Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:12

"Тадбиркорларни қақшатган" собиқ ҳоким муовинига тегишли МЧЖ тендерларда ғолиб бўлмоқда


Чет тиллар институтида қурилиш ишларини “Мега темир бетон” МЧЖ олиб бормоқда.
Чет тиллар институтида қурилиш ишларини “Мега темир бетон” МЧЖ олиб бормоқда.

Самарқанддаги давлат лойиҳаси “тадбиркорни қақшатиш” билан ном чиқарган собиқ ҳоким ўринбосарига берилди.

Самарқанд Давлат Чет тиллар институти ҳудудида 3 қаватли ахборот-ресурс маркази биносини қуриш “Мега темир бетон” МЧЖга топширилди. Институт ректори 6 ноябрь куни вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Олим Очиловга алоқадор бу МЧЖ билан қарийб 12 миллиард сўмлик шартнома имзолади.

12 ноябрь куни олинган видеотасвирлардан институт ҳудудидаги боғ ўрнида янги бино қуриш ишлари бошлангани кўрилади.

Маҳаллий нашрлар эълон қилган мақола ва суриштирувлар Олим Очиловнинг самарқандлик “тадбиркорларни қақшатган”ини фош қилган эди.

Озодлик гаплашган маҳаллий тадбиркорлар бу суриштирувларнинг натижасиз қолаëтгани¸ хусусан¸ ўтмиш фаолиятидаги ноқонуний ҳолатлар фош этилганига қарамай, давлатнинг яна бир лойиҳаси Очиловга берилганидан хавотир билдирди.

Очиқ манбалардан олинган шартномада "Бўстонсарой, 93" манзили бўйича қурилиш ишлари 11 930 948 099 сўмга баҳоланган. Қурилиш сметаси тасдиқланган пудрат шартномасига пудратчи томонидан МЧЖ директори Улуғбек Усманов ва буюртмачи номидан Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳом Тўхтасинов имзолаганини кўриш мумкин.

"Мега темир бетон" МЧЖсининг Чет тиллар институти билан тузган шартномаси
"Мега темир бетон" МЧЖсининг Чет тиллар институти билан тузган шартномаси

“Мега темир бетон” МЧЖнинг ягона эгаси эса, маҳаллий матбуот эълон қилган суриштирувлар марказига қўйилган Очилов Олимжон Исмоиловичдир.

Прокуратура назаридан омон қолаëтган мулозим-тадбиркор

Ўз исмини очиқламасликни сўраган самарқандлик тадбиркор Самарқанд шаҳрида олиб борилган кўплаб қурилишларга Самарқанд вилоят ҳокимининг саноат, тадбиркорлик, капитал қурилиш ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари Олим Исмоилович Очиловнинг алоқадор эканини даъво қилди.

2018 йилда ҳибсга олинган унинг бевосита раҳбари собиқ вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ва унинг "жиноий шериклари" экани айтилган шахслар 2019 йилнинг 2 август куни Тошкент вилояти суди ҳукми билан узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205 ("Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан чиқиш) ва 210 ("Пора олиш") моддалари билан айбдор деб топилган собиқ ҳоким Туробжон Жўраев 13 йилга, ҳоким ўрибосари Ўткир Абдуллаев 11 йилга, ҳокимлик бош мутахассиси Баҳодир Хўжақулов 7 йилга, мутахассислар Ботир Абдуллаев 6 йилга ва Тўлқин Сулаймонов 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

"Жиноий гуруҳ раҳбари" дея кўрсатилган Туробжон Жўраев Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун пудратчилардан жами 2 140 000 АҚШ доллари миқдорида пора олганликда айбдор деб топилган.

Озодлик гаплашган самарқандлик тадбиркор бу текширувлардан омон чиққан Олим Очилов 2018 йил февраль бошида “Қишлоқ Қурилиш Инвест” МЧЖ инжиниринг компанияси Самарқанд вилоят филиали бошлиғи лавозимига тайинланганини билдирди.

- Очилов бундан олдинги вилоят ҳокимимиз Зоир Мирзаев давридан бу ишларни қилиб келган – шу одамнинг ҳимоясида бўлган. Одатда, бирор катта лавозимдаги одам ишдан кетса, расман эълон қилинади. Жўраев қўлга тушганидан кейин Очилов тўсатдан йўқ бўлиб қолди, ўрнига Абдуллаев тайинланди. Лекин Очилов ўрнига ўтирган Ўткир Абдуллаев ҳам 11 йилга қамалиб кетди. Олим акани ишдан кетгани ҳеч бир матбуотда хабар қилмади! Бу одам қандай қилиб қутулиб қолгани бизга номаълум - Зоир Мирзаев ёрдамисиз бўлмаса керак¸ - деди самарқандлик бизнесмен.

Суҳбатдош иддаосича, вилоятда олиб борилган ҳар бир қурилишга айнан Олим Очилов рухсат бериб келган ва қурилган ҳар бир кўп қаватли уйдан битта квартира шу одамга “откат” тарзида берилган.

О.Очилов "Мега темир бетон" МЧЖсининг 100 фоизли эгаси
О.Очилов "Мега темир бетон" МЧЖсининг 100 фоизли эгаси

Маҳаллий матбуотда ҳам Олим Очиловнинг қурилиш фаолиятини фош этувчи қатор материаллар чоп этилган.

Кун.уз нашри “Самарқандлик тадбиркор: «Вилоятдаги мутасаддилар туфайли корхонам 552 миллион сўм зарар кўрди”, “Самарқандда адолат борми ўзи?!” – Тадбиркорларни қақшатган Олим Очилов жавобгарликка тортилмай қолмоқда” деган мақолалар эълон қилган.

Унда Пастдарғом туманида “Камолот” уйларини қуриб берган “Паст Дарғом сифат қурилиш” хусусий ихтисослаштирилган таъмирлаш қурилиш корхонасининг вилоят ҳокими собиқ ўринбосари Олим Очилов, вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси ва АТБ «Қишлоққурилишбанк» Самарқанд минтақавий филиали раҳбариятининг ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиши, тадбиркорлар ҳуқуқларини поймол қилиши оқибатида ярим миллиард сўмдан зиёд зарар қилгани ҳамда Очилов ва Инжиниринг компаниясининг тақсимотига биноан, 2014 йилда “Камолот” уйлари қурилишида умуман қатнашмаган ташкилотларга ўзаро келишилиб, қонунга хилоф равишда бериб юборилгани баён этилган эди.

Бу мақола ортидан Олим Очилов ва унга қарашли ташкилотлар томонидан содир этилган қонунбузарликлар борасида бошқа нашрларда ҳам қатор мақолалар чоп этилган.

Собиқ ҳоким ўринбосари Олим Очиловга тегишли экани айтилган ва Нодир Очилов томонидан бошқарилаётган “Мега темир бетон” МЧЖ, шунингдек, қарийб 6 миллиард сўмга баҳоланган вилоятнинг Иштихон тумани кўчаларини ободонлаштириш, Каттақўрғон туманидаги 21 -сонли мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиш бўйича тендерларда ғолиб чиққан.

Очиқ харидлар порталидан яна бир қурилиш компанияси – “Иштихон Мега Строй” МЧЖ Олим Очиловга тегишли эканини кўриш мумкин.

Бу ташкилот 2016-2019 йилларда Самарканд Давлат университетига тегишли 9 қаватли ўқув корпусини таъмирлаш ва шаҳарда Конфуций боғини барпо этиш ишларида иштирок этгани маълум бўлди.

Озодлик “Мега темир бетон” МЧЖ билан боғланиб, тендер сохталаштирилгани ҳақидаги иддаоларга муносабатини сўради.

Ўзини Нодир Очиловнинг акаси Ҳусан Очилов деб таништирган ширкат вакили лойиҳани "танлов асосидаги тендер"да ютиб олганликларини таъкидлади:

- Тендер бўлган - биз ютиб олганмиз. Фақат лойиҳа, сметалари аниқ эмас. Аниқлик киритиб, ишни тўлиқ бошламоқчимиз. Ҳозир фақат ер ишларини бажаряпмиз, қурилишни бошлаганимиз йўқ. Тендер масаласида аниғини айтолмайман, чунки у онлайн бўляпти. Танлов ҳаммаси тендер асосида бўляпти, деди Ҳусан Очилов.

Чет тиллар институти биноси учун тендер масаласига аниқлик киритган “Мега темир бетон” МЧЖ бош муҳандиси Норбой Алиқулов қурилиш компанияси ташкилотчиси Олим Очилов бўлса-да, бошқарув унинг ўғли Нодир Очилов қўлида эканини айтди:

- Ҳеч бир қурилиш бугунги кунда Ўзбекистонда тендерсиз амалга ошмайди ва қурилишга бусиз рухсат берилмайди. Шу йилнинг 29 октябр куни тендерга 7 ташкилот қатнашди ва биз ғолиб деб топилдик. Лотимиз рақами 15184 эди. Биз олиб бораётган ишлар ҳаммаси шаффоф. Ташкилотимизга Олим Очиловнинг алоқаси йўқ - у одам пенсияга чиқиб кетганлар. Ташкилотни Америкада ўқиб келган Нодирбек деган йигит бошқаряпти.

Боғ ўрнида темир-бетон?

12 ноябрь куни олинган видеотасвирлардан Самарқанд Чет тиллар институти ҳовлисида “Мега темир бетон” ширкати номи остида қурилиш ишлари олиб борилаётганини кўриш мумкин.

Самарқанд чет тиллар институтида қурилиш ишлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:48 0:00

Қурилиш машиналари институт ҳовлисидаги парк ўрнида ер ковлаётгани тасвирга олинган.

Чет тиллар институтининг ўқув ишлари бўйича проректори Фазлиддин Рўзиқулов Озодлик сўровига салкам 12 миллиард сўмлик қурилиш лойиҳасининг нега айнан “Мега темир бетон” ширкатига берилганига изоҳ бера олмаслигини билдирди.

- "Мега темир бетон” деган МЧЖ қурилишни олиб боряпти. 12 миллиардлик сметаси ҳам аниқланган. Ташкилот Очиловга тегишлими-йўқми – ундан хабарим йўқ. Лекин тендерда қатнашиб, олган. Ҳозир подвал ковлаб, бетон қуйиш мумкинми-йўқми, геологоразведкачилар кўряпти. Қурилиш институтимиз территориясида бўляпти, дарахтлар йўқ, асфалтланган кичкина территориясида, - деди Фазлиддин Рўзиқулов.

Институт мулозими бу қурилиш лойиҳаси бўйича ўтказилгани иддао қилинган тендерда “Мега темир бетон” МЧЖдан бошқа яна қайси ташкилотлар иштирок этгани ҳақидаги саволга жавоб бермади.

Ўзбекистонда давлат лойиҳаларини тендерсиз олиш ёки тендер натижаларини сохталаштириш янгилик эмас. Шу йил апрелида Қурилиш вазири Ботир Зокиров Мустақиллик майдони ва Олий Мажлисдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари унинг яқин қариндошларига алоқадор «Трест-12» компаниясига тендерсиз берилганини тасдиқлаган. Қурилиш соҳасида тендерларни сохталаштириш ҳолатлари кенг тарқалганини шу йил бошида Жиззахдаги турар-жой биноси қулаши ортидан Президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам эътироф этган эди.

Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосари Акрам Раҳмонқулов "вилоятда қурилиш соҳаси раҳбарлигига ҳамда вилоят тендер комиссиясига таниш-билишларини қўйиб, улар орқали миллиардлаб бюджет маблағларини талон-торож қилиш"да айбланган”.

XS
SM
MD
LG