Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:12

Солиқ тизимида оммавий қисқартиш - бир ҳафтада мингдан зиёд ходим ишдан бўшатилди


Сўнгги бир ҳафта ичида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг мингдан зиёд ходими ўз ишидан ажради. Қўмитанинг Озодлик гаплашган айрим мулозимлари¸ яқинларгача камида 15 мингни ташкил қилган солиқчилар сонининг яқин ҳафталарда тенг ярмига қисқартирилиши мумкинлигини билдирди.

Озодлик билан шахси сир қолиш шарти билан гаплашган Солиқ қўмитаси мулозимларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида қўмита марказий аппаратининг 34 нафар, ҳудудий бўлимларнинг эса мингдан зиёд ходими “ўз аризасига бинаон” вазифасидан четлатилган.

"Марказий аппаратда 34 киши, жойларда ҳаммаси бўлиб 1165 инспектор ва раҳбар ходимлар қисқартиришга тушди"¸ деди Давлат солиқ қўмитасининг Озодлик билан 15 август куни микрофонсиз суҳбатлашган мулозими.

Солиқ тизимидаги ушбу қисқартишлар¸ расмийларга кўра¸ Ўзбекистон президенти қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

1 август куни имзоланган мазкур қарорга кўра¸ солиқ хизмати жами ходимлари сони 12 131 нафар, марказий аппарат бошқарувидагилар сони эса¸ 263 нафар этиб белгиланди.

Ўзбекистон солиқ қўмитаси тизимида бу қарорга қадар қанча ходим ишлаганига оид расмий маълумот йўқ. Озодлик гаплашган қўмита мулозимлари¸ бу рақамнинг камида 15 мингни ташкил этганини тахмин қилдилар.

Давлат солиқ қўмитаси бошқарувига яқин мулозимнинг Озодликка айтишича, президент қарорини ижро этиш жараëнида ходимлар сони тенг ярмига қисқартирилиши мумкин.

"Ҳозир талаблар кучайтирляпти. Ходимларни аттестациядан ўтказиш бошланган. Талабга жавоб бермайдиганлар кетади. Тенг ярмига қисқартирилиши ҳақида гап-сўзлар бор. Марказий аппаратда 293 ходим ишлаган бўлса¸ ҳозир 258 тага қисқарди, ҳудудий бўлимларда ҳам қисқартишлар бўлаяпти, яна бўлади, - деди Давлат солиқ қўмитасининг ўз шахси очиқланмаслигини сўраган мулозими.

Солиқ тизимидан бўшатилган ходимларнинг кейинги тақдири нима бўлиши ҳақда аниқ маълумот айтилмаяпти.

Озодликнинг солиқ тизимидаги манбалардан бирининг айтишича, бўшатилган ходимларнинг айримлари қўмита таркибида янги очиладиган бўлимларга жўнатилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 12 июлда ўтказилган видеоселекторда солиқ тизими ходимларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашишлари ва асоссиз текширувлар ўтказишини танқид қилар экан¸ яқин фурсатда Ўзбекистон солиқ тизимида жиддий ўзгаришлар бўлишини айтган эди.

Айни маўлисда Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев бу ҳолатни тан олиб, текширувлар тадбиркорликнинг ривожланишига ҳақиқатдан тўсқинлик қилишини айтган эди.

Солиқ қўмитаси раҳбари бу каби текширувларга чек қўйилиши, қонунга амал қилмаганларга нисбатан чора кўрилиши, тадбиркорлар эса қўллаб-қувватланишига ваъда берган эди.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасига 2004 йилдан буён генерал-лейтенант Ботир Парпиев раҳбарлик қилиб келади.

71 яшар Ботир Парпиев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига 1995 йилдан бери узлуксиз раислик қилиб келаëтган мамлакатдаги энг қудратли генерал - Рустам Иноятовнинг қудасидир.

XS
SM
MD
LG