Линклар

Шошилинч хабар
15 апрел 2025, Тошкент вақти: 09:28

Ташқи қарз: Ривожланиш учун имкониятми ёхуд келажак авлодлар гарданига юк?


2024 йилда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи рекорд даражага етиб – 64 миллиард доллардан ошди. Улар ҳақиқий иқтисодий ўсишга хизмат қиляптими ёки мамлакатни молиявий босимга олиб келяптими? Давлатга қарз олиш — ривожланиш учун зарур механизмми ёки келажак авлод гарданига юкми?

Қарзнинг катта улуши бюджет учун

2024-йил якуни бўйича Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 64,1 миллиард долларга етиб, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 55 фоиздан кўпроғини ташкил этгани ҳақида Марказий банкнинг шу йил 29 мартидаги ҳисоботида келтирилган. Сумманинг 33,9 миллиарди давлат қарзи, 30,2 миллиарди эса корпоратив қарздир.

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил 18 февралида ташқи қарзсиз ойлик ҳам бўлмаслигини, ўқитувчиларнинг маоши ошмаслигини таъкидлаган. Унинг сўзлари ташқи қарзнинг нақадар зарурлигини кўрсатишга қаратилган эди. Аммо бу баёнот таҳлилчилар ўртасида баҳс ҳам уйғотган: агар давлат ходимларининг маошлари, тиббиёт ва таълим харажатлари ҳақиқатан ҳам ташқи қарз ҳисобидан қопланаётган бўлса, демак, бюджет дефицити жиддий муаммога айланган ва мамлакат бу юкни ўз зиммасига олишга қодир эмас. Бу эса яна бир долзарб саволни кун тартибига қўяди: Ўзбекистон иқтисодиёти ташқи маблағларсиз қанчалик барқарор?

Ташқи қарз иккита асосий турга бўлинади: давлат қарзи ва корпоратив қарз.

Давлат қарзи. Бу – тўғридан-тўғри давлатнинг зиммасидаги қарз. Унга қуйидагилар киради:

  • Хорижий ҳукуматлардан олинган кредитлар;
  • Халқаро молия институтларидан олинган пуллар;
  • Давлат кафолати билан олинган қарзлар.

Бу қарзларни қайтариш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади, яъни бу қарз халқнинг, солиқ тўловчиларнинг масъулиятига тушади.

Корпоратив қарз. Бу – давлатга қарашли ёки хусусий компаниялар томонидан олинган қарз. Масалан «Ўзбекистон ҳаво йўллари», «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзбекнефтгаз» каби йирик давлат компаниялари.

"Дефолтга етаклаши мумкин". Ўзбекистоннинг ташқи қарзи "юқори суръатларда" ўсмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:39 0:00


Улар қарзни мустақил равишда олади ва уни қайтариш учун ўз фаолиятидан келадиган даромадга таянади. Яъни бу ерда давлат тўғридан-тўғри кафолат бермайди. Аммо реал ҳаётда муаммо шундаки, агар давлат компаниялари қарзни тўлай олмаса, унинг юки барибир давлат бюджетига тушиши мумкин. Шунинг учун ҳам ташқи қарз олиш сиёсати қанчалик самарали олиб борилаётгани муҳим масала ҳисобланади.

“Бутун жаҳонда шундай бўлинади, ташқи қарз умумий, унинг 80-90 фоизи хусусий секторда бўлади, 15-20 фоизи бюджетда бўлади. Лекин Ўзбекистонда бундай бўлиниш жуда сунъий. Чунки Ўзбекистондаги хусусий секторнинг ҳаммасининг акционерлари – давлат. Шунинг учун қарзнинг ҳаммаси давлатнинг қарзи деб ҳисобланади. Сабаби, кафилликни давлат берган” - дейди иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.

Расмий ҳисобга кўра, бир йил ичида ташқи қарз 10 миллиард доллардан ортиққа ўсганини кўрамиз. Бу сўнгги йиллардаги энг юқори ўсишдир. 2020 йили, коронавирус пандемияси даврида 9,2 миллиардга, 2023 йили эса 9,8 миллиардга ошган эди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисоб-китобига кўра, қарзнинг катта улуши, яъни 45 фоизи давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Қолган қисми ёқилғи-энергетика соҳаси, қишлоқ хўжалиги, транспорт, инфратузилма ва ижтимоий соҳаларга сарфланган. Сиёсатшунов Алишер Таксанов бунда шаффофлик муаммоси борлигини таъкидламоқда:

Алишер Таксанов
Алишер Таксанов

“Эътибор берсангиз, 2016 йилдан бери қарз деярли 10 баробарга ошган, тасаввур қиляпсизми? Каримов даврида у 6 миллиард доллар атрофида бўлган бўлса, ҳозир 60 миллиарддан ошган. Бу Ўзбекистоннинг ташқи манбаларга боғлиқлиги ортганини кўрсатади. Қарзнинг ярмидан кўпи – 33 миллиард доллари давлат кафолати остида олинган бўлиб, уни қайтариш мажбурияти бор. Қолгани эса хусусий корхоналар ёки давлат корпорациялари томонидан олинган. Улар давлат кафолатисиз қарз олади. Қарзлар қай даражада самарали ишлатилгани номаълум, чунки жараён шаффоф эмас. Буни фақат кейинчалик аниқ баҳолаш мумкин бўлади”.

Статистик маълумотлар 2024 йилда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи бўйича фоиз тўловларининг умумий миқдори 3,3 миллиард долларни ташкил этганини кўрсатмоқда.

Тошкентнинг кредиторлари кимлар?

Иқтисодчи Миркомил Холбоев ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг ортишини иккита омил билан боғлаган: қарзнинг ўзи ва дунёда фоиз ставкаларининг кескин ўсиши.

“Биринчидан, ташқи қарз ҳажми сўнгги йилларда юқори суръатларда ўсаётган бўлса, иккинчидан йирик иқтисодиётларда юқори инфляция сабаб фоиз ставкалари кескин оширилди. Яъни сўнгги йилларда қарз жалб қилиш қиммат бўлиши билан бирга, мавжуд қарз таркибидаги ўзгарувчан фоиз ставкали қарз қисми учун ҳам фоиз тўловлар кескин ошди. Хусусан, давлат қарзининг тахминан 40 фоизи ўзгарувчан фоиз ставкасида жалб қилинган (корпоратив қарз бўйича маълумот мавжуд эмас). Маълумот учун, бозор ставкаси 2021 йилда ўртача 0,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб 5,3 фоизга етган. Фоиз ставкасидаги бундай юқори ўсиш табиийки қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари кескин ўсишига олиб келади”.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг ташқи қарзининг асосий қисми, яъни 57 фоизи – халқаро молия институтларидан, 31 фоизи эса хорижий ҳукуматлардан жалб қилинган. Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки Тошкентнинг энг йирик кредиторлари бўлиб, улар умумий қарзнинг қарийб ярмини ташкил қилади. Хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотларидан эса Хитойнинг тараққиёт банки ва Хитой эксимбанкидан олинган қарзлар етакчилик қилади. Шу билан бирга, мамлакат халқаро инвесторлардан ҳам 4,1 миллиард доллар миқдорида маблағ жалб қилган.

Иқтисодчи Сапарбой Жубаев қарз олишни уч гуруҳга бўлади:

Сапарбой Жубаев
Сапарбой Жубаев

“Қарзлар асосан уч хил чет эллик инвесторлар беради. Биринчиси Жаҳон банки, Европа ривжланиш банки, Осиё ривожланиш банки, Ислом ривожланиш банки. Булар структура ўзгаришларига беради ва жуда самарадорли. Фоизи кам, 20 ёки 30 йилга берилади. Иккинчиси давлат банклари олган қарзлар. Бу ҳам самарадорли фойдаланилади. Чунки, иқтисодга, кредитга берилади ва қайтарилади. Учинчи гурух бор, улар давлат корхоналари. “Ўзбекнефтгаз” ва шунга ўхшаган давлат корхоналари бор. Буларнинг иши қийинроқ Чунки улар қарзлардан коммунал хизматларига кўп олади. Лекин бу корхлоналар самарали ишламайди, чунки қарзга ботган. Уларнинг қарзини бюджетдан тўлаймиз. Бу – муаммо”.

Ўзбек расмийлари ташқи қарз ҳажми мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли сонига нисбатан катта эмаслигини таъкидлаб келадилар. Маҳаллий нашрлар келгуси йилларда бюджетдан кредитлар фоизлари учун чиқимлар миқдори ортиб бориши кутилаётганини ёзмоқда. Жумладан, 2025 йилда давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловларига 21,1 триллион сўм, 2026 йилда 30,3 триллион сўм, 2027 йилда 33,8 триллион сўм йўналтирилиши прогноз қилинган.

Ташқи қарз иқтисодиётни ривожлантириш учун муҳим манба ҳисобланади, бироқ Ўзбекистонда унинг оқибатлари ва юклатилган мажбуриятлар жамоатчилик учун доим ҳам очиқ эмас.

5 йилда 6 баробар: Мирзиёев орттирган ташқи қарз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:53 0:00

Марказий Осиё давлатлари мисоли

Ташқи қарзни иқтисодий ривожланиш учун имконият дея ҳисобланган Марказий Осиё минтақасида бу масала жуда ҳам долзарб. Масалан, 2024 йил якунида Ўзбекистон ташқи қарзи 64,1 миллиард долларга етган бўлса, Қозоғистонники 165 миллиард доллардан ошиб кетди. Бироқ Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми Ўзбекистонникидан анча кўп. Шу боис, ташқи қарзнинг умумий ҳажмидан кўра, унинг ялпи ички маҳсулотига нисбатан улуши муҳим ҳисобланади. Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4,5 миллиард долларга етган. Тожикистон эса 3 миллиарддан кўпроқ сумма билан ҳудуддаги энг кам қарздор давлатлардан бири ҳисобланади.

“Марказий Осиё давлатлари тараққиёт йўлидан янги қадам ташлаётган, иқтисодий амбициялари бор давлатлардир. Шу боис улар учун ташқи қарзлар жуда муҳим. Уларсиз ривожланиш деярли мумкин эмас”, - дейди бишкеклик таҳлилчи Адил Турдуқулов.

Марказий Осиё мамлакатлари ташқи молиявий ресурсларга тобелик даражаси бўйича турлича ҳолатда. Қозоғистонда қарзнинг катта қисми хусусий сектор ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга тўғри келади. Ўзбекистонда эса давлат кафолати остидаги қарз ҳажми анча юқори, бу эса бюджет юкламасини ошириши мумкин.

Адил Турдуқулов ташқи қарз деганда Хитой таъсирини ҳам инкор қилиб бўлмаслигини таъкидлайди. Айниқса, минтақада Хитойнинг инвестициялари ва кредитлари катта улушга эга:

Адил Турдукулов
Адил Турдукулов

“Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё давлатлари Хитойдан ҳам кредит оляпти. Агар ялпи ички маҳсулот ҳажми билан солиштирилса, Хитойдан энг кўп қарз олган мамлакатлар Тожикистон ва Қирғизистон ҳисобланади. Қозоғистон ва Ўзбекистон эса бошқа давлатлар билан ҳам ҳамкорликка эътибор қаратмоқда. Хитойдан кредит олишнинг ижобий томони – муддати узоқ ва фоизи нисбатан пастроқ бўлади. Бироқ бунинг хавфли жиҳатлари ҳам бор. Агар қарз маблағлари инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилса, Хитой ўз ишчилари ва ресурсларини жалб қилади. Натижада бу маблағлар маҳаллий иқтисодиётдан кўра кўпроқ Хитой иқтисодиётига фойда келтирмоқда. Хитой барча минтақаларда айнан шу сиёсатни олиб бормоқда. Шунинг учун ташқи қарзлар қандай мақсадда сарфланаётганини назорат қилиш учун демократиявий институтлар ва оммавий ахборот воситалари кучли бўлиши керак. Шаффофликни талаб қилиш фуқаролик жамиятининг асосий вазифаларидан биридир”.

Ўзбекистон ҳукумати биринчи президент Каримов вафотидан кейингина ташқи қарз ҳақида маълумотларни очиқ эълон қила бошлаган. Лекин таҳлилчилар пулларнинг қандай сарфланаётгани ҳақида шаффофлик йўқлигини айтишади.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳақида гап кетар экан, асосий савол шунда: бу пуллар ҳақиқий иқтисодий ўсишни таъминлаяптими ёки кредитга қарам қилиб қўяптими? Бу масала ҳозирча баҳсли ва таҳлиллар давом этмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG