Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:30

ССВда тозалаш: Эски вазир “командаси” ишдан ҳайдалмоқда


ССВга қарашли ташкилотларда Янги йилдан сўнг ҳам ишдан олишлар давом этиши тахмин қилинмоқда.
ССВга қарашли ташкилотларда Янги йилдан сўнг ҳам ишдан олишлар давом этиши тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) марказий аппаратининг 40 фоиз ходими ишдан бўшатилди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, бу ходимларнинг барчаси “ўз фаолиятида натижа бермаган" кадрлардир.

Вазирлик ишдан ҳайдалганлар сони ва улар ўрнини эгаллайдиган янги ходимларга оид маълумотларни очиқлаганича йўқ.

ССВдаги манбалар қайдича, ишдан олинаётганларнинг барчаси собиқ вазир Абдуҳаким Ҳожибоев “командаси”га тегишли одамлардир.

Вазирликни бир йил бошқарган Ҳожибоев жорий йилнинг 11 ноябрь куни ишдан олинган ва унинг ўрнига Солиқ қўмитасининг собиқ бошлиғи ва бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев тайинланган.

ССВнинг 40 фоиз ходими ишдан ҳайдалди

ССВ марказий аппарати ходимларининг 40 фоизи ишдан ҳайдалгани 14 декабрь куни вазирликнинг навбатдан ташқари Ҳайъат йиғилишида эълон қилинган.

Бу ҳақда хабар қилган ССВ матбуот хизматига кўра, вазирликнинг вазифасидан озод қилинган ходимлари “ўз фаолиятида натижа бермаган” кадрлар ҳисобланади.

Айни пайтда вазирлик бу кадрлар самарасиз ишласада, уларга қуйи бўғин тиббиёт муассасаларида ишлаш таклиф қилинганини ҳам яширмаган.

Вазирлик ўз хабарида ишдан бўшатилган ходимлар сони қанчалигини очиқламаган. Шунингдек, вазирлик хабарида ишдан олинганлар ўрнига кимлар қўйилиши ҳақида ҳам бирор маълумот йўқ.

15 ноябрь куни Озодлик бунга ойдинлик киритиш мақсадида ССВ мулозимлари билан боғланди. Бироқ улардан бу борада бирор маълумот олиш имкони бўлмади. Шундан сўнг Озодлик саволлари ССВ матбуот хизматига Телеграм орқали жўнатилди. Ҳозирча саволларга жавоб олинганича йўқ.

15 декабрда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тез кунда президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Ўзбекистон тиббиёти — Инсон қадри учун” мавзусида очиқ мулоқот ўтказажагини маълум қилди. Расмий хабарда мулоқотнинг аниқ куни айтилган эмас.

“Эски вазирнинг командаси ҳайдалмоқда”

СВВдаги манбага кўра, ишдан ҳайдалаётганларнинг барчаси собиқ вазир Абдуҳаким Ҳожибоев “командаси”даги одамлардир.

“Ҳожибоев вазир бўлган бир йил давомида тиббиёт тизимидаги барча лавозимларга ўзининг одамларини қўйганди. Вазир сифатида иш бошлаши билан пуллик лавозимларнинг 90 фоизини бўшатиб, ўзининг одамларини қўйган. Ўзи бир йил давомида Ҳожибоевга қарши норозиликлар тўхтамади. Чунки у 10-20 йиллик малакали мутахассисларни бўшатиб, малакасиз бўлсада, ўз одамларини қўйган. Улар фақат пул қиладиган одамлар эди. Мусаев фақат эски вазирнинг командасини ишдан бўшатяпти”, деди хавфсизлик сабаб исми очиқланмаслигини сўраган манба. У "пуллик лавозимлар" деганда нимани назарда тутганини очиқламади.

Тафсилотлардан хабардор манбага кўра, тиббиёт тизимида ҳали ишдан олишлар яна давом этади:

“Кеча 40 фоиз деб, камайтириб айтишди. Аслида Ҳожибоев командасини бутунлай йўқотишмоқда. Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бошқармасида ҳам Ҳожибоев қўйган ходимлар ишдан олиняпти. Янги йилдан сўнг соғлиқни сақлаш тизимидаги ўнлаб агентликлар, институтлар, ташкилотларнинг ҳаммасида Ҳожибоев даврида қўйилган раҳбарлар ишдан олинади. Кейинги ой тиббиёт тизимларида республика бўйлаб бўшатишлар бўлади”.

ССВ сайтидаги маълумотларга кўра, вазирнинг беш ўринбосари ҳам ҳозирча ўз ўрнида қоляпти. Улардан икки нафари собиқ вазир Ҳожибоев ишга келганидан сўнг ушбу лавозимга тайинланган.

Cоғлиқни сақлаш собиқ вазири Абдуҳаким Ҳожибоев Ўзбекистон касаба уюшмалари раҳбари ўринбосари лавозимига тайинланган.

ССВ: Тизимда муаммолар кўп

ССВнинг 14 декабрдаги йиғилишида мамлакатдаги тиббий хизмат сифати талаб даражасида эмаслиги таъкидланган.

“Кейинги пайтларда халқимизнинг тиббиёт соҳасидан норози эканлиги ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигига жуда кўп шикоятлар келмоқда. Чунки тизимда ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар кўп. Айниқса, аксарият ҳудудларда тиббий хизмат сифати ҳануз талаб даражасида эмас. Соҳада бюрократик тўсиқлар ва коррупцион ҳолатлар, афсуски, сақланиб турибди”, дейилади ССВ хабарида.

Расмий хабарда таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган 11 ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигига келиб тушган жами мурожаатлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 12 мингтага кўпайиб, 57 600 тани ташкил этган. Уларнинг энг катта қисми сифатсиз тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ шикоятлардир.

Бундан ташқари йиғилишда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ёмонлиги оқибатида сўнгги беш йилда юрак-қон томир хасталикларига чалиниш ҳолатлари 20 фоизга кўпайгани, мутахассислар малакаси етишмаслиги оқибатида диабетнинг оғир асоратлари – кўз, буйрак ва тўпиқ касалликлари бўйича республика муассасаларига мурожаатлар 10 фоизга ошгани қайд этилди.

Ушбу камчиликларда тизимдаги кадрларнинг нопрофессионаллиги сабаб қилиб келтирилган ва шу сабаб ССВнинг 40 фоиз ходимини янгилашга қарор берилгани айтилган расмий хабарда.

Мирзиёевга садоқатли “ҳисобчи”

Шавкат Мирзиёев президентликка иккинчи муддатга сайланишидан икки ҳафта ўтиб, кадрлар “рокировкаси”ни амалга ошира бошлади.

48 яшар Беҳзод Мусаев ҳам 11 ноябрь куни ССВга вазир этиб тайинланди.

Солиқ қўмитасининг собиқ бошлиғи ва бош вазир ўринбосари бўлган Мусаевнинг соғлиқни сақлаш вазири лавозимига ўтказилиши ижтимоий тармоқларда энг коррупциялашган тизимга оид навбатдаги нотўғри қарор сифатида танқид қилинди.

Мусаев тез орада ўз одамларини олиб келиб, тузилманинг вилоятдаги бошқармаларига ҳам ҳисобчи, иқтисодчи раҳбарларни қўяди, деган хавотирлардан бир ой ўтиб, ССВда оммавий ишдан бўшатишлар бошланди.

48 яшар Мусаевни шахсан таниганлар, қаттиққўл ва ҳисоб-китобга пухта раҳбар, дея олқишлаганди.

Айни пайтда Мусаев, Мирзиёевнинг садоқатли “ҳисобчиси” ҳамда ҳукуматнинг юқори бўғинларидаги коррупцион занжирнинг муҳим бўлаги, деган иддаолар ҳам илгари сурилган.


Беҳзод Мусаевнинг ўтмиши ҳам мунозарали. Озодлик манбалари 2011 йилда Мусаевнинг АҚШга қочиб боргани ва у ерда сиёсий бошпана олганини иддао қилишган.

Ҳокимият пиллапояларидан қисқа муддатда кўтарилган ва нисбатан ёш кадр бўлган Мусаев бу маълумотларни бирор марта изоҳламаган, бунга бошқа расмийлар ҳам аниқлик киритмаган. Ўтган ой ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов, Озодликка бу борада расман сўров юборишни тавсия қилган, Озодлик бу сўровга ҳануз жавоб кутмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG