини ҳисобга олганда, бу Пекин учун қулай вазиятми?

Пятецкий: Қисқа жавоб “ҳа”.

Жо Байден Путин қаттиқ янглишганини айтган эди. Путин ёнидаги маслаҳатчиларининг, аксарияти "ҳоп бўлади" дейдиган одамлар. Шундан ҳам унга қандай маслаҳат беришаётганини кўриш мумкин.

Унинг ҳаракати ўзи истамаган тарзда Европани бирлаштиришга ва эҳтимол Европа Иттифоқини Россия энергиясидан воз кечишга ундаш каби кутилмаган таъсир кўрсатди.

Қолаверса, Путин Хитойни ҳам кучайтирди. Хитой ҳозирда Россияга қандайдир иқтисодий ҳаётий кўмак бериш имкониятига эга. Шундай бўлса, бу Россияни Хитойга янада кўпроқ қарам қилади.

Озодлик: Хитойдан ташқари, Москвада аллақачон етиб келган ва келажакда юзага келиши мумкин бўлган зарарни камайтиришга ёрдам берадиган бошқа чоралар ёки вариантлар борми?

Пятецкий: Урушни тўхтатиш, бу жуда оддий.

Икки ҳафта ичидаги молиявий уруш ва Россияга қўйилган санкциялар даражаси Эронга нисбатан қўйилган санкциялардан каттароқ бўлди. Эронга санкциялар тахминан 10 йил давомида жорий қилинган эди.

Бу тарихдаги энг йирик санкциялар глобал бирлашган фронт томонидан жорий этилмоқда. Бунда нафақат АҚШ ва Европа Иттифоқи, балки Канада, Япония, Австралия ва Жанубий Корея ҳам бор. Хитой Россияни қутқаришга шошаётгани йўқ.

Хитой президенти Си Цзиньпин ва Владимир Путин 2018 йилги Шарқий иқтисодий форумда
Хитой президенти Си Цзиньпин ва Владимир Путин 2018 йилги Шарқий иқтисодий форумда

Урушни тугатиб, Европанинг талабларини бажарганда ҳам Россиянинг иқтисодий имкониятлари чекланиб қолади.

Бу Россияда ижтимоий таназзул бўлади дегани эмас ва бу Россиянинг Ғарб талабларига бўйин эгиб қолишини ҳам англатмайди. Россияликларнинг даромади, имкониятлари камаяди, камроқ саёҳат қилади ва харид қобилияти пасаяди.

Россиядаги ҳаёт тарзи тобора ёмонлашиб бориши ва бу узоқ вақт давом этиши мумкин. Европа санкцияларни бекор қилмагунча, бу давом этади.

XS
SM
MD
LG